Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

"Малика"нинг "Флешка"си яна кўчадиган бўлди


Тошкентдаги “Малика” фабрикаси ҳудудида жойлашган, маиший ускуналар савдосига ихтисослашган “Флешка” бозоридаги савдо расталари секин-аста фабриканинг собиқ тўрт қаватли биносига кўчиб ўтади.

Бу ҳақда хабар қилган нашрларга кўра, шу кунда бўш турган бинони таъмирлаш ишлари бошланган. Савдогарлар бино таъмири битиб, дўконлар ташкил қилингач унга кўчиб ўтажакларини айтган. Шу кунда эса, дўконлар ўз жойида ҳор доимгидай ишлаб турибди.

Кўчиш билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар кимнинг ҳисобидан бўлиши тўғрисида хабарда ҳеч нарса дейилмаган.

Хабарда айтилишича, “Флешка” бозорида 100 зиёд дўкон бўлиб, улар маиший ускуналар билан савдо қилади.

Жорий йил январида “Флешка”нинг бошқа жойга кўчирилажаги тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлган эди ва уларнинг асоссиз эмаслигини Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси вакили Озодликка билдирган эди.

- Кўчиши аниқ, лекин ҳозирча қаерга кўчиши номаълум, жой йўқ, деган эди расмий.

“Флешка”даги дўконларда савдо қилувчи тадбиркорлар тўрт йил аввал ҳам Тошкентнинг Навоий шоҳ кўчасидан қувилган эди.

Пул айланмаси бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этган Навоий кўчасидаги савдо расталарида сотувчилик қилган ўзбек тадбиркорлари 2011 йилда кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнидаги янги савдо марказига кўчирилган эди.

Навоий кўчасидаги ярмаркалар бузилиб, уларнинг ўрнида кўп қаватли уйлар қурилди.

Норасмий манбаларга кўра¸ "Малика" савдо маркази Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори қатламларига алоқадор шахсларга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG