Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Рашод қори Камолов 5 йилга қамалди


Рашод қори Камолов Ўшдаги маҳкама мажлисида, 2015 йилнинг 24 феврали.
Рашод қори Камолов Ўшдаги маҳкама мажлисида, 2015 йилнинг 24 феврали.

Камоловнинг адвокатлари судда унга нисбатан қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаганинива суд қарори юзасидан юқори инстанцияларга мурожаат қилишларини айтмоқда.

Камолов адвокати Ҳусанбой Солиевнинг Озодликка айтишича, аввалги маҳкамаларда келтирилган имомнинг айбсизлигини тасдиқловчи далиллардан биронтаси ҳам инобатга олинмаган. Солиев, агар прокуратура ёки адвокатлар суднинг 7 октябрдаги қарори юзасидан 10 кун ичида юқори инстанцияларга арзланмаса, Рашод Камолов яқин кунларда озодликка чиқиши мумкинлигини айтади:

- Агарда ҳеч ким арзланмаса, бу киши колонияга жўнатилади. Колонияда қолган муддатини ўтайди. Колония посиления беришди. Ўшдами, Қизилқиядами - қаерга юборишса, ўша ёққа кетади. Буни ГУИН (Жазони ўташ бош бошқармаси – таҳр.) ўзи белгилайди. Лекин бу ҳам қамоқ. Унинг шартлари бўйича бирон-бир ишга ўрнашиб, ишлаб юравериши мумкин, лекин назорат остида бўлади. Ишламаса, колонияда жазо ўтайди. Бу кишининг СИЗОда ўтирган 8 ойининг 1 куни 3 кунга ҳисобланса 2,5 йил ўтирган бўлади, - дейди Ҳусанбой Солиев.

Рашод қори Камолов аввалига уч эпизодда ва ҳар бирида икки модда бўйича - “Ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда диний адоват қўзғаганлик”, “Оммавий тадбирлар ўтказиш чоғида экстремистик материалларни тарқатганлик” кабиларда айбланган эди.

Суд жараёнида муфтият ҳужжатларида Камоловни Қорасув шаҳридаги “Ас Сарахсий” масжидига имом этиб тайинлаш тўғрисида буйруқйўқлиги аниқланган. Қорасув туман суди раиси Қўйчубек Жўбўнов буни инобатга олган ва айбловдан “ўз лавозимини суиистеъмол қилганлик” қисмини олиб ташлаган.

Давлат қораловчиси Азам Сативалдиев суддан Камоловни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган:

- Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 59-моддаси 1-қисмига асосан белгиланган жазолари енгиллатилиб, маълум бир лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинсин. Жазони кучайтирилган тартибда ўтасин, - деди давлат қораловчиси Сативалдиев.

Имомнинг адвокатлари Қорасувдаги суд бу каби айблов юзасидан ўтказилган маҳкамалар орасида энг узоқ кўрилган ҳолат эканини айтишади. Уларга кўра, Рашод қори иши бўйича 4 ой давомида 17 та маҳкама бўлиб ўтган. Имомга нисбатан очилган жиноий иш 5 жилдни ташкил этган.

Рашод Камолов ўзига нисбатан қўйилаётган айбловларни сиёсий буюртма ўлароқ баҳоламоқда. Кечаги маҳкамадаги сўнгги сўзида ҳам Камолов қуйидагиларни айтган:

- Менга нисбатан жиноий ишни сиёсий буюртма, деб ҳисоблайман. Бунга эътибор қаратишингизни сўрайман. Сабаби, менга қарши кўрсатма берганларнинг барчаси давлат органлари вакиллари. Уларнинг орасида биронта ҳам холис одам йўқ. Буларнинг ҳеч қайсиси холис эксперт эмас, буларнинг ҳаммаси давлатнинг айтганини қилувчи экспертларнинг экспертизаси. Холис экспертлар хулосасини инобатга олиб, Қирғизистон Конституцияси бўйича ҳар бир фуқаронинг диний эркинлик ва ўз фикрини айтиш ҳуқуқларидан фойдаланган фуқаро сифатида мени тўла оқлашингизни ва жиноий ишни тўхтатишингизни сўрайман, - деди Рашод қори Камолов.

Чоршанба куни бўлиб ўтган сўнгги маҳкамада адвокатлар кечки соат 19 гача суд қарорини кутиб, суд залида ўтиришган. Ҳукмнинг муқаддима қисми 1,5 соатдан кўпроқ вақт давомида ўқилгач, адвокатлар суд раисидан вақтни ҳисобга олган ҳолда, фақат якунловчи қисмини ўқишни сўрашган.

Ҳукмнинг хулоса қисмидан Рашод қори 5 йилга кесилгани, шунингдек, 3 йилгача масжидда имомлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, қорасувлик имом Рашод Камолов шу йилнинг 9 феврал куни қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG