Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Ўғлининг ўлимида милицияни айблаган аёл тартиб посбонлари таҳдидидан шикоят қилмоқда


Раъно Қўлдошева (ўнгда) ўғлининг ўлими ҳақида жар солганидан кейин тақибга дучор бўлганини айтмоқда.
Раъно Қўлдошева (ўнгда) ўғлининг ўлими ҳақида жар солганидан кейин тақибга дучор бўлганини айтмоқда.

Шу йил февралида 16 ёшли ўғли милиция ходимлари томонидан ўлдирилганини иддао қилган Раъно Қўлдошева бу хабар ортидан Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни қаматишга қасдланганини таъкидлаяпти.

Самарқандлик Раъно Қўлдошевага кўра, шу йил май ойида у қатор нашрларда 16 яшар ўғли Улуғбек Аҳроров миршаблар томонидан ўлдирилганини, прокуратура эса бу иш юзасидан ҳеч бир чора кўрмаётганини иддао қилиб чиққанидан кейин унинг ўзига нисбатан жиноят иши уйдирилган.

Аёлнинг айтишича, 25 июнь куни унга Самарқанд шаҳар прокурори С. Элмуродов, Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи З. Раҳимов ва катта терговчи, майор С. Шотиров имзо чеккан айблов хулосасини топширганлар. Ҳужжатда Раъно Қўлдошевага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 4 моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Хусусан, у 3-қаватдан бир эркакни пастга итариб юбориш орқали унга тан жароҳати етказганлик, туҳмат қилганлик, ёлғон маълумот етказганлик ва ноқонуний одам ёллаганликда айбланмоқда.

Май ойида Озодликка интервью берган Раъно Қўлдошева шу йил январида ҳеч бир асоссиз равишда безори сифатида вояга етмаган болалар учун мўлжалланган махсус изоляторига олиб кетилган ўғли 12 февраль куни ҳибсхонада ўлгани, ҳужжатларда Улуғбекнинг ўлими бахтсиз ҳодиса ўлароқ расмийлаштирилганини айтганди. Тартиб посбонларининг “поезд босиб кетди” қабилидаги сўзларига ишонмаганини айтган Раъно Қўлдошева ўғли ўлдирилганини иддао қилиб, айбдорлар жазоланишини талаб қилганди.

Қўлдошеванинг айтишича, аслида бу кўргиликларнинг бошланишига ўзи яшайдиган уйда Зарина исмли аёл фоҳишахона очиб олганию Раънонинг бу борадаги шикояти участка нозири Фирдавс Сатторовга ёқмагани сабаб бўлган. Энди эса аёлга “ёзувчи” дея таъна қилган самарқандлик тартиб посбонлари унга қамоқ билан таҳдид қилмоқдалар.

Қўлдошева терговчи Шотиров сўроқ пайтида “диктофон олиб киргансан” деган баҳона билан уни ечинтирмоқчи бўлгани ва кўкрагига дахл қилганини айтади. Ҳозир 1-гуруҳ ногирони бўлган кичик ўғли билан амаллаб кун кечираётган Раъно Қўлдошева: “Сохта айбловлар билан қамалиб кетсам, боламнинг ҳоли нима кечади?” деган изтироб ичида яшаётган экан.

- “Бир аёл” деб ҳамма эзаверса, нима бўлади? Қурбақанинг ҳам бир кунмас-бир кун жони чиқиб, вақиллайди-ку... Ўзбекистоннинг ҳатто қонунларига ҳам ишонмай қўйдим, биласизми... Бегуноҳ одамлар қанчаси қамалиб кетяпти, - дейди кўз ёшларини тия олмаган Раъно Қўлдошева.

Қўлдошеванинг иши юзасидан Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси мутасаддилари билан боғланишга уринишларимиз ҳозирча самара бергани йўқ. Мазкур иш бўйича май ойида гаплашганимиз участка нозири Фирдавс Сатторов эса Озодлик билан суҳбатдан сўнг уяли телефони рақамини алмаштириб юборгани маълум бўлди.

Раъно Қўлдошева муаммоси билан яқиндан шуғулланаётган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева бу борада Ички ишлар вазирлигига май ойида қилган мурожаат ҳозирча жавобсиз қолаётганини, шунга қарамай, муаммони Ўзбекистон ички ишлар вазирига етказиш учун у билан учрашишга уринишда давом этишини маълум қилди.

- Милициянинг жазосиз қолаётганига оид муаммони кўтармоқчиман. Чунки шикоят билан мурожаат қилган одамларни мана шундай йўллар билан таъқиб қиляптилар. Мен бу ерда Раъно билан боғлиқ вазиятга алоҳида урғу бермоқчиман. Уни туҳмат, ёлғон маълумот берганлик ва ҳоказоларда айблаяптилар. Ҳозир Ўзбекистонда бу моддалар ўз ҳақини талаб қилганларга қарши жиноят иши уйдиришда кенг қўлланилаяпти, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Озодлик Раъно Қўлдошева иши билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG