Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:40

Бишкекда эрини ўлдириб, кейин бурдалаган аёл қўлга олинди


Қирғизистон пойтахти ​Бишкек шаҳрида ўз эрини пичоқлаб ўлдириб, сўнг унинг тана аъзоларини шаҳарнинг турли бурчакларидаги чиқинди контейнерларига ташлаб кетганликда гумонланган аёл қўлга олинди. Тергов давомида оилавий жанжал қотилликка сабаб бўлгани аниқлангани айтилмоқда.

Шу йилнинг 15 августида Бишкекнинг Фучик кўчасидаги аҳлат қутисидан 30-35 ёшлардаги эркак кишининг боши топилган. Бундан бир неча кун олдин шаҳарнинг бошқа томонидаги чиқинди контейнеридан одам қўл - оёқлари топилганди. Буни кўрган кишилар милицияга хабар берган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, бир неча кун ичида шаҳарнинг турли жойларидаги чиқинди контейнерларидан йиғиб олинган одамнинг тана аъзолари бир жойга тўплангач, унинг шахси аниқланган:

- Аввал йигитнинг шахси аниқланди. У 1981 йили туғилган Эрлан Ўрқўшов бўлиб чиқди.У Бишкек шаҳрида яшаган ва тадбиркорлик билан шуғулланган. Бу жиноятда гумонланиб унинг турмуш ўртоғи, 1989 йили туғилган Айдай қўлга олинди. Уларнинг икки ўғли бор. Каттаси уч, кичиги икки ёшда. Аёл бу ишни қилганини тан олиб, кўрсатма бераяпти. Жиноят уйдаги оддий жанжалдан келиб чиққан. Қотиллик 12 августда бўлган. Эр-хотин уйда жанжаллашиб кетган ва аёли эрига пичоқ уриб ўлдирган. Эртаси куни аёл эрининг тана аъзоларини бўлакларга бўлиб, аҳлат контейнерларига ташлаган, - деди Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси расмийси Самат Курманкулов.

Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан “ваҳшийлик билан одам ўлдириш” моддаси асосида тергов олиб борилаяпти. Эрини ўлдирганликда гумонланаётган Айдай ҳибсга олинган.

Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Айдай 2015 йилда Тиббиёт академиясини тамомлаган. Жиноятда гумонланиб қўлга олинган Айдайнинг яқинлари воқеа юзасидан фикрларини билдиришдан бош тортишди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда “одам ўлдириш” моддаси бўйича қамалган аёлларнинг 80 фоизидан ортиғи ўз турмуш ўртоғини ўлдирганлардир. “Демократик жараёнларни ўрганиш” маркази вакили, ҳуқуқ фаоли Талайгул Исақунованинг айтишича: “Оилада узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган зўравонликлар оқибатида мана шундай воқеалар содир этилмоқда”.

- Тадқиқотларимиз натижасида “одам ўлдириш”, “одам ўлдиришга ҳаракат қилиш”, моддалари билан судланиб, қамалган аёлларнинг 87 фоизи оиладаги зўравонлик жабрдийдаси бўлгани аниқланди. Улар зўравонликлардан қутилиш мақсадида мана шундай оғир жиноятларга қўл урганлар, - дейди Талайгул Исақунова.

Куч тизими ҳодимлари маълумотига кўра, сўнги пайтларда жамиятда зўравонлик кайфияти кучайиб, ваҳшийлик билан одам ўлдириш ҳолатлар кўпаймоқда. Ўтган йили олти ойлик хомиласи бўлган келин пичоқланган, ундан кўп ўтмай, Бишкекда аввал пичоқланиб, кейин болта билан бўлакларга бўлинган аёл жасади топилган эди.

XS
SM
MD
LG