Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Волгоград талабалари пахта теримига жўнатилди


Волгоград Давлат Аграр Университети олимлари совуқ шимолий иқлимга махсус мослаштирилган пахта навини етиштирди. Россиялик селекциячилар Тошкент Аграр олийгоҳи мутахассислари билан ҳамкорликда Волгоградда 15 гектар ерга эккан пахтани университет талабалари ёрдамида теришни бошлади. Лойиҳа ташаббусчиларидан бири Волгоград Давлат Аграр Университети профессори Ойбек Кимсанбоев ўз режалари билан ўртоқлашар экан, Россия пахта ишлаб чиқариш соҳасида яқин келажакда Ўзбекистон билан рақобат қила олмаслигини Озодликка гапирди.

Волгоград Давлат Аграр Университетининг бир гуруҳ талабалари Волгограднинг Горная Поляна туманига пахта теримига жўнатилди.

Гап шундаки, уруғчилик ва селекция бўйича бўлажак мутахассислар университетнинг 15 гектар тажриба далаларига экилган янги совуққа чидамли пахта нави ҳосилини йиғишга келган”, дейди Озодликка бу ҳақда гапирган Волгоград аграр университетининг “Боғдорчилик, селекция ва уруғчилик” кафедраси профессори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ойбек Кимсанбоев.

Волгоградда етиштирилган пахта
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

У буни ўзбек ва рус олимларининг узоқ йиллар давомида олиб борган ҳамкорлиги натижаси эканини таъкидлади.

- Аслида Россия империясининг жанубий вилоятлари – Херсон, Одесса, Астрахан, Колмиқистон, Волгоград (ўша пайтда Царицино)да пахта экиб келинган. Совет Иттифоқи тузилганидан кейин пахтани секин-аста Марказий Осиёга кўчиришган - Россия текстил саноати учун хом-ашё етиштирадиган ҳудудлар ташкил этилган. Иттифоқ парчаланиши ортидан хом-ашё етиштирадиган давлатлар мустақил бўлиб кетган, Россия текстил комбинатлари қийин аҳволда қолган. Рус олимлари ўтган 24 йил ичида селекция соҳасида ишлаб келишган, аммо натижалар деярли бўлмаган. 2006 йилда Волгоград Аграр университети Тошкент Аграр университетидан шу йўналишда ёрдам сўраган.Селекция жараёнида бизнинг асосий мақсадларимиз ҳам белгиланди: пахта етиштиришнинг энг шимолий нуқтасини аниқлаш, шу ҳудудда совуққа чидамли навини яратиш ҳамда келажакда уни ишлаб чиқаришга таклиф қилиш, деди профессор Кимсанбоев.

Олимнинг фикрича, сўнгги 10 йиллик изланишлар жараёнида икки университет мутахассислари 20-30-га яқин янги лойиҳаларни яратган, аммо юқорида зикр этилган мақсадларгина асосий деб ажратилган.

У Горная Поляна далаларида 2015 йилда ўзоқ йиллик селекция давомида ажратиб олинган навлардан бири ишлаб чиқариш синовларидан ўтказилаётганини маълум қилди. Волгоград университети вакили сўзларича, экилган майдондаги пахтанинг ҳосилдорлиги ҳар бир гектардан 25-30 центнерни ташкил этди.

Ойбек Кимсанбоев янги етиштирилган пахта ўта тез муддатда етилиши ва 4 типдаги толага, яъни ҳар бир тола узунлиги экспертлар томонидан 37-38 микронейрга эга эканини очиқлади.

У ҳукумат аввалига бу тажрибага шубҳа билан қараганини, кейинчалик натижалар пайдо бўла бошлаганидан кейин катта қизиқиш билдира бошлаганини айтди:

- 24 йилдан бери ҳеч қандай натижа бўлмаганидан кейин Россия ҳукумати бу тажрибаларга скептик тарзда қараган. Натижа пайдо бўлганидан кейин Россиянинг ўзидан жуда кўплаб олимлар келиб, механизация, мелиорация, деҳқончилик масалаларини бирга ўрганишни таклиф этяпти, қизиқиш жуда катта! Лекин объектив гапириш керак... Шимолнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Суғориш масаласи жуда оғир – демак биз чанқоқликка чидамли нав етиштиришимиз керак. Шу билан бирга тола сифати юқори бўлиши шарт, биз келажакда ички бозор талабларини қондиришни мақсад қилиб қўйдик. Бу навга кўплаб олимлар меҳнати сингган, - деди Ойбек Кимсанбоев.

Селекциячи олим ҳозирда янги навга берилиши керак бўлган ном устида ҳам бош қотирилаётганини кулиб гапиради.

Олимнинг фикрича, ҳозирча ПГСХ-1 (“Прикладная генетика, семеноводство и генетика хлопчатника”- таҳр.) деб номланаётган совуққа чидамли пахта нави теримига жалб этилган аграр факультети талабалари пахта билан бевосита далада танишишлари керак.

- Биз бари бир механизация йўлига ўтишни мақсад қилиб қўйганмиз, ҳозирча эса уни қўл билан териш каби Ўзбекистонда қўлланилаётган пахта етиштириш маданиятини қўллашга тўғри келади, буни тан олиш керак. Лекин сифатли тола, талабларга мос тола айнан қўлда терилганидир. Лекин биз Ўзбекистонга рақобат қилувчи ишлаб чиқариш яратишни ўзимизга мақсад қилиб қўйганимиз йўқ. Қолаверса, соғлом рақобатнинг ёмон тарафи йўқ! Яқин келажакда Россия Ўзбекистон билан пахтачилик бўйича рақобат қила олмаслигини мутахассис сифатида гапирмоқчиман, - деди суҳбатдош.

Профессор Кимсанбоев жаҳон бозорида сўнгги йилларда табиий пахтага бўлган талаб пасайиб бораётгани, текстил ишлаб чиқарувчи компаниялар синтетик толаларнинг янги ва янги кўринишларини яратишга катта куч ва маблағ сарфлаётганига қарамасдан, пахтанинг янги навларини яратиш фан учун ўта муҳимлигига эътибор қаратди.

Домла Ойбек Кимсанбоев яқин келажакдаги режалари билан ҳам ўртоқлашди:

- Ерни кенгайтириш масаласи қўйилган. Агарда келажакда Россия ҳукумати қизиқса лойиҳа давом этади. Биз ўз мақсадларимизга ҳозирча эришдик: ўрта толали пахтанинг шимолий нуқтасини аниқлаб бердик. Энди ишлаб чиқаришга тақдим этиш қолди. 25 ёшда бўлганимда “У қилворамиз! Бу қилворамиз!”, дейишим мумкин эди. Кўрамиз, балким кейинги йил сиз билан бу йўналишда суҳбатлашишга имконият бўлар, балки бошқа йўналишда кетармиз. Мана ҳозир мева-сабзавот экинлари уруғчилигини ривожлантириш масалалари таклиф этиляпти. Хуллас, йўналишлар кўп, - деди “Боғдорчилик, селекция ва уруғчилик” кафедраси профессори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ойбек Кимсанбоев.

Профессор Ойбек Кимсанбоев билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:38 0:00
Бевосита линк

Жорий йилнинг апрель ойида Селекция натижаларини синаш ва ҳимоялаш бўйича Россия Федерацияси Давлат комиссиясига Волгоград Аграр университети номидан “пахта етиштириш” бўйича талабнома юборилди.

XS
SM
MD
LG