Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Тошкентда хориждан борган 16 киши "Ҳизбут Таҳрир" аъзоси деб ушланди


Тошкентда "Ҳизбут Таҳрир"га аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслардан мусодара қилинган китоблар, ИИВ расмий сайтида чоп этилган сурат.
Тошкентда "Ҳизбут Таҳрир"га аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслардан мусодара қилинган китоблар, ИИВ расмий сайтида чоп этилган сурат.

Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилган 16 киши "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳининг "ашаддий тарафдори" деган гумон билан қўлга олинди. ИИВ тарқатган хабарда айтилишича, ушланганларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган ва қайтгач, оиласи, болаларини экстремистик ғояга бўйсунишга мажбурлаган. Тошкентлик фаоллар кейинги пайтда хориждан қайтганларни ҳибсга олиш ҳоллари кўпайётганини айтмоқда.

Расмий хабар

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада айтилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритган "Ҳизбут Таҳрир" аъзолари уйларидан катта миқдорда тақиқланган диний-экстремистик адабиётлар тўплами мусодара қилинган.

Вазирлик расмий сайтида эълон қилинган фотосуратларда ўзбек, рус ва араб тилларидаги диний китоблар суратлари акс этган.

Вазирлик хабарномасида айтилишича, қўлга олинган шахсларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган:

"Жами бўлиб экстремистик ташиклотнинг ашаддий тарафдори бўлган 16 шахс ушланди. Улар "Ҳизбут Таҳрир" диний экстремистик ташкилоти идеологиясини Тошкент шаҳри ва вилоятида тарқатиш билан шуғулланган. Ватанига қайтгач, хотини ва вояга етмаган болаларига мажбурий равишда экстремистик мафкурани сингдира бошлаган".

ИИВ айни иш юзасидан вазирликнинг Тергов бошқармаси дастлабки терговни олиб бораётгани, ҳибсдагиларга нисбатан жиноят иши очиш ёки очмаслик масаласи кўрилаётганини хабар қилмоқда. Аммо, хабарда ушланганларнинг шахси ва манзилига оид бирор маълумот берилмади.

Ушланганлар орасида қибрайликлар бор

Озодликнинг Қибрай туманидаги манбасига кўра, ҳибсга олинганларнинг бир нечаси шу туманда истиқомат қилади ва улар ўтган шанба-якшанба кунлари қўлга олинган.

"Менинг эшитганим шу. Россиядан ишлаб қайтишган экан. Ўзи бу ерда ҳам намоз ўқиб юришган, энди у ёғдан ашаддий ҳизбчи бўлиб қайтган, деб айтишяпти. Кимлигини, неча кишилигиниям билмайман, тўғриси. Лекин, назорат кучайиб қолгани сезиляпти. Гражданкада юришибдида, маҳалла оқсоқоллари ҳам айтишяпти", дейди исми сир қолишини истаган қибрайлик намозхонлардан бири.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган диндорлардан бири ушланганлар сони 17 киши экани, яна бири ундан ҳам кўплиги ҳақида эшитганини, аммо аниқ маълумот берилмаётганини айтди.

Озодлик бу хабарлар ортидан Ўзбекистон ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилояти ИИБ, Олмазор ва Қибрай туман ИИБга боғланди, аммо бирор расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Диндорларни ҳибсга олиш яна кучаймоқда

Тошкентлик фаоллар кейинги ойларда Ўзбекистонга хориждан қайтаётган меҳнат муҳожирлари, талабалар ёки шартнома асосида хорижда ишлаётганлар ортидан жиддий кузатув йўлга қўйилганини таъкидлаб келмоқдалар.

Бунинг асосий сабаби Сурия ва Ироқ ҳудудида дунёга келган ҳамда Ўзбекистонга қўшни Афғонистонда ҳам сони ортиб бораётган "Исломий давлат" террор ташкилотидан тарқалаётган таҳдиддир. Расмий рақамларга кўра, 200 нафар, норасмий манбаларга кўра эса 500 нафардан 1 ярим минггача ўзбекистонлик террор гуруҳи сафидадир.

Уларнинг Ўзбекистонга киришидан хавотир боис мамлакатга қайтаётган аҳоли устидан назорат кучайтирилганини тасдиқлаган тошкентлик маҳалла оқсоқолларидан бири суриштирувлар, айниқса, диндорлиги ташқи кўринишидан билиниб турган қатлам устидан кучайтирилганини айтди:

"Бизнинг Олмазор туманида ҳам Россияга бориб ишлаётганлар кўп масалан. Келганидан кейин қаерда ишлаган, кимлар билан ишлаган, нима қилган - сўраб-суриштириб турамиз. Энди кўряпсизку, ҳар хил оқимлар чиқиб кетган. Баъзилари Россияда ушланган бўлиб чиқяптида, шу оқимларга қўшилган, деб. Шахсан бизни маҳалладан унақа диндорлар йўқ, кетаётганлар орасидаю лекин, бошқа маҳаллалардан эшитяпмиз. Менам шу 16 кишини ушлашибди, деб эшитдим", деди Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг раиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Хориждан қайтганлар таъқиб қилинмоқда

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураззоқ Содиқов куч ишлатар тузилмалари ва маҳалла қўмиталари хориждан қайтаётган меҳнат мухожирлари ёки талабалар ортидан очиқдан-очиқ назорат ўрнатганини айтади:

- Тошкент шаҳрида қанақадир тадбирлар бўлаётгани кўриняпти. Менинг уйимнинг атрофларигача камераларни кўтариб келишди. 14 октябрь куни қўшниларим кўрибди. Формасизлар кўп, безномер машинада кузатиб юрганлар кўриняпти. Маҳалла қўмиталарининг ўзи ҳозирлик жосуслик идорасига айланиб бўлган. Назорат жуда кучли, - дейди Содиқов.

Фаолларнинг айтишича, айрим ҳолларда хориждан қайтганларнинг туман ИИБга профилактик суҳбатга чақирилиб, ўша кездаёқ ҳибсга олинаётгани кузатилмоқда.

ИШИД ғоясига илинганлар бор

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев сўнгги бир йил ичида вилоят бўйича Сурияга кетишга урингани аниқланган 5-6 йигитни шахсан билиши, улар устидан тергов ва маҳкама жараёнларини кузатганини айтади.

Унинг айтишича, қўлга олинганларнинг кўпчилиги Россияда ишлаб, ватанига қайтганлардир:

- Улар қўлга олинган пайтида терговда айбловни тан олишган. Сурияда жиҳод бўляпти, деб ишониганда. Мен қатнашган ишларда уларга шартли жазо берилди. Мана орадан бир йил ўтди, уларнинг фикри кескин ўзгарди. Сурияда "жиҳод", деган нарса ёлғонлигини билишди. Ақли бор одамга кўриниб турган ҳақиқатку бу, - дейди ҳуқуқ фаоли Озодлик билан суҳбатда.

Фаол Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот идоралари расмий рақамларни ошкор қилмаётган бўлса-да, ҳукумат диний қатлам устидан асосий тарғибот-назорат машинасига айланиб қолган масжид ва маҳаллалар орқали аҳолини Суриядан қайтаришга уринмоқда.

Ўтган ҳафтада Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 18 кишининг Сурияга кетганини аниқлагани маълум бўлди.

Айтилишича, бу шахсларнинг асосий қисми аввалига Россияга иш излаб кетган ва у ерда радикал диний гуруҳлар таъсири остида "Исломий давлат" сафига қўшилиш учун Сурияга кетган.

"Ҳизбут Таҳрир" ва "Исломий давлат"

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакатда қўлга олинаётган ва судга тортилаётган диндорларнинг кўпчилиги ҳануз "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланаётганини айтади.

Гуруҳга аъзоликда айбланаëтганлар устидан маҳкамалар 90-йиллардан бери тўхтамагани, аммо кейинги пайтларда гуруҳ аъзолари "Исломий давлат" террор ташкилотига ҳам алоқадорликда айбланаётгани айтилмоқда.

Гарчи, "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳи дунёда ҳалифалик қуриш ғоясини илгари сурса-да, ташкилот раҳбарияти "Исломий давлат"ни қувватламаслигини Сурия ва Ироқда ҳалифалик эълон қилинишидан кўп ўтмай эълон қилган.

Ташкилотнинг Буюк Британиядаги матбуот котиби Тожи Мустафо 7 октябрь куни ҳам ИДни террор ташкилоти, дея қоралаб, "Ҳизбут Таҳрир" аъзолари ИД томонидан ўлдирилгани таъкидланган навбатдаги баёнотни тарқатди.

Шунга қарамасдан аксар давлатлар, жумладан, Россия, Ўзбекистон ва Тожикистонда "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзолари очиқдан-очиқ "Исломий давлат" террор ташкилоти аъзоси, деб гумон қилинаётгани ва шу сабаб билан диндорлар қамоққа ташланаётгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG