Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:41

Қирғизистонда кўп хотин олишга даъват кўпаймоқда


Собиқ муфтий Чубақ хожи Жалилов ўз видео маърузаларида кўп хотин олиш масаласини тез-тез гапириб туради.
Собиқ муфтий Чубақ хожи Жалилов ўз видео маърузаларида кўп хотин олиш масаласини тез-тез гапириб туради.

Қирғизистонда кўп хотинлилик қонунан тақиқланган. Шунга қарамай, кейинги йилларда бир қатор жамоат арбоблари эркакларни икки ва ундан кўп хотин олишга даъват этиб келмоқда. Айрим сиёсатчилар эса ўзларининг бир неча хотинлари борлигини жамоатчиликдан сир тутмайди.

Қирғизистон Жиноят кодексининг 153-моддасига асосан бир пайтнинг ўзида бир неча хотин олган эркак 2 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Қонунда кўп хотинлилик тақиқланганига қарамай, айрим жамоат арбоблари ва сиёсатчилар томонидан кўп хотинликни тарғиб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Масалан, Қирғизистон собиқ муфтийси Чубақ хожи Жалиловнинг қирғиз қизлар бошқа миллат вакилларига турмушга чиқиб кетмаслиги учун эркакларни бир неча аёлга уйланишга даъват этган видеолари ижтимоий тармоқларда тез-тез пайдо бўлмоқда.

- Ҳозир бизда 17 минг хитой бор экан. Улар 15 минг қирғиз аёлга уйланиб, бизни 15 минг хитой жиянлик қилишибди. Ўша қизларни қирғиз сиёсатчилари ва бойлари Қамчибек Ташиев, Ўмурбек Текебаев олмаса, Ахматбек Келдибеков олмаса, президентимиз олмаса, парламент раиси олмаса, ким олиши керак? Қўлидан бор бўлганлар олиши керак-да. “Иккитадан кам аёли бўлмаса депутат бўлолмайди”, деб қонунга ўзгартириш киритиш керак, - деди Чубақ хожи Жалилов ўз маърузаларидан бирида.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари, ошкор айтилмаса-да, Қирғизистонда ёш, чиройли иккинчи ёки учинчи хотинга уйланиш данғиллама уй, қимматбаҳо машина олиш каби обрў белгиси бўлиб қолганини айтишади.

Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли ўзининг бир неча хотини бор эканини яширмайди. Бироқ қанча хотини бор эканини сир тутади.

- Агар турмуш ўртоғинг оғриб қолса ёки фарзанд туғиб беролмаса нега у билан ажрашиш керак? Унинг рухсати билан хотингина эмас, аввалгиларига сингил бўлувчи бошқа аёлга уйлансанг бўлади. Мен ислом қонунларини бузмадим. Мени 8-9 хотини бор деб айтиб келишади. Бу тўғри эмас. Менда яратган қанчага рухсат берган бўлса, ўшанча хотин бор. Барчасига бирдай муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Фарзандларим мен билан бирга. Энг асосийси, болаларнинг барчаси бир-бири билан аҳил. Менинг аёлларимнинг биронтаси матбуот анжумани ўтказгани ёки устимдан милицияга арзланганини эшитганмисизлар? -дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Айни пайтда, Турсунбой Бакир ўғлининг энг кичик хотини Нуриза Бурханова у билан икки йил яшаганидан сўнг ажрашган. Ҳозирда у шоу бизнесга қайтганини айтмоқда. Нуриза ўзидан 37 ёш катта бўлган одамга турмушга чиқишини ёшлик қилгани билан изоҳлайди.

- Унинг аввалги хотинларини мен танимайман. Билмаганимдан кейин яхши ёки ёмон дея олмайман. У ўзи айтгандай, барчамизга бирдай муносабатда бўлган. Ҳеч кимни ранжитмаган. Совға олиб берса ҳам барчага бирдай олиб берган. Мен ёш бўлганманми, ундан меҳр изладимми, билмайман. Балки уни яхши кўриб қолгандирман,- дейди Нуриза Бурханова.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 4 йилда фақат 5 одамга нисбатан кўп хотин олиш моддаси бўйича жиноят иши очилган. Бироқ мамлакатда қанча эркакнинг икки ва ундан ортиқ хотини борлиги тўғрисида аниқ статистика мавжуд эмас. Кўп хотинли эркакларга нисбатан жиноят ишлари эса фақат унинг хотинларидан бири ҳуқуқ-тартибот органларига ариза ёзган тақдирдагина очилади.

Қирғизистонда кўп хотинлиликни қонунийлаштириш ташаббусини биринчилардан бўлиб президент Бакиев ҳукумронлиги даврида адлия вазири Марат Қайипов кўтарган эди. Вазир ўшанда парламентга қонун лоийҳасини тақдим этган. Бироқ фуқаролик жамиятининг кескин қаршилиги туфайли парламент қонунни қабул қилмаган эди.

XS
SM
MD
LG