Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

ИД сафидаги собиқ ОМОНчи ақлдан озмаганини айтмоқда


Тожикистонлик собиқ ОМОНчи Гулмурод Ҳалимов.
Тожикистонлик собиқ ОМОНчи Гулмурод Ҳалимов.

Тожикистонлик собиқ ОМОН қўмондони, ҳозирда “Исломий давлат” гуруҳи сафида бўлган Гулмурод Ҳалимов Интернетда ўзининг ақлдан озмагани ҳақида янги видеомурожаат ёйинлади. Мазкур мурожаатда у ўзини уйга қайтишга даъват қилган яқинларига ҳам пўписа қилган.

Ҳалимовнинг янги видеомурожаати Тожикистондаги айрим оммавий ахборот воситаларида унинг ақлдан озгани ҳақида иддаолар урчиганидан кейин пайдо бўлди.

“Мен мутлақо соғломман. Мен ҳайрон бўлиб турибман. Унақа бўлса, сизлар “ақлдан озган одам”ни қандай қилиб тайёргарликдан ўтиш учун АҚШга юбордингиз, унга полковник унвонини бердингиз, уч марта медаллар билан тақдирладингиз. Агар мен жинни бўлсам, демак, Ички ишлар вазирлигидаги бошқа полковниклар ҳам худди шунақа”, дейди собиқ ОМОНчи Гулмурод Ҳалимов ўз мурожаатида.

Гулмурод Ҳалимов ўз мурожаатида Тожикистон Адлия вазирлигида ишлайдиган биродари Саидмурод Ҳалимов очиқ хатига ҳам жавоб берган. Гулмурод “Исломий Давлат” гуруҳига қўшилиб кетгани ойдинлашгач, подполковник Саидмурод Ҳалимов уни Тожикистонга қайтиш ва ўзини одил маҳкамага топширишга чақирганди.

“Исломий давлат” гуруҳининг қора байроғи қабатида туриб гапирган Гулмурод Ҳалимов акасининг чақириғини рад қилади.

“Оллоҳга қасамки, мен қуролимни фақат кофирларга қарши ишлатаман. Агар биродарим кофирга айланиб, менга қарши чиқса, унинг калласини шахсан ўзим оламан”, дея таҳдид қилади собиқ тожик ОМОНчиси.

Май ойида тарқатилган аввалги видеосида собиқ ОМОН қўмондони Гулмурод Ҳалимов ўзининг “Исломий Давлат” жангари гуруҳ сафига қўшилганини эълон қилганди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Олий академияси битирувчиси бўлган Ҳалимов ўз мурожаатида бир неча марта АҚШ ва Россияда террорчиликка қарши кураш бўйича махсус дастурларда иштирок этганини айтган.

Мазкур мурожаатда Гулмурод Ҳалимов ўз миллатдошлари ва диндошларини муқаддас жиҳодга даъват қилганди.

Шундан сўнг Тожикистон расмийлари Ҳалимовга қарши жиноят иши очганлар. У Тожикистон Жиноят кодексининг давлатга хиёнат ва хорижий давлатлар ҳудудида ноқонуний қуролли гуруҳлар сафида жангда иштирок этганликка оид моддаларида айбланмоқда. Ҳозирда бу одам халқаро қидирувга берилган.

XS
SM
MD
LG