Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:23

“Оҳангаронцемент” Олий Хўжалик суди устидан Бош прокурорга арз қилди


Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамиятини 2009 – 2014 йиллар учун қўшимча солиқ тўлашга мажбурловчи ҳукм чиқарди.

Корхона вакилининг Озодликка айтишича, “Оҳангаронцемент” қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш учун, Олий Хўжалик судига протест келтиришини сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилган.

Таҳлилчилар фикрича, “Оҳангаронцемент”нинг солиқ можароси бу корхонанинг парда ортида назорати мамлакат ҳокимиятидаги бир гуруҳдан бошқа гуруҳга ўтаётгани аломати бўлиши мумкин.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамиятидан 2009 – 2014 йиллар учун ортиқча фойда солиғи ва бу солиқ ўз вақтида тўланмагани учун пеня ундирилишини қонуний, деб топди”, деб хабар қилди Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги корхонанинг душанба кунги хабарномасига таяниб.

“Оҳангаронцемент”ни бош офиси Москвада жойлашган “Евроцемент груп” холдинги назорат қилади. Холдинг матбуот хизмати Озодликка “Оҳангаронцемент”га оид янгиликни тасдиқлар экан, қўшимча шарҳ беришни истамади.

Корхона вакили нима деди?

“Оҳангаронцемент”нинг ўзини таништиришни истамаган вакили Озодликнинг “Наҳотки, 2009 йилдан бери солиқ тўламагансизлар?” деган саволига жавобан мана бундай деди:

- Гап "ортиқча фойда солиғи", деган солиқ устида кетаяпти. Илгари бундай солиқ олинмас эди. Кейин пайдо бўлган. Буни билардик ва тўлаб келаётган эди. Лекин ортиқча фойда солиғини ҳисоблаб чиқишнинг биз қўллаган методикасини нотўғри, деган хулосага келишган. Текширувчилар бошқа методика билан ҳисоблади. Шунинг учун биз Бош прокуратурага шикоят қилдик, деди “Оҳангаронцемент” вакили.

Унинг айтишича, "корхона шу кунда ишлаяпти, солиқлар тўланмоқда, хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда”.

Кўрсаткичлари яхши завод

“Евроцемент груп” холдинги расмий сайтида 9 сентябрь куни мана бундай хабар эълон қилинган:

“Евроцемент груп” холдинги таркибидаги “Оҳангаронцемент” корхонаси 2015 йил августи натижаларига кўра, ишлаб чиқаришнинг асосий кўрсаткичлари бўйича ишончли ўсишни намойиш қилди. Ҳисоботи чиқарилаётган ойда корхона 164 000 т. Цемент ва 127 205 т. клинкер (цемент яримфабрикати) ишлаб чиқарди”

Бироқ “Оҳангаронцемент” хабарномасида айтилишича, Олий Хўжалик судининг қарори корхона ютуқларини йўққа чиқариши мумкин.

“Қабул қилинган қарор цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдасининг шакллантирилиши масаласида ҳуқуқий меъёрларни тадбиқ этиш амалиётини жиддий ўзгартиради, завод зиммасига қўшимча солиқ юки юклайди, корхонанинг сармоя ётқизиш имкониятларини торайтиради, корхонани модернизациялаш лойиҳасини амалга оширишни таҳдид остида қолдиради”, дейилган “Оҳангаронцемент” хабарномасида.

“Оҳангаронцемент” билан Олий Хўжалик суди ўртасида пайдо бўлган муаммо бу корхона атрофида кейинги йилларда пайдо бўлган гап-сўзларнинг навбатдагисидир.

Шунинг учун вазиятни тушунтириб беришини сўраб Астанадаги Евроосиё университети доценти, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаевга мурожаат қилдик.

Ортиқча фойда солиғи

Иқтисодчидан, аввало, ортиқча фойда солиғи нималигини сўрадик.

Унинг айтишича, корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг бозордаги нархи сезиларли ёки кескин кўтарилиб кетганида ҳукумат аввал белгилаб қўйилган фойда солиғидан ташқари қўшимча солиқ – ортиқча фойда солиғи жорий этиши мумкин. “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ вазиятни шундай тушунтириш мумкиндир, дер экан, Сапарбой Жубаев масаланинг муҳим жиҳатига эътиборимизни қаратди.

Коса тагидаги нимкоса

- Бу ердаги масала иқтисодий масала эмас. Солиқ қўмитасига савол берса бўладику, барака топкурлар, 2009, 2010, 2011 ва ҳоказо йиллар ҳисоботини кўрмаганмидинг? Нега энди ортиқча фойда солиғи тўғрисида бугун гапириб қолдинг? Масала шунда, деди Сапарбой Жубаев.

Таҳлилчи фикрича, “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ можаро унинг парда ортидан назорат қилувчи бир гуруҳдан бошқа гуруҳ қўлига ўтаётгани аломати бўлиши мумкин.

- Мамлакат президенти атрофидаги бир гуруҳ шу пайтгача “Оҳангаронцемент”нинг фойдасидан фойдаланиб келган бўлса, бугунга келиб энди бошқа бир гуруҳ кучлилик қилиб, корхонанинг қандайдир бир қисмини сотиб олиш мақсадида шу можарони чиқарган бўлиши мумкин, бошқа нима ҳам дейиш мумкин, деди Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев.

Яқин ўтмиши Президент қизига бориб тақаладиган корхона

Маълумотларга қараганда, “Оҳангаронцемент” мамлакатдаги цемент ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлиб, 2006 йилдан бери “Евроцемент груп” холдинги таркибидадир.

2013 йилнинг ёзигача Россия ширкатининг “Оҳангаронцемент”даги ҳиссаси 83.91 фоизни ташкил этар эди. Ўша йилнинг 1 августида "Евроцемент” мазкур завод акцияларининг мутлақ ҳаммасини сотиб олиш ниятини эълон қилган.

"Евроцемент" “Оҳангаронцемент” акцияларининг дастлабки 75%ини 2006 йили Гулнора Каримовага тегишли деб ишонилган "Zeromax" компаниясидан сотиб олган эди.

XS
SM
MD
LG