Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Жазирамада қандай жон сақлаяпсиз?


Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошиб кетди. Синоптиклар бугунги кундаги жазирама бундан 54 йил аввал кузатилганини қайд этишди.

Рекорд даражадаги иссиқ

Синоптиклар маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда кузатилаётган иссиқ оби-ҳаво 1961 йилдан бери илк бор қайд қилинган.

Meteonovosti.ru нашри ёзишича, Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида юқори даражадаги иссиқ ҳарорат қайд этилаяпти. Энг юқори даражадаги иссиқ Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Томдибулоқ қишлоғида қайд этилган.

50 даража иссиқ

Ўзбекистон синоптиклари иссиқ оби-ҳаво августгача сақланиб қолиши, ҳарорат кундузи +44 ва +45 даражада бўлишини айтаяпти.

Бироқ 14 июль куни мамлакат жанубида яшовчи Озодлик муштарийлари ҳарорат 50 даражадан ошиб кетганини айтишди.

Жумладан, Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида ҳам термометр кўрсаткичлари 50ни кўрсатган:

- Жуда иссиқ бўлаяпти. Сояда 43-44. Очиқда бўлса, 50дан ошиқ. Жуда иссиқ бўлаяпти. Иложи борича обедгача ҳамма ишларини қилиб олиб, обеддан кейин зарур иши бўлмаса ҳеч ким чиқмайдида. Свет бўлса, вентилятор ишлатамиз. Свет йўқ пайтида чўмиладида одамлар. Бир пақир сувни устингиздан қуйиб, иссиқдан сақланасиз. Свет йўғида айнийдиган нарсаларни сақлаш проблема бўлаяпти лекин. Муаммо. Свет ўчганда холодильниклар ҳам ўчади. Нарсалар бузилиб қолаяпти лекин,- деди термизлик Ҳамид ака.

Хоразмликлар ҳам вилоятда ҳарорат 50 даража иссиқ эканлигини айтишди:

- Эрталабдан иссиқ бўлаяпти. Иссиқда кўчага чиқиш қийин. Дала ишларини эрталаб соат 6дан 9гача қиламиз. Кейин кўчага чиқиб бўлмайди. Фақат кечқурин соат 6дан кейин чиқаяпмиз кўчага,- дейди хоразмлик Алишер.

"Жазирада иш соатини қисқартиришсин"

Жазирама кўчада ишлайдиганлар, жумладан, бозор савдогарларига қийинчилик туғдираяпти. Озодлик Қорақалпоғистоннинг Чимбой бозорида савдо қилаётган муштарий билан боғланди:

- Телевизорда 45 кўрсатаяпти, лекин 50дан ошиқ бўлса керагов.

Озодлик: 50 даража иссиқда бозорда ўтирибсизларми?

- Ҳа, ўтирибмиз. Вентиляторни қўйиб, сувни ичиб ўтирибмиз.

Озодлик: Вентилятор ишлаëтган бўлса, демак электр бор.

- Электр бор. Сувни холодильникка солиб қўйиб ичаяпмиз.

Озодлик: Иссиқда бозорда нарсалар бузилиб кетмаяптими?

- Айримлари бузилаяпти энди, деди чимбойлик савдогар.

Нукуслик муштарий иссиқ кунлари ишчи-хизматчиларга қийин бўлаётганини айтиб, жазирамада иш соатларини қисқартиришни таклиф қилади:

- Ишлайдиган одамларга кичкина дам олиш берса бўлмайдими, ёмон иссиқ. Бошқа мамлкатларда бўлади-ку дам олиш. Ўзбекистонда бўлмайди нимага? Ҳамма касб эгасига қийин бўлаяпти иссиқда ишлаш,- дейди нукуслик муштарий.

Иссиқдан касаллар сони кўпайди

Бухоролик Баҳром исмли муштарий вилоятда ҳарорат 52 даражага кўтарилгани ҳақида хабар қилди.

“Иссиқда юраги хаста, қон босими баланд одамларга қийин бўлаяпти”, дейилади Баҳром хабарида.

Шифокорларнинг айтишича, жазирамадан, айниқса, кексалар ва болалар қийналмоқда.

Вилоят шифохоналаридан олинган маълумотга кўра, иссиқ боис касалхонага мурожаат қилаётганлар сони сезиларли даражада ошган.

“Айниқса, қон босими ошганидан шикоятлар кўп. Иссиқ ҳарорат таъсирида юрак уриши маромининг бузилиши ва ҳушнинг йўқотилиши, шунингдек, патологик ҳолатларнинг, хусусан, юрак-қон томир ва респиратор касалликларнинг оғирлашиши кузатилаяпти. Офтоб уриши ҳолатлари ҳам бир-иккита бўлаяпти. Офтоб урганда ҳушидан кетиб, нафас олиш қийинлашади, бош оғриқи бўлади”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз шифокор.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида экстремал иссиқ ҳарорат пайти ҳимояланиш бўйича аҳолига тавсияларни эълон қилди.

“Жазирамада юришдан сақланинг. Кўпроқ салқин хоналарда бўлишга ҳаракат қилинг. Куннинг энг иссиқ палласида кўчага чиқишдан сақланинг. Имкон қадар оғир жисмоний ҳаракатлар қилманг. Болалар ва жониворларни автомобил ичида қолдирманг”, дейилади жумладан вазирлик тавсиясида.

Тошқин хавфи бор

Айни пайтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қор эришининг кучайишидан дарёлар суви кўтарилиши натижасида қирғоққа яқин ҳудудларни сув босишидан огоҳлантирди.

“12-19 июль кунлари Ўзбекистон бўйича меъёрдагидан 5-6 С даража юқорироқ ҳарорат кузатилиши ҳамда муз эриши оқибатида Фарғона водийсининг дарёларида сув тошқини юз бериши эҳтимоли борлиги” айтилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг СМС хабарида.

Бугунги кунда иссиқ ҳаво ҳарорати бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда. Жумладан, Ҳиндистонда жорий йилда ҳаво ҳарорати фавқулодда исиб кетгани туфайли нобуд бўлган кишилар сони 2 мингдан ошди. Покистонда ҳам ҳаво ҳарорати ҳаддан зиёд исиб кетиши ортидан 500га яқин одам ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG