Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Ҳужжатлари жойида бўлган муҳожирлар жавобгарликка тортилмоқда


Владикино ФМСида тунаётган муҳожирлар
Владикино ФМСида тунаётган муҳожирлар

Москва шаҳрининг Владикино мавзесида ФМС ўтказган рейд 80дан зиёд меҳнат муҳожири ушланди. Муҳожирларнинг айтишича, айбдор, дейилган қоғозга қўл қўйишга мажбурланганларнинг аксарида ҳужжат муаммоси йўқ. Озодликка тақдим этилган суратларда эса миграция хизмати биносида 20га яқин мигрантнинг абгор шароитда оч-наҳор ушлаб турилганини кўриш мумкин.

27 июль куни кечки соат 11 ларда Россия пойтахтининг Владикино мавзесидаги қурилишлардан бирида олиб борилган рейдда бу ерда ишлаётган 80 дан зиёд меҳнат муҳожири ушланди.

Улар иккита автобусда маҳаллий ФМС бўлимига олиб келинганига гувоҳ бўлганини Озодликка гапириб берган Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари муовини Раҳмиддин Камолов ушланган мигрантларнинг деярли ҳаммасининг ҳужжатлари жойида бўлганини айтади:

- Кечаси мен ўтиб кетятувдим. Қарасам, боллар турган экан. Сўраб-суриштирсам, “Стройкадан 80 кишини олиб келди, ҳаммасини патенти бор! Трудовой договор, деб баҳона қилишяпти,” дейишди. Уларни соат 11дан бери овқат-сув бермай ушлаб ўтирибди. Уларни мажбурлашган “Қўл қўясан!” деб, икки минг рублдан жарима солган, “Ноқонуний ишлаяпмиз”, дея “айбига” иқрор бўлган. Қўрқитган! Мен уларга бирорта ҳужжатга қўл қўймаслигини айтдим, лекин фмсчилар “Қўл қўймасанг – ҳаммангни спецприёмникка олиб бориб тиқамиз, депорт қиламиз! Қўл қўйсанг – осонликча чиқариб юборамиз” деб қўрқитишган. Алдади, хуллас, ва айримларини 2 мингдан, бошқаларини 5 мингдан штраф қилиб, қўйиб юборди, - дейди тунда бўлган ҳодисани тасвирлаб берган Раҳмиддин Камолов.

“Ёрдам” ташкилоти фаоли текширув давомида ушланиб, Федерал миграция хизматига олиб келинган мигрантларни суратга олишга муваффақ бўлди.

Суратлардан ФМС бўлимига олиб келинган марказий осиёликлар ноинсоний шароитларда, оч-наҳо ҳолатда сақланаётганини кўриш мумкин.

(Фотосуратлар Р.Камолов томонидан тақдим этилди)

Миграция идорасига олиб келинган Муҳаммад Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга қўл қўйганлар жаримага тортилиб, қўйиб юборилгани, бўлинмада яна 20 яқин одам қолаётганини тасдиқлади.

У кечадан бери ноқонуний равишда ҳибсда қолаётган юртдошларига озиқ-овқат олиб борганини айтади:

- Асосан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Украина фуқаролари булар. Улар қурилиш компаниясида ишлаб келган. Кеча мана шу 80-90 ишчини олиб келишди Ботанический кўчаси, 8 уйда жойлашган ФМСга. Тахминан 85 тасида патентлари бор, ҳаммаси жойида, лекин “шартномада аллақандай муҳр йўқ”қа ёпишиб олишган. Яна 10 киши ишга рухсатнома олишга ҳужжат топширган, қўлларида керакли квитанциялари бор. Фмсчилар эса мана шу 10 кишини гўё умуман ҳужжати йўқ деб расмийлаштиряпти. Бугун Останкино туман судига олиб боради уларни, кейин депорт бўлса керак. Тўғриси, мен ФМС ходимларини мутлақо тушунмаяпман - виждонсиз, сурбет экан. Муҳожирларни одам қаторида кўрмайди! - дейди ўзини Муҳаммад деб таништирган муҳожирлардан бири.

Исмини ошкор қилишни истамаган бошқа манба “зачистка”ни бошлаган ФМС ходимлари “ёпди-ёпди” учун иш берувчи корхона раҳбаридан 2 миллион рубль миқдорида маблағ сўраганига оид иддаони тилга олди.

“Ёрдам” ташкилоти расмийси Раҳмиддин Камолов эса бундай ҳолларни тасдиқларкан, ўзининг “ноҳақлигини” билган иш берувчи одатда ФМС ходимлари “таклифи”га кўниши ва 1-2 миллион рубль билан осонликча қутулиб қолишини таъкидлайди. Раҳмиддин бундай тўловлар кейинчалик яна қора меҳнатда куни ўтаётган муҳожирлар ҳисобига қопланади, деб таъкидлайди.

Ҳуқуқ фаоли меҳнат муҳожирларига миграция идорасида тақдим этилаётган бирор ҳужжатга таржимон, адвокат ёки ҳуқуқшуноссиз имзо чекмасликни тавсия қилди:

- Кейин улар Россияга кира олмайди – уларга жиддий муаммо бўлади! Меҳнат муҳожирларининг соддалигидан фойдаланишяпти ФМС ходимлари. 100-200 сўмлик жарималар борки, “Қўл қўй – бу ҳеч нарса эмас!” деб алдаб чиқаряпти. Ваҳоланки иккита бундай штраф учун у “қора рўйхат”га киритилади! Бундай ҳолатлар жуда кўп бўляпти ҳозир. ФМС ва полиция ходимлари ҳозир ҳужжати борларни депорт қилишяпти, ҳужжатсизларни эса бу ерда ушлаб қолишга ҳаракат қиляпти, чунки ҳамма ҳужжат билан юрса улар бу ерда пул ишлай олмайди, пора ололмайди, деди Раҳмиддин Камолов.

Раҳмиддин Камолов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош 10 нафар, асосан, ўзбекистонлик бўлган меҳнат муҳожири маъмурий жавобгарликка тортилгани ва бугуноқ суд қилинишини айтди.

Раҳмиддин “Ёрдам” ташкилоти бу вазиятни кузатувга олгани ва имкони борича уларга бепул ҳуқуқий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG