Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Ўшда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуф кутубхонаси очилмоқда


Ўшда яқин кунларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида кутубхона очилади. Кутубхонада асосан Шайх ҳазратлари қаламига мансуб китоблар, шунингдек,турли ўқув қўлланмалари, ўзбек, қирғиз, рус ҳамда ғарб адабиётига оид асарларни топиш мумкин. Ташкилотчиларга кўра, бу ерда ўқувчилар Шайх ҳазратлари китобини ўқиш билан бирга, уни сотиб олиш имконига ҳам эга бўлади.

Яқин кунларда очилиши кутилаётган кутубхонани ўз исмини очиқлашни истамаган, бироқ биз билан суҳбатлашишга рози бўлган ўшлик ёш фаоллардан бири ташкил қилган.

Суҳбатдошимиз кутубхонани ташкил этишдан мақсад инсонларга китоб ўқишга бўлган муҳаббатни қайтариш эканини айтар экан, мана буларни қўшимча қилди:

- Биз бу кутубхонани очишимиздан мақсад аввалам бор устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш. Иккинчидан, шаҳримизда магазин, суппермаркет, савдо марказлари кўпайиб кетаябди. Инсонлар маданий ҳордиқ чиқарувчи масканлар эса йўқ. Чет эллик меҳмонлар келиб шаҳримизни сайр қилса “бу ер катта бозор экан”, деган хулосага келиши турган гап. Бу ерда одамлар илмий тарафдан камол топишига сабабчи бўлувчи биронта жой йўқ. Шу томонидан биз озгина уялиб ҳам қолдик ва ўйланиб кўриб, кутубхонага Шайх ҳазратларини номини бердик, - дейди суҳбатдошимиз.

Кутубҳона учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари Ўзбекистондан олиб келинади:

- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари бевосита Тошкентдан олиб келинади. Ҳаммаси ҳужжатлаштирилган ҳолатда бўлаяпти. Ўзимизнинг диний идоралар, муфтиятдан рухсат олинган, барчасига рухсат берилган. Бошқа китобларимиз ўзимизнинг Ўшдан ёки Бишкекдан олиб келинган китоблар бўлади. Яқинда Россиядан ҳам китоблар келади, - дейди кутубхона ташкилотчиси.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб барча адабиётларни ўшлик ўқувчига етказишни мақсад қилган кутубхона иш бошқарувчиси Раҳимжон Алижоновга кўра, кутубхонада диний китоблардан ташқари турли ўқув қўлланмалари, болалар учун мўлжалланган адабиётлар, юридик китоблар, ўзбек, қирғиз, рус ҳамда ғарб мумтоз адабиёти асарларини топиш мумкин бўлади.

Масалан, кутубхонада Алишер Навоий, Яссавий, Машраб, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, қирғиз халқ ёзувчиларидан Чингиз Айтматов, Тўлаган Қасимбеков, Алиқул Ўсмўнов, ғарб адабиётидан Агата Кристи, Артур Конанд Доил, Франц Кафка каби ижодкорлар асарларидан баҳраманд бўлиш мумкин:

- Бу Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Очиқ хат” китоби. Бу китоб жанубий Қирғизистонда ёшлар учун янги дастурил амал бўлиши мумкин деб ўйлайман. Чунки бу китоб ҳозирда ёшларимизнинг, тенгқурларимизнинг кўпчилиги адашиб, бошқа йўллар, бошқа фирқалар, бошқа оқимларга бўлиниб кетаётганига раддия сифатида чиқарилган. Бу китобни ота-оналар, ўсмирлар, ўқувчилар, талабалар ўқиб, ўзларидаги камчиликларни тузатишади деган умиддаман, - дейди Раҳимжон Алижонов.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг илк муфтийси бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти давомида 100дан зиёд китоб ёзган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу йилнинг 10 март куни 62 ёшда Тошкентда вафот этган. Шайх жанозасида 200 мингдан зиёд инсон қатнашгани хабар қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш ишлари дунёнинг бир қатор мамлакатларида амалга оширилмоқда. Масалан, Қозоғистонда бир масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилди, Жанубий Кореяда ҳам шундай ишлар амалга оширилди. Чеченистонда Рамзан Кадиров ташаббуси билан бир кўчага Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилган.

XS
SM
MD
LG