Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Аъзам Фармонов турмуш ўртоғи унинг қийноққа тутилганини билдирди


Азам Фармонов 2006 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасида сақланади
Азам Фармонов 2006 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасида сақланади

Озода Ёқубованинг Озодликка маълум қилишича, 1-2 июль кунлари турмуш ўртоғи билан Жаслиқ қамоқхонасида учрашган пайти Аъзам Фармонов унга Нукусдаги тергов изоляторида қийноққа солинганини айтган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов 2006 йили “товламачилик”да айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Фармонов устидан чиқарилган ҳукм замирида “сиёсий сабаблар” турганини билдирганлар.

Аъзам Фармонов қамоққа олингунга қадар фермерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Шу йил апрель ойида Аъзам Фармоновга берилган жазо муддати муассаса тартибини бузганлик айблови асосида яна 5 йилу 26 кунга узайтирилди.

Аъзам Фармонов шу йил бошида Жаслиқ қамоқхонасидан БМТ бош котибига очиқ мактуб йўллаб, қамоқхона маъмурияти уни “руҳий ва жисмоний қийноқлар остида” ушлаб келаётганидан шикоят қилганди

"Кишан излари"

"Жудаям озиб кетибди январь ойида кўрганимдан. Нимага озиб кетдингиз, деб сўраганимда, хўжайиним, яшашни ҳам хоҳламай қолдим, деди қаттиқ изтиробга тушиб", деди Озода Ёқубова Озодлик билан суҳбатда.

Унинг илова қилишича, Аъзам Фармонов озодликка чиқишига саноқли ойлар қолар экан уч марта изоляторга ташланган.

"Январь ойида 5 кунга изоляторга ташлашган, февраль ойида 10 кунга изоляторга ташлашган, март ойида 20 кунга изоляторга ташлашган. Яъни умрбод қамоқда ўтирадиганлар турмасига олиб ўтиб,20 куда жуда қаттиқ қийнашган. Бошига нафас қисувчи махсус резинали мосламалар кийгизиб, қийноққа солишган. Ҳаво қисганда, ҳаттоки, ҳушимдан кетиб қолаёздим Бошимга қоп кийгизиб, бошимни энгаштириб олиб ўтишди мени, деб менга гапириб берди. Ҳаттоки, қўлида қолган наручник изларигача кўрсатди менга", дейди Озода Ёқубова Озодлик билан суҳбатда.

У Аъзам Фармонов «қўлига ботиб кетган» кишан изларини ўз кўзи билан кўрганини айтди.

Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғига иқтибосан илова қилишича, Фармонов изоляторда сақланган маҳали кучли "руҳий босимга учраган".

"Кечаси билан ёнимдаги карцерларда дод-фарёдларни эшитишга мажбур бўлдим. Жуда қаттиқ руҳий босим бўлди. Мен кечаси билан ухлай олганрим йўқ 20 кун давомида. Бир умрга қамалганлар карцерида 20 кун бир ўзим ўтирдим, дедилар", дейди Озода Ёқубова.

Озода Ёқубова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:26 0:00
Бевосита линк

Озодлик Озода Ёқубова иддаолари юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасидан изоҳ ололмади​.

"Мунтазам" қийноқлар

Халқаро ташкилотларга кўра, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 20 йил муқаддам имзолаган эса-да, мамлакатда қийноқлар давомли қўлланилади.

Махсус тартибдаги Жаслиқ қамоқхонасида, маҳаллий ҳуқуқбонларга кўра, 500дан зиёд маҳкум сақланади.

Маҳкумларнинг аксарини сиёсий ва диний ташкилотларга аъзоликда айбдор деб топилганлар ташкил этади.

2002 йилда мамлакат қамоқхоналарини бориб кўрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистоннинг дастлабки тергов ҳибсхоналари ҳамда жазо муассасаларидан қийноқларнинг "мунтазам" қўлланишини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ маърузачисининг хулосасини рад этмаган, аммо унинг қийноқларга чек қўйиш ҳақидаги тавсияларини ҳам бажармай келади.

Ўзбекистонда 2003 йилда қабул қилинган "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" орадан бироз вақт ўтиб, унутилган.

2012 йил охирида Президент Ислом Каримов қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан, аммо кузатувчилар қамоқхоналарда аҳвол амалда умуман ўзгармаганини айтишади.

XS
SM
MD
LG