Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:25

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовни суд "муомалага лаёқатсиз" деб қарор чиқарди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистон президентига йўллаган 2500 ёзма шикояти бир неча йиллар давомида кўриб чиқилмаётгани ҳақидаги 28 саҳифали аризасини Тошкентдаги АҚШ элчихонаси орқали 12 июнда Ўзбекистонга келган БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга етказмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга нисбатан Шайхонтохур туман суди “муомалага лаёқатсиз", деб ажрим чиқарди.

"Судда мен иштирок этмадим"

Пойтахтнинг Шайхонтохур туман суди “Маҳалла” жамғармаси аризаси асосида 20 июль куни бўлиб ўтган жараёнда тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовни “муомалага лаёқатсиз шахс” сифатида тан олиш ажримини чиқарди. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.

- Судга мен билан бирга борган ҳуқуқ фаолларини киритишмади. Мен булар кирмаса, мен ҳам кирмайман, деб жараёнда иштирок этмадим. Судда “Унда сизнинг иштирокингизсиз кўриб чиқамиз”, деб айтишди. Шундан сўнг бир –икки кун ўтигач, судга бориб, агар менинг иштирокимсиз жараён ўтган бўса, суд қарорини беринглар, деб ариза ёздим, - деди Шуҳрат Рустамов.

20 июлда чиқарилган суд қарори Шуҳрат Рустамовга 27 июлда берилган. Озодлик радиоси бундан бир ой аввал тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов 26 июнь куни Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан уйидан алдаб олиб чиқиб кетилгани ва руҳий касалликлар диспансерига олиб борилганини ҳақида хабар берган эди.

Ҳуқуқ фаолининг иддао қилишича, диспансерда олти кишидан иборат шифокорлар гуруҳи унинг руҳий соғломлигини текшириш мақсадида йиғилганларини айтишган ва унга Шайхонтохур туман суди судьяси Сафоев томонидан имзоланган ажрим қоғозини кўрсатишган.

Шундан сўнг ҳуқуқ фаоли руҳий диспансер экспертизасидан ўтишдан бош тортиб, мазкур суд ажрими юзасидан прокуратурага шикоят киритган. Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, 20 июлдаги суд жараёнида бўлмаган руҳий экспертиза ўтказилгани ва унда “текширилувчининг руҳий носоғлом экани тасдиқлангани” ҳақида ҳужжат судга тақдим этилган.

"Мени руҳий носоғлом деб топилишимдан президент маъмурияти ходимлари манфаатдор"

Шуҳрат Рустамов “Маҳалла” жамғармаси уни юқоридан келган буюртма асосида “муомалага лаёқатсиз”, деб топиш учун судга мурожаат қилганини иддао қилмоқда:

- Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси президент маъмурияти ходимлари томонидан уюштирилган. Нега деганда, президент аппаратида менинг 2500 шикоятим таҳланиб ётибди, ҳали бирортаси кўриб чиқилган эмас. Ана шу шикоятларим асосидаги ҳисоботни 11 июнь куни, яъни Бан Ки Мун Тошкентга келишидан бир кун олдин АҚШ элчихонасига олиб бориб топширганман ва бу шикоятни БМТ Бош котибига етказишни илтимос қилганман. Шунинг учун мени руҳий носоғломга чиқариш ҳаракати бўлаяпти, - деди Шуҳрат Рустамов.

"Фуқаро Шуҳрат Рустамов тухмат ва бўҳтон тарқатаяпти"

Озодлик радиосига маълум бўлишича, “Маҳалла” жамғармаси Шайхонтохур туман бўлими раиси Қурбонов томонидан судга юборилган аризада, “турли тухмат ва бўҳтон шикоятларни ёзаётгани учун Шуҳрат Рустамовнинг руҳий саломатлигини текшириш ва уни муомалага лаёқатсиз, деб тан олиш” илтимос қилинган.

“Фуқаро Шуҳрат Рустамовнинг хатти-ҳаракати нафақат бошқа шахсларни, балки унинг ўзини ҳам ҳуқуқларини ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини ҳамда соғлиғига зарар етказишига ҳам сабаб бўлмоқда. Юқорида баён этилганлардан кўриниб турибдики, Рустамовнинг хатти-ҳаракатлари унинг онг даражаси ва руҳий ҳолати бузилганлиги ҳамда ўз хатти-ҳаракатларини англамаслигини ифода этади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, Рустамовнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш лозимлигини инобатга олиб, суд йўли билан уни муомалага лаёқатсиз деб топиш мақсадга мувофиқ бўлади”, дейилади “Маҳалла” жамғармасинингсудга берган аризасида.

"Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни руҳий касалхоналарда сақлаш амалиёти мавжуд"

АҚШ Давлат департаментининг 2014 йилда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир шу йилнинг 25 июнида эълон қилинган ҳисоботида ҳам Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни руҳий касалхоналарда сақлаш амалиёти Тошкент расмийлари томонидан қўлланилиб келинаётгани қайд этилган.

АҚШ Давлат департаментининг 25 июнда эълон қилинган ҳисоботида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов ўз фаолияти ортидан ҳукумат тазйиқига учраб, 2014 йилда ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасида 16 кун сақлангани таъкидланган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёёвни бир неча йил олдин ноқонуний ҳаракатларда айблаб судга берган Алиқул Саримсоқов жорий йилнинг март ойида ҳам Тошкентдан ўғирлаб кетилиб, Жиззаҳ вилоят руҳий касалликлар шифохонасида бир ой сақлангани ҳақида Озодлик аввалги эшиттиришларида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG