Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Тошкентда бўлажак дипломатлар муштлашди


23 сентябрь куни Тошкентда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувда бир киши жароҳатланди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, жанжал ўқувчиларнинг бир-бирига лақаб қўйгани сабаб келиб чиққан ва жанжалда 2-ҳамда 3-курс ўқувчилари иштирок этган. Жанжални бошлаган ўқувчи лицей ётоқҳонасидан ҳайдалган.

Воқеа 23 сентябрь тушлик вақти лицейда катта танаффус эълон қилинган пайтда бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 2-курс ўқувчилари 3-курс ўқувчиларига лақаб қўйгани ортидан жанжал келиб чиққан:

“Болалар бир-бирига лақаб қўйган. 3-курс ўқувчиси Ж.А. (Ўқувчиларнинг исм-фамилияси Озодликка маълум. Лекин маълум сабабга кўра, уларни ошкор қилмаяпмиз.- таҳр.) тушлик пайти 2-курс ўқувчиси Ҳ.С. олдига келиб, “Сизлар нимага лақаб қўясанлар”, деб дағдаға қилган. Ўша пайт 2-курс ўқувчиси жавоб сифатида унга мушт туширади. Икки ўртада жанжал келиб чиқади. Жанжални кўрган бошқа болалар ҳам тарафма-тараф бўлиб муштлашиб кетади”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Лицейдаги оммавий муштлашув пайти мобил телефонига ёзилган видео тасвир Озодликка етиб келди. Тасвирда ўқувчиларнинг лицей ошхонасидаги пластмасса стол ва стулларни бир-бирига отаётганини кўриш мумкин.

Дипломатия лицейида ўқувчилар муштлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Ижтимоий тармоқларда ушбу лицейдаги муштлашувни муҳокама қилганлар, воқеада ўқувчилар қоровул ва МХХ ходимини дўппослагани, жанжални бостириш учун 30 кишилик милиция гуруҳи лицейга ташлангани ва бир неча киши жароҳатланиб, касалхонага тушгани айтилади.

Лицей раҳбарияти бу маълумотларни инкор қилиб, воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлардан фарқ қилишини айтишди:

“Ҳамма ўқувчилар ўша пайт тушлик қилаётган бўлган ва жанжални эшитиб ҳамма югуриб кўчага чиққани учун толпа бўлиб кетди. Ташқарига қўйилган стол- стуллар синди. Стол устидаги идиш-товоқлар тушиб кетган. Кейин жанжал стадион орқа томонида давом этди. Ўқитувчилар ўқувчиларни ажратишга ҳаракат қилди. Лекин толпа кўпчилик бўлганидан дарров бунинг имкони бўлмади. Лекин Фейсбукда тарқалган хабарлар тўғри эмас. Фақат 3-4та милиция ходими келди”, деди лицей раҳбарларидан бири.

Оммавий муштлашувда бир ўқувчи жароҳат олган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган:

“15 тача бола бир ўқувчини ушлаб олиб, уни ҳар томондан тортқилашган. Ўша пайтда у оёқ остида қолиб жароҳатланган. Яна бир бола мушт еганидан юзи шишиб кетган. Доктор чақириб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг ота-онаси чақиртирилиб, уйига кетишга вақтинча рухсат берилган. Бошқа жароҳатланган ёки касалхонага ётқизилганлар йўқ”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Лицей раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, жанжални бошлаган ўқувчилар аниқланиб, уларга чора кўрилмоқда:

“Жанжални бошлаган ўқувчи Андижон вилоятидан. Унинг ота-онасини чақиртирдик. Уни ётоқхонадан чиқараяпмиз. Лекин ҳеч кимни лицейдан ҳайдай олмаймиз. Чунки коллеж-лицейда ўқиш мажбурий таълим. Ҳаммасини тарбиялаймиз”, деди лицей масъулларидан бири.

Ҳозирда Шайхонтоҳур туман ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ходимлари лицейдаги муштлашув бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Талаба ва ўқувчилар орасида оммавий муштлашиш ҳолатлари кам бўлсада, учраб туради.

19 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Нишон туманида пахта тераётган олийгоҳлардан бирининг талабалари ўртасида муштлашув келиб чиққани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG