Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:41

Ўзбек киночиси Роcсиядаги “дангасалар" ҳақида буюртма фильм олди


Ажал жодуси филмидан сурат
Ажал жодуси филмидан сурат

Тошкентдаги Алишер Навоий номли кино саройида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ҳилол Насимов суратга олган “Ажал жодуси” фильми намойиш қилинди. “Ўзбеккино” агентлиги буюртмаси билан “Ватан” киностудиясида суратга олинган фильмда тўй қилиб, қарзга ботган оиладаги уч эркакнинг Россияга мардикорликка кетиб “жиноятчига айлангани” ҳикоя қилинган.

Кино тақдимотида сўзга чиққан Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов дунëдаги юзлаб мамлакатлар алғов-далғов бўлиб ëтганида Ўзбекистон тинч ва осуда эканига эътибор қаратди.

Мирза Азизов “тинчликни таъминлаëтган погонлилардан ҳар бир ўзбек миннатдор бўлиши” лозимлигини урғулади:

“Агар инсоф билан дунë харитасига қарасак, ман-ман деган мамлакатларда уруш олови ëниб, хунрезликлар авж олиб, ўн миллионга яқин одам бошпанасиз бир бурда нонга зор бўлиб, шаҳарма-шаҳар юрган бир пайтда, бутун дунëни иқтисодий инқироз қамраб олган бир пайтда юртбошимизнинг одилу оқил сиëсати туфайли жаннат каби муаззам мамлакатда яшаганимизга ҳар қанча шукр қилсак арзийди. Юртбошимиз сиëсатига лаббай, дея жавоб бериб, одилликни қарор топтираëтган ҳарбий кийим кийган ватанпарварлар меҳнатини қадрлаб, ҳар қанча кино қилсак арзийди”, деб таъкидлади Ўзбекистонда суратга олинган фильмларда салбий роллари билан танилган санъаткор.

Ўзбекистонлк киномунаққид Дилшодбек Самандаровнинг Озодликка билдиришича, жорий ҳафта Ўзбекистон кинотеатрларига чиқарилган “Ажал жодуси” фильми Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2013 йилда Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаганига жавобан суратга олинган.

“Ўзбекистон президентининг Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафарига бағишланган махсус кўрсатувда Ислом Каримов иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлар шарманда қилади ҳаммамизни, деган эди. Эсласангиз, ўша кўрсатувда юртбоши бунақаларни дангаса дейманки, катта пулни тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни, деган эди. Ана ўшандан кейин давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бу муаммони кино қилиш ҳақида кўрсатма берди. Бир неча сценарийлар ишланди. Сценарийлар ичидан Хосият Рустамовани сценарияси маъқул топилди. Бу сценария Ҳилол Насимов ҳаммуаллифлигида қайта ишланди ва шу асосда кино олинди. Кинода Ўзбекистондай гўзал давлатни қўйиб, Россияга борганларнинг ҳоли вой деган мессежни беради”, дейди киномунаққид.

Ўткир сюжетли драма жанридаги «Ажал жодуси» бадиий фильмини суратга олиш ишлари Тошкент вилоятининг Чорвоқ ва Сўқоқ ҳудудларида, шунингдек, Россия Федерациясидаги Бошқирдистон Республикасида амалга оширилди.

Озодлик билан қисқа суҳбатда режиссёр Ҳилол Насимов мазкур фильмдан қониққанини таъкидлади.

Насимовга кўра, фильмда “ноқонуний миграция ва унинг оқибатида юзага келадиган муаммолар – қонунни четлаб ўтган ҳолда, хорижий мамлакатга бориб, ноқонуний меҳнат муҳожирига айланган шахсларнинг машаққатли меҳнати, ҳуқуқсизликдаги оғир ҳаёти ва баъзан аянчли тугаётган қисмати ҳақида ҳаётий мисоллар асосида, таъсирчан йўсинда ҳикоя қилинади”.

Фильм тақдимоти куни тарқатилган пресс-релизда кинонинг ижтимоий аҳамияти урғуланади:

Дабдабали тўй қилиб, қарзга ботган оила аъзолари жиддий муаммога дуч келади. Оқибатда ота ва унинг икки ўғли пул топиш илинжида мавжуд қонун-қоидаларни четлаб ўтиб, ноқонуний тарзда хорижга ишлаш учун йўл олади. Аммо, улар ўзга юртда ҳуқуқсизликда яшаб, аянчли воқеаларни бошдан кечиришга мажбур бўлади. Ана шундай саргардонликлар оқибатида отанинг умри хазон бўлади. Фарзандлар олдида жиддий муаммо кўндаланг турарди: қандай қилиб отанинг жасадини Ватанига олиб кетиш мумкин?” дейилади пресс-релизда.

“Ажал жодуси” фильми сценарий муаллифи Ҳилол Насимов, постановкачи оператор Умид Маликов, бош ролларда эса Муяссар Бердиқулова, Ширин Исмоилова, Баҳодир Муродов, Шоҳруҳ ва Фотиҳ Насимовлардир.

Ҳилол Насимов бундан олдин ижтимоий муаммоларни акс эттирган “Тубанлик”¸ “Гумроҳлар” ва “Одноклассники” фильмларини ҳам суратга олган эди.

XS
SM
MD
LG