Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:53

"Россияда ўзбек қочқинини ўғирлашга уриниш бўлди"


Шаҳобиддин Ўринов судда.
Шаҳобиддин Ўринов судда.

Россиянинг Орлов вилоятидаги колониядан яна бир ўзбекистонлик қочқиннинг ўғирлаб кетилиши олди олинди. “Фуқаровий кўмак” ташкилоти адвокатлари хабар қилишича, Ўзбекистонда қатор моддалар асосида қидирувда бўлган наманганлик Шаҳобиддин Ўриновга нисбатан Россия Бош прокуратураси томонидан экстрадиция текшируви кетмоқда. 2012 йилнинг сентябридан буён Россия қамоқхонасида қолаётган ўзбек қочқини сиёсий бошпана сўраб Россия ҳукуматига мурожаат қилгани маълум бўлди.

Ўз юртида қидирувда ва Россия прокуратураси экстрадиция текшируви остида бўлган 29 ёшли учқўрғонлик Шаҳобиддин Ўриновнинг ўғирлаб кетилиши олди олинди, дея хабар қилди “Мемориал” қошидаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимлари.

Ўриновнинг ҳимоясини таъминлаётган адвокат Илларион Васильев Озодлик билан суҳбатда июнь ойи бошларида ўзбекистонлик муҳожирни ҳибсда сақлаш муддати яна икки ойга узайтирилгани негадир у сақланаётган Орлов вилояти Наришкино қўрғонидаги 5-сонли ахлоқни тузатиш колонияси бошлиғи ғазабини келтирди, дейди:

- Биз колония эшиги олдига келганимизда машинада ўтирган икки нафар осиёликни кўриб қолдик. Кейин прокуратура ҳам уни бериб юбориш ёки юбормаслик масаласида иккиланаётганига гувоҳ бўлдик. Биз келганимиздан кейингина прокурорлар экстрадиция текшируви давом этишини маълум қилди. Колония ичкарисида коридорда чиқиб олган ва прокуратура вакили билан қизғин суҳбатлашаётган ва норози эканини билдираётган колония бошлиғини кўрдик. У бизга Ўриновни бериб юборсак ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги, уни депортация қилиш кераклигини ҳаяжонланиб тушунтиришга уриниб кўрди,- дейди адвокат Васильев.

Ҳимоячининг маълум қилишича, 2014 йилнинг 7 апрелида Шаҳобиддин Ўриновни маҳаллий “миграция қоидаларини бузганлиги учун” Россиядан депортация қилиш тўғрисида Россия Адлия вазирлиги қарори ўз кучини сақлаб қолган. Қизиғи, қандай қилиб Ўринов қамоқхонада бўла туриб, Россия миграция қонунларини бўзишга улгургани тўғрисида савол очиқлигича қолмоқда.

Адвокатлар 5-сонли колония раҳбари “депортация қарори турганида экстрадиция қилишнинг нима ҳожати борлиги” тўғрисида прокурорга эътироз билдирганига ҳам гувоҳ бўлган.

Илларион Васильев Шаҳобиддинга қочқинлик олувчи мақомини расмийлаштириш учун зарурий ҳужжатлар Россия Бош прокуратурасига юборилганини ҳам айтди.

- Ўтган йилнинг сентябрида бошқа бир ўзбекистонлик қочқин йўқолиб қолганини инобатга олиб, биз бу йигитни ҳам шу тарзда олиб кетишлари мумкинлигидан хавотирда эдик. Прокуратура бир кундан кейин ниҳоят бизга экстрадиция текшируви бўлаётганини билдирди. Ўринов озодликка чиққач, дарҳол экстрадиция текшируви учун яна ҳибсга олинди. Биз учун унинг ҳозирча қамоқда қолиши маъқул – уни ўғирлаб кета олишмайди, деди ҳуқуқ фаоли Илларион Васильев.

Озодлик Наришкино қўрғонидаги 5-сонли ахлоқни тузатиш колонияси раҳбариятидан Шаҳобиддин Ўринов битлан боғлиқ вазият ҳақида бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Эслатиш жойизки, Ўринов сақланаётган айни 5-сонли ахлоқни тузатиш колонияси (ИК №5)дан 2014 йилнинг сентябрида ўғирлаб кетилган сурхонлик 49 ёшли Жавлиддин Ғаниевнинг жасади Ўзбекистондаги ҳибсхонадан чиққани тўғрисида Озодлик хабар берган эди. Шу колония раҳбарияти Жавлиддин Ғайниевга нисбатан экстрадиция текширувини ўтказмасдан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига бериб юборганини гапирмоқда ҳимоячилар.

Шаҳобиддин Ўринов ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган яна бир адвокат - Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев унинг ҳимояси остида қолаётган қочқин яқинларига Ўзбекистон МХХси томонидан бўлаётган тазйиқлар ҳақида айтган эди:

- Шаҳобиддин қидирувда эканини ўзи билмаган. Унга ота-онаси телефон қилиб айтишган. МХХ ходимлари ота-онасига психологик босим ўтказган. “Биз хоҳлаган ишимизни қиламиз”, деган гапларини ва мана шу қамоқхонада унга қилинган тазйиқлар ҳақида Шаҳобиддин Россия прокуратурасига айтиб берди. Уни Ўзбекистонга жўнатиб юбориш ҳужжати тап-тайёр турган экан. У шу куни олиб кетилиши керак эди, деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, 1985 йилда Наманган вилоятининг Учқурғон шаҳрида таваллуд топган Шаҳобиддин Ўринов 2012 йилнинг сентябрида Орёл вилоятида маҳаллий полиция ходимлари томонидан қамоққа олинган. Ҳимоячиларга кўра, Ўринов сохта айбловлар билан қалбаки пул тарқатишда айбланиб, суд томонидан 2,5 йилга қамоққа ташланган.

Ҳамроев наманганлик қочқин Ўринов Ўзбекистонга бормасдан 3-4 йил Россияда яшагани учун Миллий хавфсизлик хизмати назарига тушган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўзбекистондан юборилган сўровномадан аниқланишича, Шаҳобиддин ўз юртида қатор диний айбловлар, хусусан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ва ҳатто 155-моддаси (Терроризм) бўйича айбланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотлари сўнгги 2-3 йилда Россиядан асосан марказий осиёлик бўлган 20дан ортиқ қочқин ноқонуний йўллар билан ўғирлаб кетилгани ёки олиб чиқилгани қайдга олинганини хабар қилмоқда. Бундай “махсус амалиётлар” бўйича россиялик ҳамкасблари ёрдамида ўзбекистонлик махфий хизматлар “пешқадамлик” қилаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG