Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Ўшда Юсуф Хос Ҳожиб, Алихонтўра Соғуний, Шавкат Раҳмон ва Алиқул хотирланди


Шоир Шавкат Раҳмон ижодига бағишланган кўргазма.
Шоир Шавкат Раҳмон ижодига бағишланган кўргазма.

Ўшда Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000, ўзбек адиблари Алихонтўра Соғунийнинг 130, Шавкат Раҳмоннинг 65 ҳамда қирғиз халқ адиби Алиқул Ўсмўновнинг 100 йиллигига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди. 28 октябрь куни бўлиб ўтган мазкур тадбирда Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ва адабиётсеварлар иштирок этди.

Мавлоно Румий номидаги халқаро илмий-маърифий жамғарма ҳамда Ўшда ташкил қилинган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхона уюштирган адабий кеча “Адабиёт дўстликни мустаҳкамлайди”, деб номланди.

Юсуф Хос Ҳожибнинг 1000, ўзбек адиблари Алихонтўра Соғунийнинг 130, Шавкат Рахмоннинг 65 ҳамда қирғиз халқ адиби Алиқул Ўсмўновнинг 100 йиллигига бағишланган мазкур кечада эликка яқин адабиёт муҳлиси иштирок этди.

Вафот этганига бир кам 20 йил бўлган ўшлик ўзбек шоири Шавкат Раҳмон ҳақидаги хотиралари биланновқатлик шоир Абдул Ҳамид ўртоқлашди:

- Шавкат ака Новқатга борганида байрам арафаси экан. Икки-учта йигит ўтирган экан. Чамамда, биронта шиша-пиша қўйишиб олган бўлса керак-да, олдидан бир чол ўтиб қопти. Ҳалиги чол ўша одамларга қараб “ўўў кимни ўғлисан”, деса ҳалиги ўтирганлар қочиб кетибди. Чолни хурмат қилганидан: “Мен кимлигимни таниб қолмасин”, деб дастурхонини ташлаб қочиб кетишган экан. Шавкат ака шу воқеани эслаб: “новқатликларни шунинг учун ҳурмат қиламан”, деб айтарди. Шавкат ака, жойлари жаннатда бўлсин, жуда буюк одам эди. Телефонда гаплашсак ҳам қандайдир бир салобатли гапирар эди. Андижонликлар Тошкентга борса, кўпроқ Шавкат акага бориб мурожаат қиларди, - деди Абдул Ҳамид.

Адиблар ҳаёти ва ижодига бағишланган кечада сўзлаган адабиётшунос олим Равшанбек Турсунов адиблар ижоди ва фаолияти тўғрисида гапирар экан, таваллудининг минг йиллиги нишонланаётган адиб Юсуф Хос Ҳожибни дидактика ва панд насиҳат таълимининг отаси дея баҳолади:

- Хослик Юсуф Хос Ҳожибдан бошланган. Ўзига хос одам, ижодкор, адабиётчи деб қўямиз. Демак, Юсуф Хос Хожибда ҳам ўзига хос алломалик, талант, иқтидор борлигини Тавғач Бўғрохон унга Хос Хожиб деб унвон берганлигидан кўрамиз. Юсуф Хос Ҳожибнинг ижоди бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Сабаби султонлар, ҳукуматни бошқараётганлар учун биринчи ақл, иккинчи илим, кейин адолат зарурлигини ҳозирги кундаги султонларга ҳам уқтириб ўтиш керакмикин, деган фикр бор. Шуларнинг ҳаммаси жамланганидан кейин хукуматни, сиёсатни тўғри бошқара олишқобилияти шакилланармикин, деган нарса йўқ эмас, - дер экан Равшанбек домла Юсуф Хос Ҳожибнинг сўз ва тил одобидан ўрнак олиш кераклигини қўшимча қилди.

Тадбирда нутқ сўзлаган ўқитувчи, Алиқул Ўсмўнов шеърларини қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилган Феруза Мамашаева ўзбек адиби Шавкат Раҳмон ҳамда қирғиз халқ шоири Алиқул Ўсмўнов ижодлари эгизак поэзия марваридлари эканини айтди:

- Қўй йиғлама оғрийди бошинг,

Бизлар бахтли бўлмоғимиз шарт.

Ёмон бўлар агар кўз ёшинг

Тугаб қолса келгунича бахт.

Кўз ёшингни сочма тунларга,

Асра жоним яхши кунларга, деб Шавкат Раҳмон айтган.

Алиқул Ўсмўнов эса:

- Хайр севгим, ҳар яшарда ялинма,

Мени эслама, мени кутма, соғинма.

Ёш кезлардай қайноқ севги йўқ экан,

Ўттиз ёшдан ўтиб қолган чоғингда,

деб ёзади. Бугунги ёшлар, бугунги шеърият мухлислари эслар эканмиз, демак, буларнинг ҳаёти мангуликдир, -деди Феруза Мамашева.

Тадбир ташкилотчилари ушбу тадбирни уюштиришдан мақсад ўзбек ва қирғиз халқи дўстлигини мустаҳкамлаш, улуғ инсонларни хотирлаш, ёшларнинг илим, билим ва маданиятга ҳамда китобга бўлган қизиқишини ошириш эканини айтишди.

XS
SM
MD
LG