Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:26

Марғилон шаҳридан 18 кишининг Сурияга кетгани аниқланди


Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 18 кишининг Сурияга кетганини аниқлаган. Шаҳардаги манбаларнинг Озодликка билдиришича, прокуратура шаҳардаги жоме масжидлари имомларидан аҳолини огоҳлантиришни талаб қилмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, кетганларнинг кўпчилиги Галатой маҳалласидаги бир оиланинг аъзосидир.

Шаҳарда истиқомат қиладиган уч норасмий манба Озодликка бу борада йўлланган хабарни тасдиқлади.

Улардан бири - 53 яшар қурувчи уста Ҳакимжон аканинг айтишича, 3 ҳафта муқаддам шаҳар прокуратураси, ИИБ, ҳокимият ва Маҳалла қўмиталлари кенгаши раҳбарияти барча масъул шахсларни ҳокимиятга йиғиб, Галатой маҳалласидаги аҳволни муҳокама қилган.

"Мажлис қилишиб, ўша Галатойдаги оиланинг видеосини кўрсатишибди. Менга қатнашган биттаси айтиб берди. Оилани фамилиясини сўрамабман, тўғриси. Битта ўғли ўша ерда ўлибди. Яна нечтаси ўша ёқларга кетиб, йўқмиш. 18 киши, дейишибди. Энди кўпчилиги битта оиланда экан-да, тушунишимча-да, қариндош-уруғ экан", деди Ҳакимжон ака.

Шаҳарда истиқомат қиладиган фаоллардан бири ҳам Озодлик билан суҳбатда масжиддан эшитгани бу хабарни Галатой маҳалласида турадиган дўсти орқали суриштирганини айтди.

"Мен ўзи ўша маҳаллада яшайдиган бир дўстимиздан шахсан сўрадим. Ким булар, нима бўлди, деб. Ўша Галатойда битта оила бор экан, шу қариндош-уруғини ичидан бир қанчаси кетган экан оиласини олиб. Яна қанчаси кетамиз, деб турганда прокуратура билиб қолиб, қўлга олибди. Бир қанчасини устидан суд ўтди, қамашдиям, деб айтишди", деди исмини ошкор қилишни истамаган марғилонлик фаоллардан бири.

Марғилонлик яна бир намозхон Зоиржон ака шу кунда Галатой маҳалласи жоме масжидлари имомларининг оғзида эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, шаҳарнинг яна бошқа маҳаллаларидан Сурияга кетиб қолган ёки кетиб қолаётганлар ҳақида маълумотлар бор:

"Мен ўзим 30 ёшга кирмаган бир яхшигина укахонни танирдим. Яхши иши бор эди. Шу бола Сурияга кетибди. Аниқ дейишяпти. Бир ойча бўлиб қолди, кўринмаяпти. Прокуратура қидираётган экан. Энди яхшимас-да шунақа ишлар, у ёқларда нима бор? Мусулмон мусулмонни қираётган бўлса, сал ақли бор одам тушуниб турибдику! Масжидларда шуни айтишаяпти тинмай", дейди Зоиржон ака.

Озодлик шаҳарликлардан олинган бу маълумотлар юзасидан маҳаллий расмий ташкилотлардан бирор қўшимча тафсилот олишга муваффақ бўлмади. Шаҳардаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ўзини таништирмаган ходими Галатой маҳалласидан Сурияга кетган ва кетишга уринганлар бўлганини тасдиқлади, аммо қўшимча маълумот бермади: "У Галатойдагилар жуда ваҳима бўлиб кетдику, ҳокимиятларда кўрсатишиб уларни. Энди ҳозир ҳаммамиз шу балодан аҳолини огоҳлантириб ётибмиз. Аҳмоқлар бор-да, кўрмайсизми энди?!"

(Айни пайтда Озодлик Марғилон шаҳридан олинган бу маълумотларга оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг!)

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев сўнгги бир йил ичида вилоят бўйича Сурияга кетишга урингани аниқланган 5-6 йигитни шахсан билиши, улар устидан тергов ва маҳкама жараёнларни кузатганини айтади. Унинг айтиши, қўлга олинганлар ўша кездаёқ Сурияга бориш ниятида бўлганини тан олган.

Фаол Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ тартибот идоралари расмий рақамларни ошкор қилмаётган бўлса-да, ҳукумат диний қатлам устидан асосий тарғибот-назорат машинасига айланиб қолган масжид ва маҳаллалар орқали аҳолини Суриядан қайтаришга уринмоқда.

Қуйида инсон ҳуқуқлари фаоли билан суҳбатни тингланг.

Абдусалом Эргашев: Фарғонада Сурияга кетишга уринганлар устидан маҳкамаларда қатнашдимор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG