Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Озодлик хабари ортидан Шаҳрисабз прокурори фермерлардан кечирим сўради


Ҳайдалиб ташланган маккажўхоризор
Ҳайдалиб ташланган маккажўхоризор

Озодликда ёритилганидан сўнг, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани прокурори Шерали Аширов фермерлар экинзорини ноқонуний ҳайдаттириб ташлагани учун улардан узр сўраган. Фермерларга кўра, туман прокурорини вилоят прокурори чақиртириб қаттиқ койиган. Прокурор фермерларга кўрилган зарарни қоплаб беришга ваъда қилган.

Шаҳрисабз туманидаги сабзавотчилик ва чорвачиликка ихтисослаштирилган “Турсунов Азиз”, “Наутака сервис” фермер хўжаликларининг қарийб етилган маккажўхориси, қип-қизил бўлиб пишиб ётган помидорзори туман прокурори Шерали Ашировнинг буйруғи билан ҳайдаттириб ташлангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимиятидаги Озодлик манбасининг хабар беришича, мазкур воқеадан сўнг туман прокурорини вилоят прокурори чақириб танбеҳ берган:

“Бу воқеа катта шов-шув бўлиб кетди. Прокуратурада ишлайдиган танишимнинг айтишича, Шерали Аширов вилоят прокуроридан қаттиқ койиш эшитган. Бу хабар республика бош прокурорига ҳам етиб борибди. Айтишларича, Ашировни бош прокурорнинг ўзи қабулига чақирган эмиш”, деди манба.

“Турсунов Азиз”, “Наутака сервис” фермер хўжаликлари раҳбарлари Озодлик билан суҳбатда туман прокурори улардан кечирим сўрагани фактини тасдиқлади, бироқ бу ҳақда бошқа гапиришни истамади:

“Ҳаммаси яхши. Муаммолар ҳал бўляпти. Илтимос, бизнинг номимиз Озодликка бошқа чиқмасин”, деб суҳбатни қисқа қилди фермерлар.

Озодлик бу воқеадан яхши хабардор бўлган бошқа фермерлар билан боғланди.

“Турсунов Азиз” фермер хўжалиги раиси Азамат Азимовни яхши таниган фермерлардан бирининг айтишича, прокурор уни илиқ сўзлар билан кутиб олган:

“Азамат қарийб икки соат прокурор билан гаплашибди. Прокурор ундан кечирим сўрабди. Азамат эса, “сўкканингиз, урганингиз ҳам майли, мен кўрган 20 миллион сўм зарарни ким қоплайди”, дебди. Прокурор эса “Худо хоҳласа ишлаб турсам, қоплаттириб бераман”, деб ваъда берибди”, деди фермер.

Фермернинг айтишича, Азамат Азимов вилоят прокуратурасига ҳам чақиртирилиб, туман прокурорининг бу хатти-ҳаракати учун кечирим сўралган.

Туман прокурорининг буйруғи билан “Наутака сервис” фермер хўжалигининг маккажўхоризори ҳам етилай деб қолган думбуллари билан ҳайдаттириб, ерга қориштириб ташланган эди.

Озодлик манбасининг айтишича, Тошкентда даволанишда бўлган “Наутака сервис” фермер хўжалиги раисининг отаси Шаҳрисабзга қайтганидан сўнг, туман прокурорининг олдига кириб борган:

“Ҳожи отанинг ёмон ҳам жаҳли чиққан эди. У туман прокурори ҳузурига кириб олтмиш ёшга кириб ҳам бунақа ваҳшийликни кўрмаганини айтган. Эрта-индин пишай деб қолган 6 гектар маккажўхорини қайси кўнгил билан ҳайдаттириб ташлаганига жавоб сўраган. Прокурор ҳам, “Ҳожи бобо, биз билмай қолибмиз, кечиринг”, деб узр сўраган. Ҳожи бобо эса мен 50-60 миллион сўм зарар кўрдим, топиб бер деб талаб қилган”, деди манба.

Бироқ, прокурор, фермерлар кўрган зарарни қайси ҳисобдан қоплаш ҳақида аниқ бир гап айтмаган.

Манбага кўра, тумани прокурори фермерлар экинларини ҳайдаттириб ташлагани ҳақида мақола чоп қилинган куннинг эртаси куни, яъни 5 августда Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Азамат Пардаев “Наутака сервис” фермер хўжалиги ишчиларини калтаклаб кетган:

“Мақола чиққан куннинг эртаси куни замначальник Азамат Пардаев бир неча мелисалар билан бирга келиб, ишчиларни роса калтаклади. Уриб сўкиб, зовурларга тиқиб кетди. Суюн ака деган фермерни ҳам шу гуруҳ уриб кетган экан. Айтишларича, замначальник прокурор буйруғини бажарган экан”, деди манба.

Озодлик Шаҳрисабз тумани прокурори Шерали Аширов билан кун давомида бир неча бор боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, прокурор қўнғироқларга жавоб бермади.

Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлимидан ҳам бошлиқ ўринбосари Азамат Пардаевнинг ҳатти-ҳаракатларига муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокими Ҳайбулло Маматқуловнинг буйруғи билан 24 июль куни халқнинг шолисига керосин сепилиб, йўқ қилинган эди.

Шўрчи ҳокими, Шаҳрисабз прокуроридан фарқли ўлароқ, ўз хатти – ҳаракати учун ҳозирча шўрчиликлардан узр сўраганича йўқ.

XS
SM
MD
LG