Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:50

Қирғизистонда Мелис Мирзақматовни сиёсатга қайтариш ҳаракати бўлаяптими?


Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов ҳокимликдан бўшатилгач, мухолифатга қўшилганини билдирган.
Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов ҳокимликдан бўшатилгач, мухолифатга қўшилганини билдирган.

Қирғизистонда “Ата Мекен” сиёсий партияси яқинлашаётган парламент сайловларида Ўш шаҳрининг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов ташкил қилган“Улуттар биримдиги” сиёсий партияси уларни қўллаши тўғрисида маълум қилди.

Сиёсатшунослар “Ата Мекен”ни етакчиси қидирувда бўлган партиянинг фойдасидан ғалваси кўп бўлишидан огоҳлантирмоқда.

“Ата Мекен” социалистик партияси “Улуттар биримдиги” билан бирлашиш ниятида эканини Қирғизистон парламентидаги “Ата Мекен” фракцияси депутати, вице-спикер Асия Сасиқбаева тасдиқлади.

Унга кўра, ҳозирча партияларнинг бирлашиши тўғрисида музокара бошланмаган:

- Партиялар бирлашмайди, фақат “Улуттар биримдиги” бизнинг сиёсатимизни, идеологиямизни қўлламоқда. Қилаётган ишимизни кўриб, ҳақиқат учун курашаётганимизни, давлат манфаатларини ўйлаётганимизни қўллашмоқда, - дейди Асия Сасиқбаева.

“Улуттар биримдиги” партиясининг жанубий ҳудудлар бўйича штаби раҳбари Абдижапар Ақулов 10 июлга қадар “Ата Мекен”ни қўллаш борасида расман маълум қилинишини айтди. У мазкур келишув Мелис Мирзақматовнинг ҳозирги аҳволига ижобий таъсир кўрсатишидан умид қилмоқда:

- Музокаралар кетаётгани ҳақиқат. Бизнинг сиёсий кенгаш июль ойининг биринчи ўн кунлигида ўз позициясини очиқ маълум қилади. Шунингдек, партиямиз етакчисининг бугунги вазиятини енгиллатадиган тўғри йўлни топиш учун ҳаракат қилинмоқда, - деди Абдижапар Ақулов.

Айни пайтда қирғизистонлик кузатувчилар мазкур икки партия сайлов жараёнидагина бирга бўла олади, деб ҳисобламоқда. Уларга кўра, “Ата Мекен” партияси етакчиси Ўмурбек Текебаев билан Мелис Мирзақматовнинг сиёсати осмон билан ерчалик фарқ қилади ва сайлов ўтиши билан уларнинг ҳамкорлиги тўхтайди.

- Ҳукумат асосий рақибларининг бирлашувини ёқтирмайди. Сайловда тўсқинликлар бўлади. Иккинчидан, "Улуттар биримдиги”нинг обрўси аввалгидай эмас. Бир қатор аъзолари бошқа партияларга ўтиб кетган. Мирзақматовнинг халқ билан алоқаси ҳам анча узилиб қолган, - дейди ўшлик сиёсий таҳлилчи Эркин Абдуразаков.

2014 йилнинг 15 январь куни Ўш шаҳар ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловда ҳокимликка сайланмай қолган Мелис Мирзақматов 2010 йилги Ўш қирғини пайтида ҳам шаҳар мэри лавозимида ишлаган. Қирғизистон ҳукумати уч йил давомида уни лавозимидан бўшатишга бир неча маротаба уринган, лекин бу уринишлар натижа бермаган эди.

2013 йилнинг 5 декабрида Мелис Мирзақматов Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан олинган. Мелис Мирзақматов ўзига нисбатан жиноят ишлари очилганидан сўнг Қирғизистонни тарк этган эди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ - тартибот органлари уни қўлга олиш учун қидирувга берган.Ҳозирда “Улуттар биримдиги” партияси етакчиси Мелис Мирзақматовнинг Россияда экани айтилади.

“Улуттар биримдиги” партиясидан бир неча ўзбек лидерлари Ўш шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган эди.

XS
SM
MD
LG