Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

"Янгиер-Тошкент" газ магистралидаги ёнғин ўчирилди, монтаж ишлари бошланди


Портлаш алангаси бир неча ўн метрга кўтарилгани айтилмоқда
Портлаш алангаси бир неча ўн метрга кўтарилгани айтилмоқда

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи газ магистралида 24 август кечқурун соат тўққизларда кучли портлаш ортидан чиққан ёнғин бутунлай ўчирилди. Расмийлар қурбонлар ва ярадорлар йўқ, демоқда. Тошкент вилоятининг бир неча туманига газ бериш тўхтатилди.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи “Янгиер-Тошкент” газ магистралида 24 август куни маҳаллий вақт билан соат 21.30да кучли портлаш оқибатида чиққан ёнғин тонгга яқин бутунлай ўчирилди.

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича, айни пайтда ёнғин келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда:

“Юқоричирчиқ туманидаги Бордонкўл қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган “Янгиер-Тошкент” газ магистрали қувури 24 август куни кечқурун соат тўққиз яримда ёнғин чиққан. Қувурнинг диаметри 1200мм бўлган. Қарийб 50 метрлик қувур аввал ёниб, кейин кучли портлаш содир бўлган”, деди ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими.

OZOD-VIDEO: Юқоричирчиқдаги газ қувури портлаши сабаблари ўрганилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:40 0:00

Манбага кўра, газ узатиш тўхтатилганидан сўнг ҳам қувурда қолган газ тонгггача ёнган:

“Ўт ўчирувчиларимиз эрталабгача ёнғинни тўла бартараф этишди. Айни пайтда газчилар монтаж ишларини бошлаб юборишди”, деди манба.

Унинг айтишича, ёнғин даланинг қоқ ўртасида содир бўлгани учун талафотлар бўлмаган, ўт ўчирувчилардан ҳам ҳеч ким жароҳат олгани йўқ.

Қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ

24 август куни ижтимоий тармоқларда ёнғиндан жабр кўрган ўнлаб одам Тошкентдаги 16-касалхонага олиб келингани ҳақида хабарлар тарқалди. 25 август куни ушбу касалхона қабулхонаси навбатчиси Озодликка бу хабарларни инкор қилди:

"Бизнинг касалхонага бу ёнғиндан жароҳат олган ҳеч ким тушмаган", деди навбатчи дўхтир.

Ёнғин натижасида Юқоричирчиқ туманининг қарийб 30 минг, Бўстонлиқ туманининг қарийб 8 минг, Паркент туманининг 42 мингга яқин аҳоли хонадонларига газ узатиш тўхтатилган.

Портлашга сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллар

"Ўзтрансгаз" ҳиссадорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозими айни пайтда ёнғин сабабларини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузилганини айтди:

"Мутахассислардан иборат махсус комиссия тузилган. Ҳозир уларнинг ҳаммаси воқеа содир бўлган жойга кетишган. Натижалар бугун кечга тайёр бўлиб қолса керак", деди мулозим.

Ёнғин ўчирилганидан сўнг портлашга сабаб бўлган омиллар ҳақида турли хил тахминлар айтилмоқда.

Ўзбекистонлик физик олим Комрон Алиевнинг айтишича, газ қувурининг электрохимиявий ҳимоясидаги ноқислик портлашга сабаб бўлган бўлиши мумкин:

- Жисмларнинг бир-бирига ишқаланиши натижасида статик электр энергия вужудга келади. Масалан, булутларнинг бир-бирига ишқаланиши натижасида чақмоқ ҳосил бўлгани каби. Худди шундай кучли босим остида газ қувурдан ўтаётганда катта миқдордаги статик электр энергияси пайдо бўлади. Агар бу ўз вақтида йўқ қилинмаса, ёнғин ва портлашларга олиб келади. Менимча, бу портлашга ҳам қувурларда йиғиладиган статик электр энергияни йўқ қилиш механизмлари ишламагани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Собиқ иттифоқ даврида қурилган газ магистраллари аллақачон хизматини ўтаб бўлган, қувурлардан ерга уланган ҳимоя симлари ва ҳосил бўлган статик энергияни йўқ қиладиган трансформаторларнинг эскирганлиги сабаб бундай фожиалар яна такрорланиши эҳтимолдан холи эмас, дейди Комрон Алиев.

UzMetronom интернет газетасининг ёзишича, “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтгаз” ташкилотларида малакали кадрларнинг етишмаслиги ҳамда бу соҳанинг етарли маблағ билан таъминланмаслиги бундай фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Газетага кўра, табиий газдан келадиган даромад тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ихтиёрига бориб тушади ва фақат шу вазирлик қайси соҳага қанча пул ажратишни ҳал қилади. Молия вазирлиги эса бу маблағни соҳа реконструкциясига ёки президент трассасини таъмирлашга ҳам сарфлаши мумкин.

Экспертлар газ магистралининг портлашида террорчилик ҳаракати бўлганлигини инкор қилади.

Расмий хабар

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати 25 август куни тушдан кейин газ магистралидаги портлаш ҳақида шундай хабар тарқатди:

"ФВВ маълумотига кўра, 24 август соат 21.00да "Янгиер-Тошкент" газқувури магистралининг 157 километрида авария содир бўлди. Авария Тошкент шаҳри газ таъминотига таъсир қилгани йўқ. Жабрланганлар йўқ. Оператив чора-тадбирларни қўллаш натижасида ёнғин соат 23.40да ўчирилди. Зарар кўрган участкани таъмирлаш ишлари олиб бориляпти".

XS
SM
MD
LG