Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

"Ўзбекистон темир йўллари" хусусий қўлларга ўтаётгани айтилмоқда


“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик ширкатининг хусусий қўлларга ўтаётгани айтилмоқда. Узметроном нашри хабарига кўра, давлатга қарашли акциядорлик ширкатининг навбатдан ташқари мажлисида бу ҳақда маълум қилинган. Интернет нашри исми келтирилмаган норасмий манбаларга таяниб, ширкатдаги давлат активларини гўё россиялик миллиардер Алишер Усмоновга яқин бизнес тузилмалар сотиб олганини иддао қилмоқда.

Озодлик апрель ойида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбарияти МХХ тарафидан тергов қилинаётгани ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, Озодлик манбалари “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясини 13 йилдан буён бошқариб келаётган Очилбой Раматовни ишдан олиш ҳаракатлари кетаётганини ҳам билдирган эди.

Озодликнинг ишончли манбалари “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг камида уч мулозими ишдан олинганини билдирган эди. Манбаларнинг иддао қилишича, МХХ томонидан қатор молиявий жиноятларда айбланган мулозимларга нисбатан очилган жиноят иши прокуратурага оширилган.

Манбалар Раматовнинг уч ўринбосари Даврон Деҳқонов, Шерзод Исматуллаев, Шуҳрат Содиқовлар ишдан олинган ва уларга нисбатан жиноят иш қўзғатилганини иддао қилган. Лекин бу иддаоларни Озодлик ҳозирча бошқа манбалардан тасдиқлата олмади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати расмий сайтида Очилбой Раматов ва номлари келтирилган ўринбосарлари ҳамон ўз лавозимларида қолаётгани кўрсатилган.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов матбуот хизмати 18 июнь куни пайдо бўлган иддаолар юзасидан Озодлик юборган сўровномага жавоб қайтарганича йўқ.

Узметроном нашри 18 июнь куни тарқатган хабарда акциядорлик ширкатидан давлат активлари чиқарилиб, хусусий қўлларга ўтиши орқали Очилбой Раматовнинг ишдан четлатилиши воситаси бўлиши мумкинлиги иддао қилинади.

Мустақил кузатувчилар, мамлакат темир йўллари соҳаси монополисти бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар учраб туриши ҳақида гапириб келишади.

Жумладан, Trans-Port порталида “Ўзбекистон темир йўллари”нинг қўшни давлатлар ширкатлари билан салбий муносабатда экани ҳақида эълон қилинган мақолада "Ўзбекистон темир йўллари"нинг барча тармоқларида коррупция авж олгани ва масъулиятсиз бошқарув тизими шакллангани"ни айтилган.

Портал таҳлилчиси Ўзбекистондаги темир йўл тизимининг приватизация қилинмагани ва рақобатнинг йўқлиги боис бу соҳадаги ривожланиш кўлами сустлигини айтиб, танқид қилган.

Очилбой Раматов “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК бошқаруви раиси лавозимини 2002 йил октябридан буён эгаллаб келмоқда. Меҳнат фаолиятини тепловоз машинистининг ёрдамчиси лавозимидан бошлаган Раматов кейинги йилларда "Фидокорона хизматлари учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланиб, шахсан президент Каримов томонидан бир неча бор мақталган.

“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 1994 йил 7 ноябрида собиқ Ўрта Осиё темир йўллари негизида ташкил этилган.

Миллий ширкат тасарруфидаги йўлларининг умумий узунлиги 3645 километрга яқинни ташкил этади. Компанияда 54,7 мингдан зиёд одам ишлайди. Компаниянинг йиллик юк айланмаси барча турдаги транспорт юк айланмасининг 90% га яқинини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG