Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Тошкентда талабалар пахта теримига сафарбар қилинмоқда


Эртадан, яъни 15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат Техника университети, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент давлат Иқтисодиёт университети талабалари Жиззах вилоятининг Жиззах, Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой туманларига, Тошкент давлат Аграр университети талабалари эса Сирдарё вилоятининг Оқ олтин, Сардоба ва Боёвут туманларига пахта терими учун сафарбар қилинади.

Озодлик радиосининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбасига кўра, дастлабки босқичда олий ўқув юртларининг 2, 3, 4-босқич талабалари бир ойлик муддатга ҳашарга жалб қилинади.

Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳозирча 1-курс талабаларини пахтага сафарбар қилмаслик ҳақида кўрсатма берган.

“Шавкат Миромонович 5 сентябрь кунги селектр мажлисида биринчи курс талабаларини ҳозирча заҳирада ушлаб туриш, агар терим уюшқоқлиги тушиб кетса, уларни ҳам сафарбар қилиш юзасидан кўрсатма бердилар. Шунингдек, ўтган йилларда кўп марта такрорланган бахтсиз ҳодисалар, ўлим ҳолатлари ҳукумат мажлисида муҳокама қилинган. Маҳаллий прокурорлар, ички ишлар идораларига бундай ҳодисалаларнинг олдини олиш юзасидан кескин топшириқлар берилган”, деди Озодлик манбаси.

Ўзбекистон Миллий университети Механика-математика факультети деканатидан олинган маълумотларга қараганда,, ҳашар даврида талабалар ёшига қараб гуруҳларга ажратилади. Ҳар бир гуруҳга деканлар, проректорлар куратор этиб тайинланади. Шунингдек, терим даврида ҳашарчиларнинг хавфсизлиги, меҳнат муҳофазасига доир чоралар билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва прокуратура органлари шуғулланади.

Тошкент давлат Молия институтининг 3-босқич талабаси Асрор Самадовнинг таъкидича, олий ўқув юрти маъмурияти томонидан талабаларга иссиқ кийимлар олиш, дала шийпонларида истиқомат қилишни назарда тутувчи шароитлар билан танишиш тавсия этилган. Кураторлар, таълим муассасаси маъмуриятнинг рухсатисиз ОАВ ва бошқа бегона шахслар билан мулоқот қилиш, интервьюлар бериш таъқиқланган.

Озодликнинг мобиль мухбирлари қўлга киритган маълумотларда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтказаётган селектр мажлисларида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига ҳашарчиларни ташиш, “Маҳалла”, “Камолот” сингари жамоат таишкилотларига тарғибот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига хавфсизлик юзасидан кескин топшириқлар бермоқда.

“Ҳозирги кунда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат комплекси, Ўзбекистон Молия вазирлиги мутахассислари бу йилги пахта хомашёсининг давлат томонидан харид нархларини белгилашмоқда. Бу йил давлатнинг харид нархлари ўтган йилгидан тахминан 10 фоизга оширилган. Бу нархлар яқин 10 кун ичида ҳокимликларнинг молия бошқармалари орқали фермер ва пахта етиштирувчи ширкатларга етказилади. Шунингдек, терилган бир килограмм пахта учун ҳақ тўлаш бўйича ўртача 200 сўмлик тариф сеткаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқарувчиларга етказилади”, дейди Озодлик радиоси манбаси.

10 сентябрдан Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошлангани хабар қилинган эди. Вилоятлардаги олий ўқув юртлари ва коллежлар талабалари пахта далаларига чиқарилаётгани ҳақида Озодлик аввалги эшиттиришларида хабар қилган.

Олинаётган маълумотларга ишонилса, Ўзбекистонда олий ўқув юртлари ва коллежлар талабалирдан ташқари ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа бюджет ташкилоти ишчи-ходимлари ҳам пахта теримига олиб чиқилган.

XS
SM
MD
LG