Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Қанд касалига чалинганлар давлат ваъда қилган ёрдамни ололмаяпти


Диабетик беморлар учун инсулин ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона воситасидир.
Диабетик беморлар учун инсулин ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона воситасидир.

Ўзбекистонда қандли диабет беморлари давлат томонидан бепул берилиши лозим бўлган инсулин дорисини ололмаяпти. Қандли диабет касаллиги Ўзбекистонда ижтимоий касалликлар тоифасига киради ва бундай беморларга муолажа ва дори воситалари давлат томонидан бепул тақдим этилиши белгиланган. Лекин ўзбекистонлик беморларнинг айтишларича, шундоқ ҳам чекланган тарзда бериб келинган ёрдам сўнгги ярим йил давомида умуман тўхтаб қолган. Бундан ташқари муолажа учун бепул госпитализация масаласи ҳам ҳаддан ортиқ қийинлашиб кетгани боис беморлар миллионлаб сўм харж қилиб, касалхонага ётишга мажбур бўлишаётганидан шикоят қилишмоқда. Озодликка маълум бўлишича, давлат беморлар учун Ҳиндистондан сотиб олаётган дори воситалари сифати ҳам шубҳа остидадир.


Ўзбекистонлик диабетиклар сўнгги олти ой давомида бепул тақдим этилиши лозим бўлган инсулинни ололмаётгани тўғрисида тошкентлик 60 ёшли Шоира Содиқбекова Озодликка мурожаат қилди. 12 йилдан бери қандли диабет касали билан Тошкент шаҳар Учтепа туман поликлиникасида диспансер рўйхатида туришини айтган Шоира опа бу вақт мобайнида давлат томонидан уч мартагина бепул инсулин ёзиб берилганини тан олади.

- Охирги йилларда фақатгина уч мартагина давлат томонидан поликлиника орқали тарқатилган инсулинни олишга муваффақ бўлдим. Ваҳоланки, 12 йилдан бери диспансер рўйхатида тураман, лекин ҳеч қачон бепул бермайди. Масалан, агар поликлиникада инсулин бўлмаса, дорихонадан бепул дори олиш учун рецепт ёзиб беришлари керак, лекин бирор марта 12 йил ичида бепул рецепт ёзиб беришмаган. Бундан ташқари диспансер рўйхатида турган бўлишимга қарамасдан, врач бирор марта хабар олгани йўқ. Ҳар олти ойда диспансер кўригидан ўтказиши керак, бирор марта ўтказгани йўқ,- дейди Шоира Содиқбекова.

"Ҳиндистондан келтирилган Восулин таъсир қилмаяпти"

Бу ҳам етмагандай, дея давом этади қандли диабетнинг 2-шакли билан оғриган 60 ёшли бемор, кейинги пайтларда дорихоналардан ҳам инсулин топиш жуда қийинлашиб қолган, топилгани ҳам жуда сифатсиз бўлиб, қондаги қанд даражасини пасайтира олмаяпти.

- Шаҳар бўйича инсулин йўқ. Бори ҳам жуда сифатисиз. Восулин деган Ҳиндистон ва Хитойдан чиқадиган кучсиз, таъсири йўқ дорини поликлиникаларга тарқатишган. Шуни олар эдик. Ўзим 10 йилдан ошиқ диабет билан оғриган бўлсам, 6 ойдан бери шу Восулинни олиб, ҳозир қондаги қанд даражаси 28-29га чиқиб кетган,- дейди бемор.

Ўзбекистонлик диабетиклар учун хориждан инсулин сотиб олиш учун масъул бўлган “Дори-дармон” давлат ширкати мутасаддиси жорий йилда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Восулин номли препарат сотиб олинаётганини тасдиқлади. Лекин, дейди ўзини таништирмаган мутасадди, Восулин дорисининг сифати инсулиннинг бошқа турларидан қолишмайди.

- Даниянинг Ново Нордиск фирмаси Ҳиндистоннинг Вокхардт фирмасига тендерда ютқазиб қўйди. Шунинг учун Данияда чиқарилган инсулин ҳозир ҳақиқатан йўқ. Восулинга беморлар ўргана олмаяпти, негадир. Таъсир қилмаяпти, деб шикоят қилишяптию, лекин аслида бу иккала дори бир хил,- дейди “Дори-дармон” давлат ширкати мутасаддиси.

Озодлик мухбири Ҳиндистоннинг Вокхардт фирмаси ишлаб чиқарган Восулин препарати сифати тўғрисида мутахассис фикрини ўрганди. Қозоғистондаги Назарбоев Университети қошидаги Экспериментал клиник-фармокология институти директори Талгат Нургожин Ҳиндистон ва Хитойдаги дори ширкатлари ишлаб чиқарадиган инсулин сифати ҳаминқадар экани ҳақида кўплаб мақолалар ёзилган, дея гап бошлади. Айнан Восулин номли дори воситаси ҳақида аниқ маълумоти йўқлигини айтган профессор Нургожин Озодлик мухбири илтимосига кўра, мазкур препарат ҳақида Интернетдаги маълумотларни кўздан кечириб, ўз хулосасини берди.

- Ҳаммаси ишлаб чиқариш сифатига боғлиқ. Лекин шуни атйишим керакки, нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳам инсулин препарати сифатини таҳлил қилиб бера оладиган лабаратория йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон сиз айтаётган Восулин препаратини нимага асосан рўйхатга олганини айта олмайман. Лекин Восулин ҳақида мен ўрганиб чиққан маълумотлардан бу преапаратнинг қисқа вақт таъсир қиладиган восита эканини айтишим мумкин. Инсулин биосемилярлари айрим ҳолларда оригинал маҳсулотга мос келмаслиги мумкин. Бундан ташқари, сиз Ҳинсдистон ширкати тендерда ютганини айтдингиз. Бу ҳам унинг арзонлигидан далолат беради. Ҳиндистон ёки Хитойда ишлаб чиқарилган препаратлар одатда арзон бўлади, лекин сифати ҳар доим ҳам талабга жавоб бермайди. Унинг сифатини текшириш эса, айтганимдек, Ўзбекистон шароитида имконсиздир,- дейди қозоғистонлик фармоколог олим Талган Нургожин.

“Дори-дармон” давлат ширкати мутасаддиси Восулин воситасининг сифатсиз эканини тасдиқламади, лекин беморларнинг шикоятлари ортидан яна Даниянинг Ново Нордиск фирмаси билан шартнома тузилганини тасдиқлади.

- Ҳозир яна Дания фирмаси билан 620 минг АҚШ долларига тенг шартнома имзолаш устида ишлаяпмиз. Яқин орада ҳал бўлиши керак, бу муаммо ҳам ҳал бўлади,- дея ваъда қилди “Дори-дармон” вакили.

Бепул муолажа йилига 15 миллион сўмга тушади

Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлардан бири сифатида қандли диабет билан оғриган беморларга нафақат бепул дори, балки муолажалар ҳам текинга кўрастилиши керак. Тошкентлик Шоира опа касалхонага ётиб даволаниш учун йилига миллионлаб сўм харж қилишига тўғри келишини айтади.

- 12 йилдан бери шу касал билан оғриган бўлсам, дори-дармон ва касалхонага ётганда кетадиган пулни ҳисобласангиз ҳаммаси бўлиб йилига 15 миллион сўм пул кетади,- дейди Шоира опа.

Тошкентдаги Ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги клиника қабул бўлими ходими Шоира опанинг гапларини тасдиқлади.

- Бизда икки хил госпитализация бор. Агар пулликка ётмоқчи бўлсангиз, пулингиз керак бўлади, паспорт ва ўпка рентгенингиз керак бўлади. Оддий палата 1 миллион 170 минг. Бунга дори-дармонлар харажатлари кирмайди. Ордер билан бепул даволанмоқчи бўлсангиз, ногиронлик гуруҳи ҳақидаги гувоҳнома копияси, пенсия дафтаридан копия, участка врачидан ордер, маҳалладан маълумотнома, шуларнинг ҳаммаси тайёр бўлганидан кейин бизга қўнғироқ қилиб, жойга буюртма бериб навбатда турасиз. Кейин биз сизга қачон келишингизни айтамиз,- дейди клиника ходими.

Халқаро диабет уюшмасига кўра, Ўзбекистонда бир миллионга яқин одам қандли диабет ташхиси билан рўйхатга олинган. Яна 300 мингга яқин диабетикка ташхис қўйилмагани тахмин қилинади.

Қандли диабет касаллигига даво топилмаган. Диабетик беморлар учун инсулин ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона воситасидир ва уни вақтида олмаслик ўлим билан якунланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG