Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:31

Иззатулло Рахматуллаев: Инсонийлигини унутмаганлар тақдирланиши керак


Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатулло Рахматуллаев Ўш воқеаларининг 5 йиллиги арафасида милиция адолатсизлигидан шикоят қилганлар деярли қолмаганини айтмоқда.
Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатулло Рахматуллаев Ўш воқеаларининг 5 йиллиги арафасида милиция адолатсизлигидан шикоят қилганлар деярли қолмаганини айтмоқда.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Изатилло Рахматуллаев Ўш воқеаларида қирғизларни қутқарган ўзбеклар ва ўзбекларни қутқарган қирғизларни тақдирлашни сўраб Қирғизистон президентига мурожаат йўллади. Унга кўра, воқеанинг 5 йиллиги арафасида турли иғволар ва миш-мишлар кучайгани кузатилмоқда. Ҳукума томонидан икки миллат қахрамонларни тенг тақдирлаш эса бу каби иғволарнинг ривожланмаслигига омил бўлади.

Ўшдаги “Қонун ва тартиб” жамоатчилик фонди раҳбари, ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев Ўш воқеаларига 5 йил тўлиши муносабати билан Президент Алмазбек Атамбаевга юборган мактуби борасида мана буларни айтди:

- Мен Қирғизистон президентига қилган мурожатимда 2010 йили Ўш қирғини чоғида кўплаб қирғизлар ўзбекларни, ўзбеклар қирғизларни сақлаб қолганининг гувоҳи бўлганимизни ёздим. Сўнгги пайтларда Ўш қирғинининг 5 йиллиги муносабати билан турли оммавий ахборот воситаларида ҳар ҳил мақолалар чоп этилмоқда, уларда ёзилган гапларнинг кўпи ҳақиқатга тўғри келмайди. Шуни олдини олиш, ўшаларга бир жавоб тариқасида мурожат қилдим 2010 йилда бир бирини сақлаган одамларни рағбатлантириш ва тақдирлаш ҳақида. Масалан, ёнғин бўлган жойда биронта одамни хаёти сақлаб қолинса, унга медал беради, давлат қандайдир бир ёрлиқлар бериб рағбатлантиради. Бу ерда ўнлаб, юзлаб одамларни хаётини сақлаб қолган инсонларга хеч қандай эътибор берилмаган. Мен президентдан илтимос қилдим,шу одамларни давлат рағбатлантирса, шуни аҳолига кўрсатса, одамлар кўриб, “тўхта, орамизда шундай виждонли одамлар бор экан”,-деб бошқалар ҳам ўрнак олармикан, деган мақсадни кўзлаб президентга мурожаат қилдим, -дейди Изатилло Рахматуллаев.

Изатилло Рахматуллаев бундан беш йил олдин содир этилган Ўш воқеаларидан жабрланган фуқароларга хуқуқий ёрдам берган ва бериб келмоқда. Бундан ташқари у воқелар пайтида оғир яраланиб, қўшни давлатларда даволанишга мажбур бўлган одамлар учун ҳам хайрия уюштирган фаол ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.

-Бугунги кунда қирғиз жамияти ҳам ўзбек жамияти ҳам бўлиб ўтган воқеаларга ўз баҳосини берди. Ким айбдор?, Қайси томондан шамол эсганини ҳаммаси тушунишди. Бугунги кунда қирғиз билан ўзбекни ўртасида бир-бирига нисбатан душманлик ҳиссиёти йўқ, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳуқуқ фаолига кўра, 2010 йилдан сўнг милиция адолатсизлигидан шикоят қилган фуқаролар сони жуда кўп бўлган. Бироқ 2015 йилнинг бошидан шу кунга қадар Ўш шаҳрида милиция адолатсизлигидан шикоят қилинган биронта ариза тушмаган.

- Милицияда бўлаётган зўравонликларга ҳам барҳам берилди. Бугунги кунда милиция устидан арзланиб келган одам деярли йўқ. Янги йилдан бери биронта милиция ҳодими ёки куч ишлатар орган ҳодимлари устидан ҳали бери бизга арз келмади. 2010-11-12-13 йилларда ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари адолатсизлигидан ва зўравонлигидан шикоятлар жуда кўпайган эди. Ўшанда мурожаат қилиб келганлар юзасидан биз ўз вақтида доимий равишда оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотларга маълумот бериб борганмиз. Шаҳар ҳокими ва ички ишлар бошқармасига янги раҳбар келганидан сўнг бу муносабатлар ўзгарди, бунақа кўринишлар озайиб бораяпти, - дейди Изатилло Рахматуллаев.

2010 йилда Қирғизистон жанубида этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар, бунинг ортидан 4 кун — 10 июндан 14 июнга қадар давом этган қонли воқеалар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган, яна минглаб одам уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, миллатлараро тўқнашувларда қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

2010 йил июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир. Ўш воқеалари юзасидан ўтаётган маҳкамаларининг баъзилари бугунги кунгача давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG