Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:51

Тошкентлик йигит қайнотаси “ош егани” учун 62 кун ўтириб чиқди


Тошкентлик 34 яшар Олмосбек Эркабоев биометрик паспорт олиш учун Мирзо Улуғбек туман (Тошкент шаҳри) паспорт бўлимига борган пайтда ҳибсга олингани ва 62 кун қамоқда сақлангани тўғрисида Озодликка инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов хабар қилди.

Олмосбекнинг онаси Мўътабархон Содиқованинг Озодликка айтишича, ўғлининг қамалишига қайнотасининг “ноқонуний ош егани” сабаб қилиб кўрсатилган.

1979 йил, 8 июлда Қўқонда туғилган ва кейинчалик ота-онаси билан Тошкентда яшаб қолган Олмосбек Эркабоев жорий йил, 13 майда биометрик паспорт олиш учун ҳужжатларини Мирзо Улуғбек туман (Тошкент шаҳри) паспорт бўлимига топширган.

Мўътабархон Содиқованинг айтишича, ўғли 5 июнь куни янги паспортни олиш учун борганида ҳибсга олинган.

Паспорт бўлимига икки ўғли билан бирга борган она ҳибсга олиш жараёнини ўз кўзи билан кўрган:

- Ўғлимни (Олмосбекни) 4 киши ичкарига олиб кириб кетди. Ортидан кирмоқчи бўлувдим, қаршилик қилишди, деди Мўътабар опа.

Лекин она ўғлининг ортидан ичкарига киришга муваффақ бўлган.

- Кирсам, ўғлим 3 кишининг ўртасида турибди. Уларнинг биринчи саволи “Муҳиддин ким?” деган савол бўлди, дейди Мўътабар опа.

Унинг айтишича, Муҳиддин – қудаси, яъни ўғли Олмосбекнинг қайнотаси. Маълум бўлишича, бир неча йил муқаддам у киши, яъни Муҳиддин анъанавий улфат оши еб ўтирган жойида ёр-дўстлари билан облавага тушган.

Ўшанда Муҳиддин облавадан қочишга муваффақ бўлган ва кейинроқ Россияга қочиб қутулиб қолган. Қолган улфатлари эса, қамалиб кетган.

Хуллас, 1 ўғил ва 1 қизнинг отаси, 34 яшар Олмосбек Эркабоев 5 июнда ҳибсга олинганича 62 кун қамоқда сақланди.

Бу ҳақда Олмосбекнинг ишини яқиндан ўрганган Суръат Икромов мана буларни айтиб берди:

- Диний экстремизмда айбламоқчи бўлишган. Лекин бу айбловни исботловчи далиллари бўлмагани учун, менимча, вақтинча чиқариб юборишди. “Шаҳарни тарк этмайман”, деган тилхат билан чиқариб юборишди. Олмосбек ҳибсдалигида мен терговчиси билан гаплашишга уриндим. Лекин у “мен ўзим сизга қўнғироқ қиламан”, дедию лекин қилмади. Ўшадан кейин 2 – 3 кун ўтиб, Олмосбекни чиқариб юборди.

Суръат Икромов Олмосбекнинг мақоми қандай эканлигини ҳозирча билмайди. “Гувоҳ сифатида бўлса керак, лекин жиноятчи сифатида судга тортишлари ҳам мумкин”, деди у.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, Олмосбек Эркабоевни ҳибсга олган ва уни тутқунликда ушлаб турган идора ва унинг ходимлари мавжуд қонунларни қўпол тарзда бузган.

- Қўлга олинган шахсни тергов органлари 3 кундан – 72 соатдан кўп ушлаб туриши мумкин эмас. Шу муддат ичида ушлаб турилган шахсга нисбатан ё айблов эълон қилиниши керак ёки агар айблов эълон қилиш учун асос бўлмаса, чиқариб юбориши керак, деди Суръат Икромов.

Мўътабархон Содиқованинг айтишича, 62 кун ҳибсда ўтириб чиққан, ҳибсда калтакланган ва қийноққа солинган ўғли Олмосбек ёшлигиданоқ касалванд – астмаси бор ва шу кунда аҳволи оғир. Шунинг учун у билан гаплашишга онаси рухсат бермади.

XS
SM
MD
LG