Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:52

Тошкент олийгоҳлари ëтоғидан жой олишга ҳам "кўк"идан сўрашмоқда


Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат Техника университети
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат Техника университети

Тошкент олийгоҳларида талабалар ётоқхонага жойлашиш учун пора беришга мажбур бўлаётганликларини айтишмоқда. Пора бериб ётоқхонага жойлашган талабалар эса у ердаги шароитларнинг ниҳоятда ёмонлигидан шикоят қилишмоқда.

Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланар-бошланмас, пойтахт Тошкентда вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар ётоқхонага жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётганликларини айтишмоқда.

Айтилишича¸ талабалар сони кўп, олийгоҳ ётоқхоналарида эса жой етишмайди.

Тошкент Давлат техника университетининг Энергетика факультети талабаларидан бири Озодлик билан суҳбатда ётоқхонага жойлашиш учун ётоқхона талабалари кенгаши раиси ўзидан 100 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганини айтади:

- Оилавий аҳволим оғир. Шу сабабли факультет ётоқхонасига жойлашмоқчи эдим. У ерга келганимда ётоқхона талабалари кенгаши раиси мендан 100 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилди. Фақат қашқадарёликлар ва пора берганлар ётоқхонага жойлашмоқда, порасиз ётоқхонага жойлашиб бўлмас экан, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талаба.

Тошкент Давлат Техника университетининг ётоқхоналарга масъул раҳбарларидан бири талабаларга ётоқхона етишмаётганини тан олди¸ аммо ётоқхоналар пора эвазига берилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди:

- Ҳозир ётоқхоналарнинг 50 фоизини биринчи курс, 30 фоизини иккинчи курс, 15 фоиз учинчи курс, 5 фоизини тўртинчи курсга берганмиз. Шунда ҳам биринчи навбатда етим талабалар, ота-онаси ногирон, кам таъминланган талабаларнинг аризаларини қабул қилаяпмиз. Жой қоладиган бўлса, қолганларни жойлаяпмиз. Бунга пора аралашган, деган гаплар бўлмаган гап. Декан, замдекан ва ётоқхона талабаларидан иборат комиссия бу билан шуғулланади, - деди Тошкент Давлат Техника университети масъулларидан бири.

Бир амаллаб ётоқхонага жойлашган талабалар у ердаги шароитларнинг ниҳоятда ёмонлигидан шикоят қилишмоқда.

Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига бу йил давлат гранти асосида ўқишга кирган хоразмлик Сардорнинг айтишича, ётоқхонадаги аҳвол яшаб бўлмайдиган даражада:

- Шкафлари синган. Деразалари синган. Душхонаси ишламайди. Туалетида сув йўқ. Комендант ўзларинг ремонт қилиб, яшайсизлар, деяпти. Буни устига 10 ой учун 250 минг сўм тўлаймиз. Кўпчилик танишларим квартира олишган. Мени квартирага имкониятим етмайди, мажбурман ётоқхонада қолишга, - дейди Сардор.

Ётоқхона етишмаган ëки бундай шароитда яшашни истамаëтган талабалар беш-олтитаси бирлашиб ижарага квартира олишга мажбур бўлмоқда.

Тошкент Давлат Миллий университети Иқтисодиёт факультетининг 3-курс талабаси Даврон гапиради:

- Тошкентда кузда квартира кираси нархлари ошади. Ҳозир Қорақамишда икки хонали квартирани 150 долларга олдик. Беш бола бўлиб турамиз, ҳар биримизга 30 доллардан ойига тўғри келаяпти. Ётоқхонадан яхшироқ шароит ҳар ҳолда, - дейди Тошкент Давлат миллий университети талабаси.

Бу йил Ўзбекистон олийгоҳларига қарийб 58 минг талаба қабул қилинди. Шулардан 19 мингдан зиёди давлат гранти асосида ўқимоқда.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 17 январида қабул қилган “Талаба ва ўқувчиларни турар жой билан таъминлаш” тўғрисидаги 11-сонли буйруғи ассосида ўқишга қабул қилинган талабаларни ётоқхона билан таъминлаши керак.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозир Тошкентдаги ҳар бир университет ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг 25-30 фоизинигина турар жой билан таъминлашга қодир.

XS
SM
MD
LG