Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:53

Самарқанд учрашуви пайтида АҚШ Марказий Осиёга кўмак дастурини эълон қилди


Жон Керри минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан Самарқандда суратга тушмоқда.
Жон Керри минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан Самарқандда суратга тушмоқда.

АҚШ Давлат департаменти 1 ноябрь куни Марказий Осиёга кўмак янги дастурини эълон қилди. Иқтисодиёт, савдо, экология, сув, маориф ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни ўз ичига олган мазкур дастур давлат котиби Жон Керри Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан “С5+1” форматида учрашув ўтказаётган пайтда ёйинланди.

АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши сўнгани йўқ

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, АҚШ Марказий Осиё давлатлари суверенитети, фаровонлиги, барқарорлиги ва хавфсизлиги мустаҳкамланишининг ҳамда Янги Ипак йўли ташаббуси доирасида минтақавий иқтисодий алоқлар ривиожланишининг қатъий тарафдоридир

Давлат департаменти баёнотида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларига 8 миллиард 800 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатгани таъкидланган.

Озод Европа Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер Жон Керрининг Марказий Осиё сафарини шарҳлар экан, Вашингтон ҳақиқатан ҳам минтақага бўлган қизиқиши ҳали сўнмаганини яна бир карра эслатмоқда, деб ҳисоблайди.

- Вашингтон ҳар доим Марказий Осиёга қизиқиб келган. 2001 йил 11 сентябрда АҚШдаги террактлардан сўнг Вашингтоннинг минтақа давлатлари билан муносабатлари янги даражага кўтарилган эди. Жон Керрининг минтақага сафари бу муносабатларга янги мазмун бахш этишни кўзлаган. Менимча, муносабатлардаги янгиланиш 1990 йиллардаги мазмунга қайтади, - деди Брюс Панниер.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар 1991 йилда минтақа давлатлари мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва кўплаб молиявий иқтисодий ёрдамларни кўрсатган эди.

Сентябрь ойида Нью-Йоркда ва Самарқандда ўтказилган “С5+1” форматидаги учрашувлар “Марказий Осиё ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда жиддий олға силжиш” сифатида баҳоланган баёнотда.

АҚШнинг Марказий Осиёга кўмак янги дастури минтақа иқтисодиёти рақобатбардошлилигини кучайтиришга, Марказий Осиё савдо форумини ташкил этишга, Оролбўйидаги экологик вазиятни юмшатишга, сув, маориф ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни ўз ичига олган.

АҚШнинг Марказий Осиёга кўмак кўрсатиш янги дастурлари

Рақобатбардошлик, ўқитиш ва ишга жойлаш. Минтақа давлатлари иқтисодининг рақобатбардошлилигини оширишга қаратилган янги кўп йиллик дастур. Дастурда боғдорчиликнинг приоритетли секторларида экспортни кенгайтириш, транспорт ва логистикани ривожлантириш,бизнеснинг хорижий давлатлар, жумладан, Афғонистон ва Покистон савдо тузилмалари билан алоқаларини шакллантириш назарда тутилган. Дастурда янги иш ўринлари ташкил этиш ва ёшларни касбий малакасини ошириш режалаштирилган.

Марказий Осиё савдо форуми. Яқинда АҚШ Олмаотада 500 киши иштирокида бешинчи Марказий Осиё савдо форумини ўтказди ва яна бир нечта мана шундай форумларни ўтказишни режалаштирган. Форумнинг интерактив моҳиятидан келиб чиқиб, тадбир иштирокичлари сонини икки баробарга кўпайтириш ва ёшлар иштирокини ошириш назарда тутилган.

Иқлим ўзгаришига мослашув ва Оролбўйидаги экологик оқибатларни юмшатиш. АҚШ Жаҳон банкининг Марказий Осиёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ кўп йиллик ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва бу дастурда иштирок этиш учун бошқа ҳамкорларни ҳам таклиф қилади.

Сувдан оқилона фойдаланиш ( Инглизча вариантида Smart Waters- Ақлли сув дастури). Марказий Осиёдаги беш давлат ва Афғонистон учун мўлжалланган янги дастур. Мазкур дастурга асосан минтақадаги умумий сув заҳираларини бошқариш соҳаси мутахасислари тайёрланади. Лойиҳа Марказий Осиё учун минтақавий экология маркази томонидан амалга оширилади.

Марказий Осиёдаги Америка университети. 2002 йилдан бери АҚШ университетга кўмак йўналишида 30 миллион доллар ажратди ва бу ёрдамни давом эттиради. Ёрдам, жумладан, университетнинг барқарор ривожалнишини таъминлаш учун стипендиялар ва дастурлар тақдим этиш йўли орқали амалга оширилади.

(Озодлик маълумоти: Марказий Осиёдаги Америка университети Қирғизистон пойтахти Бишкекда 1997 йилда президент Аскар Акаев фармони билан ташкил этилган. Университетга АҚШ Давлат департаментидан ташқари миллиардер Жорж Сорос ҳам катта молиявий ёрдам кўрсатиб келади)

Касбий ва таълимий алмашинувлар. АҚШ Марказий Осиё вакиллари учун Fulbright дастури бўйича иқтисод, маориф, экология сиёсати ва бошқарув, халқаро алоқалар, журналистика ва оммавий коммуникациялар, ҳуқуқ, кутубхоначилик иши ва ахборот илми, давлат бошқаруви, соғлиқни савлаш, давлат сиёсати йўналишларида стажировкадан ўтувчилар сонини кўпайтиради.

Инглиз тили бўйича минтақавий ташаббус. Уч йилга мўлжалланган мазкур дастур Марказий Осиёда инглиз тили ўқитувчилари ва бу тилни ўрганувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Дастурда, жумладан, инглиз тилини ўқитишда инновацион усуллардан фойдаланиш, минтақага семинарлар ўтказиш учун 30 нафаргача бўлган америкалик мутахасисларни жўнатиш, ўқитувчилар ва дарсликлар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.

Маданий меросни сақлаб қолиш. Марказий Осиёдаги бой маданий меросни сақлаб қолишнинг муҳим эканини тан олган ҳолда, Қўшма Штатлар минтақ ҳукуматлари ва бошқа ҳамкорлар билан ҳамкорликда маданий меросни сақлаб қолиш лойиҳаларини молиялаштиришда давом этади.

"АҚШ минтақадаги сиёсатини белгилашда Ўзбекистон муносабатига қизиқади"

Қирғизистонлик сиёсатшунос Талант Кушчубеков Қўшма Штатлар бундан авваллари ҳам бу каби дастурларни эълон қилгани, бироқ минтақа давлатларидаги сиёсат туфайли дастурлардан кўзланган мақсадларга эришилмаганини айтди:

- Вашингтон бир қатор лойиҳаларни таклиф қилган. Масалан, Марказий Осиё давлатлари орасида савдо иттифоқини ташкил этиш ташаббусини эслайлик. Аммо бу ва бошқа иқтисодий лойиҳалар ҳеч қандай самарасиз якунланди. Бироқ АҚШнинг кўмагида минтақадаги фуқаролик жамияти оёққа туриб олгани ва ўзгаришлар бўлганини кузатиш мумкин, - деди Талант Кушчубеков.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарход Толипов Озодлик радиосига берган суҳбатида АҚШ минтақага яна қизиқиш билдира бошлаганинии намойиш этмоқда ва бундан минтақага сезиларли даражада сиёсий манфаатлар бўлади, деб ҳисоблайди:

- АҚШ Марказий Осиёга жиддий қараб, минтақавий ҳамкорликка ҳисса қўшиб, минтақавий ривожланишга, минтақавий хавфсизликка, минтақавий интеграцияга кўмак бериш нияти бор эканини намойиш этгандай бўлди, -деди Фарҳод Толипов.

Тожикистонлик сиёсатшунос Рашид Ғани Абдулло эса Вашингтонни Марказий Осиё биринчи навбатда Ўзбекистон тимсолида қизиқтиради ва АҚШ биринчи ўринда Ўзбекистонга эътибор қаратади, деб ҳисоблайди:

-Тожикистоннинг Қўшма Штатлар билан муносабатлари доим текис бўлиб келган. Бу муносабатларда Тожикистон Қирғизистон ёки Ўзбекистондан ўзиб кетишга ҳаракат ҳам қилган эмас. Ўзбекистон минтақада марказий ўринни эгаллагани учун Россия, Хитой, АҚШнинг асосий манфаатлари Ўзбекистон билан боғлиқ. Бу давлатлар минтақадаги сиёсатни белгилашдан олдин Ўзбекистоннинг муносабати билан қизиқади, -деди Рашид Ғани Абдулло.

XS
SM
MD
LG