Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

"Самарқандлик президент Самарқандни емирмоқда"


Самарқандда “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг бу сафар ҳам қадимий Регистон майдонида ўтказилаётгани, у ерга ўрнатилган овоз кучайтиргчилар шовқини тарихий обидаларга дарз етказиши борасидаги хавотирларни яна ўртага чиқарди.

1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали¸ санъатшунос ва меъморлар эътирозига қарамай¸ бу йил ҳам Самарқанднинг қадимий Регистон майдонида ўтказилмоқда.

25 август куни очилган мусиқа фестивали 30 августгача давом этади.

Олти юз йиллик тарихга эга Самарқанднинг Регистон майдонига¸ ҳар галгидай яна фестивал саҳнаси ва амфитеатр қурилган, улкан овоз кучайтиргичлар ўрнатилган.

Самарқанднинг ноёб тарихий обидалари марказида бир ҳафта давомида мусиқа фестивали ўтказилиши эса санъатшунос ва қадимшунослар тарафидан танқид остига олинмоқда.

Мутахассислар фикрича, Регистон майдонига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар атроф биноларга салбий таъсир ўтказмай қолмайди.

"Шарқ тароналари" фестивали ўтказилишига бевосита алоқадор бўлган собиқ ўзбек мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда хорижлик мутахассислар овоз кучайтиргичларнинг децибеллари Регистон обидаларига зиён етказиши, қадимий бинолар безакларининг тўкилиб кетишига сабаб бўлиши борасида огоҳлантириб келганликларини айтади:

- Халқаро фестивал ўтказиш учун овоз кучайтиргич мосламалари Япониядан олиб келиб ўрнатилганди. Айнан япон археологлари ва тарихий обидаларни асраш, уларни таъмирлаш бўйича мутахассислари ва шу жиҳозларни ишлаб чиққан ширкат мутахассислари ҳам бу овоз кучайтиргичларни децибеллари Регистон обидаларига, айниқса, уларнинг кам сақланиб қолган асл майолика безакларини тўкилиб кетишига сабаб бўлади, деб хавотир билдиришганди. Лекин,э бунга бепарволик қилинди. Бизникилар Регистон “Шарқ тароналари” фестивали рамзи, шу ерда бўлиши керак, деб туриб олишди. Ҳозир ҳам фестивал шу ерда ўтказилаяпти, - дейди исми сир қолишини истаган собиқ ўзбек мулозими.

Хорижлик мутахассислар Регистондаги ҳар бир обида сатҳида рўй бераетган ўзгаришларни қайд этиб бориш мақсадида махсус фиксаторлар ўрнатилиши ташаббуси билан ҳам чиқишган.

Собиқ ўзбек мулозимнинг айтишича, хорижлик экспертларнинг бу ташаббуси ҳам инобатга олинмаган:

- Шу фиксаторлар орқали Регистондаги кузатувлар графиги тузиб борилиши, репетициягача, репетиция сўнггида, фестиваль очилгунга қадар ва очилганидан сўнг, салютгача ва салют отилганидан сўнг, фестивал ўтиб бўлгач яна бир бор кузатув хулосалари қайд этиб борилиши керак. Айниқса¸ Улуғбек минорасидаги аҳвол бўйича алоҳида эътибор ва кузатув ташкил этилиши керак эди. Лекин ҳеч нарса қилинмади. "Шарқ тароналари"нинг обидаларга зиёни текширилиши керак, агар бу тасдиқланса фестивал жойини кўчириш, уни Регистондан узоқроқда ўтказиш керак, - дейди Озодликка исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган собиқ ўзбек мулозими.

Озодлик мухбири санъатшуносларнинг мазкур этирозлари юзасидан "Шарқ тароналари" фестивали ташкилотчилари, жумладан фестивал штаби матбуот котиби Сафар Остоновдан изоҳ ола олмади.

Қадимий обидаларнинг авайлаб-асралишига масъул ЮНЕСКО ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳам бу борада сукут сақламоқда.

Самарқанддаги Регистон майдонида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига бу йил ҳам элликдан зиёд мамлакатдан машшоқлар келишган.

"Шарқ тароналари" фестивали ўтказилишига бевосита алоқадор бўлган собиқ ўзбек мулозимининг Озодликка айтишича, фестивалга ажратиладиган маблағлар жуда кўп эмас. Бу маблағларни¸ асосан¸ ҳомий ташкилотлар ва корхоналар бўйнига олган.

- Фестивал мукофотларини ҳисобга олмасак бу фестивалга ажратиладиган пул кўп эмас. Қатнашчиларни кўпчилиги ўз ҳисобидан келади. Фақат уларни яшаш-туришини фестивал ташкилотчилари кўтаради, - дейди собиқ мулозим.

Фестивалда Гран-при соҳибига 10 минг АҚШ доллари ва биринчи ўрин ғолибига 7000 доллар, иккинчи ўринга 5000 доллар, учинчи ўринга 3000 доллар мукофот пули берилади.

Айни пайтда “Шарқ тароналари” фестивалининг унга бош-қош бўлаётган амалдорлар учун улкан коррупция манбайига айлангани ҳам даъво қилинади.

Хусусан¸ Ўзбекистоннинг собиқ маданият вазири Турсунали Қўзиевнинг куëви, 30 ёшли Музаффар Соҳибжонов “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига ажратилган маблағларни ўзлаштирганлик ва фестивалнинг бош совринини пора эвазига сотганликда айбланган.

У 2012 йилда катта миқдорда пора олганлик айби билан ҳибсга олинган ва 15 йилга қамалган эди.

XS
SM
MD
LG