Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Ромитонда Бобомурод Ҳамдамов концертига билетлар мажбурлаб сотилаяпти


Таниқли ҳофиз Бобомурод Ҳамдамовнинг 5 июнь куни Бухоронинг Ромитон туманида бўладиган концертига чипталар аҳолига мажбурлаб сотиляпти.

Озодлик манбаларига кўра, чипталар нархи 10 минг сўмдан бошланади ва уларнинг катта қисми туман ҳокимияти тарафидан давлат корхона ва ташкилотлари, ўқув муассасаларига тарқатилиб, “ихтиёрий- мажбурий” тарзда сотилмоқда.

Ўзини Ихтиёр деб таништирган ромитонлик банк ходими бу ҳақда Озодликка шуларни айтди:

- Тўғрисини айтсам, менга бунақа концертларнинг қизиғи йўқ, лекин бу ҳокимиятдагиларни қизиқтирмайди. Ҳар бир ташкилотнинг бўйнига қўйиб қўйган, шуни оласизлар, вассалом деяпти. Концертга борсак-бормасак ҳар бир ходим иккитадан олишга мажбур бўляпти, - дейди ромитонлик банк ходими.

Ромитон тумани почта ходими ҳам билетлар давлат идоралари ишчиларига мажбурлаб сотилаётганини тасдиқлайди:

- Концерт стадионда бўлади, одам йиғиш проблема бўлаётган экан. Ҳар бир идорага 30-40тадан билет тарқатилган, - дейди ромитонлик почта ходими.

Шунингдек, маҳалла фаоллари ҳам уйма-уй юриб, аҳолига билет тарқатмоқда.

– Қўшним маҳалла раиси, уларга ҳам беришган экан, олинг, дедилар, олдим, чунки Бобомурод Ҳамдамовдай қўшиқчининг концертига бормай бўладими. Улар мажбурлаб сотяпти, лекин мен ўзим хоҳлаб иккита олдим, - дейди ромитонлик аёл.

Ромитонда билетлар мажбурлаб сотилаётгани ҳақида ҳокимият расмийларидан ҳам ҳофиз Бобомурод Ҳамдамовнинг ўзидан ҳам изоҳ ололмадик.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик санъаткорлардан бири қўшиқчи концертига билетлар ҳокимият орқали мажбурлаб сотилиши бежиз эмаслигини айтади.

- Ҳозир энг юлдуз ашуллачиларнинг стадионда бўладиган концертларига ҳам одам тўплаш қийин бўлиб қолган. Залга 3-4 минг одам кетса стадионга 15 мингдан кўп одам сиғади. Катта пул айланади. Бобомурод ака ҳам ўзининг ўрни бор санъаткор. Лекин, аҳолида пул йўқ. Тўйлар ҳам камайган. Бунақа концертларнинг кўпини ҳокимликлар ташкиллаштирганидан кейин, фойдани ҳам улар кўради-да. Билет пули арзимаган 10 минг сўмдай бўлиб кўринади. Лекин, қаранг, 15 минг одам кетадиган стадион. Ҳар бир одам 10 минг сўмдан билет олиб киради. Қанча пул тушади? Бобомурод қўшиғини айтиб, ваъда қилинган пулини олиб кетади. Унинг концертидан қанча пул тушади. Шунинг учун ҳокимиятдагилар идораларга тарқатиб бўлса ҳам максимум фойдасини кўришга уринади, - дейди ўзбек санъаткори.

Ўзбекистонда санъаткорларнинг концертлари, спорт мусобоқаларига чипталар аҳолига мажбурлаб сотилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўтган йили Наманган шаҳрида янги қурилган ўйингоҳда "Навбаҳор" ва "Олмалиқ" жамоалари ўртасида бўлган футбол ўйинига чипталар 100 минг сўмдан аҳолига мажбурлаб сотилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG