Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўзбекистонда қамалган президент жиянининг Латвиядаги мулки судда тортишилмоқда


Президент рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаевга қарашли Рига марказидаги Royal Square Hotel & Suites меҳмонхонаси.
Президент рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаевга қарашли Рига марказидаги Royal Square Hotel & Suites меҳмонхонаси.

Латвияда Ўзбекистон президентининг жияни ўзининг собиқ ҳамкорлари билан судлашмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётган президент жияни Акбарали Абдуллаевнинг вакиллари асли афғонистонлик тадбиркор, Латвия фуқароси Ғулом Муҳаммад Ғуломий билан Рига марказидаги иккита ҳашаматли меҳмонхона устида тортишишмоқда. Ўзбекистон президенти рафиқасининг жияни манфаатларини тамсил қилаётган адвокатлар афғонистонлик тадбиркорни Акбарали Абдуллаевнинг мулки бўлган икки меҳмонхонани рейдерлик йўли билан тортиб олганликда айбламоқда.

Рига марказидаги Royal Square Hotel & Suites ва Hotel Garden Palace меҳмонхоналари устидаги тортишув 2012 йилда, Акабарали Абдуллаев ҳали Ўзбекистонда муаммоларга дуч келмаган даврда бошланган. Ўшанда кутилмаганда Абдуллаев билан унинг бизнес ҳамкори Ғулом Ғуломий ўртасида зиддият юзага келади ва асли асли афғонистонлик бу тадбиркор ўз ихтиёридаги ҳужжатлар асосида мулкка эга чиқади.

Абдуллаевнинг вакиллари бу ҳужжатлар қалбаки деган даъволар билан судга мурожаат қилишади. Ҳозирда Ригада кўрилаётган суд маҳкамасида Абдуллаев манфаатларини тамсил қилаётган адвокат Улдис Скудранинг Озодлик мухбирига микрофонсиз суҳбатда айтишича, Royal Square Hotel & Suites Латвияда рўйхатга олинган 555 Brand Hotel фирмасига қарашлидир. Бу фирманинг асосий ҳақдори эса Шотландияда рўйхатга олинган Brook Organisation L.P. корхонасидир.

Акбарали Абдуллаев Ўзбекистон суди томонидан камида 800 миллион АҚШ долларини ноқонуний ўзлаштирганликда айбдор деб топилган.
Акбарали Абдуллаев Ўзбекистон суди томонидан камида 800 миллион АҚШ долларини ноқонуний ўзлаштирганликда айбдор деб топилган.

Қамоқдаги даъвогар

Латвия ва Шотландия реестрларида мазкур фирмаларнинг асл эгалари исмлари келтирилмаган. Шу йил бошроғида Ўзбекистонда 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган Абдуллаев ёзма тарзда Латвия судига юборган билдиршиномасида мазкур фирмалар унинг Латвиядаги бизнес ҳамкори Элёр Юнусов исмли шахсга қарашли эканини иддао қилган.

Мазкур фирмаларнинг юристи бўлмиш Улдис Скудранинг Озодликка айтишича, иккита ҳашаматли меҳмонхона кўринишидаги кўчмас мулк объектларининг асл хўжайини Ўзбекистон президенти рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаевнинг ўзидир.

Озодликнинг Абдуллаев Ўзбекистонда 10 йилга қамоққа ҳукм қилингани вазиятида унинг манфаатларини Латвия судида ҳимоя қилиш қандай кечмоқда, у билан алоқадамисиз, деган саволига Скудра “у билан алоқада эмасман, судда уни тамсил этишим учун бундай эҳтиёж йўқ”, дея жавоб берди.

Суҳбатдошимиз Рига судида эгалик ҳуқуқи кўриб чиқилаётган ва Абдуллаевга тегишли экани айтилаётган меҳмонхоналарнинг нархи неча пул эканига оид саволни очиқ қолдирди.

Собиқ шериклар

Акабарали Абдуллаев ва Ўзбекистон ҳокимиятига дахлдор бошқа шахсларнинг Латвиядаги бизнес фаолияти бўйича журналистик суриштирув ўтказган ҳамкасбимиз Шохида Ёқубнинг айтишича, гап ўнлаб миллион АҚШ доллари ҳақида кетмоқда. Абдуллаев билан унинг ҳамкори Ғуломий ўртасида 2000 йиллар бошларидан бери муносабатлар бўлган, дейди журналист.

- Ўша пайтларда Фарғона водийсидаги кўплаб корхоналар, жумладан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Акбарали Абдуллаев назоратида бўлган. Ғуломий Абдуллаевнинг Латвиядаги вакили бўлган. 2000 йиллар бошларидан Акабарали ва Ғуломий Латвияда бир нечта ширкатни ташкил қилишади. Мен текширган ҳужжатларда иккаласининг исми реестрларда бирин-кетин турганини кўрганман. Иккаласи эгалик қилган бу фирмалар ҳеч қандай бизнес фаолият билан шуғулланмаган, лекин фирмаларнинг ҳисоб рақамларига Ўзбекистондан катта маблағлар келиб тушган,- дейди Шохида Ёқуб.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон суди Акбарали Абдуллаевни давлатга камида 800 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтирганликда айбдор деб топган. Давлатдан ноқонуний тарзда ўзлаштирилган пуллар Абдуллаев ташкил қилган схемалар ёрдамида Европага, ундан Гибралтар, Британия Виргин Ороллари ва Белизда рўхатга олинган оффшор фирмалар ҳисоб рақамларига ўтказилган.

Журналист Шохида Ёқубнинг айтишича, Абдуллаев ташкил қилган пул ювиш схемалари жуда оддий ва қўпол бўлган. Хусусан, шу кунларда эгалик ҳуқуқи учун тортишилаётган кўчмас мулк объектларидан бири Royal Square Hotel & Suites меҳмонхонасини сотиб олишда ана шундай схемадан фойдаланилган.

- Масалан, ана шу меҳмонхонанинг тан нархи 2 миллион доллар бўлса, уни 23 миллион долларга сотиб олишади. Бу эса жуда ҳам оддий ва қўпол пул ювиш схемасидир. Яъни улар шунча пулни Ўзбекистондан олиб келишади ва уни қаергадир жойлаштириш эҳтиёжи пайдо бўлади. Албатта меҳмонхонага тўланган пул ҳам актив сифатида қолади, лекин 20 миллионлик фарқ қаерга кетгани мавҳум бўлиб қолади. Лекин бу ўша пайтда Ўзбекистондан олиб келинган пулни яширишнинг оддий усули бўлган,- дейди журналист.

Пулга эга чиққанлар ким?

Акбарали Абдуллаев ва у тузгани иддао қилинган жиноий гуруҳга кирувчи ўнлаб одам устидан ҳукм шу йил бошроғида ўқилган эди. Рига судида унинг манфаатларини тамсил қилаётган Улдис Скудра Озодликнинг Абудллаев собиқ бизнес ҳамкори Ғуломий билан қамоқдан туриб судлашмоқдами, унинг яна бир ҳамкори Элёр Юнусов ҳозирда Латвиядами, деган саволларни жавобсиз қолдирди.

Абдуллаев Ўзбекистон президенти рафиқаси Татьяна Каримованинг жиянидир.
Абдуллаев Ўзбекистон президенти рафиқаси Татьяна Каримованинг жиянидир.

Журналист Шохида Ёқуб Латвиядаги мулкини қутқариш 10 йилга қамоққа ҳукм этилган ва қачон чиқиши савол остида қолаётган Абдуллаев учун бирлмачи масала эмас, дейди. Лекин у ташкил этгани иддао қилинган схемалар орқали олиб чиқилгани айтилаётган ўнлаб миллион долларга бошқа гуруҳлар кўз олайтираётгани ва Латвияда давом этаётган суддаги даъвогарлар ортида айнан шу гуруҳлар турган бўлиши мумкин, дейди журналист.

- Қамоқда ўтриган Акбарали Абдуллаевга бу пул керак эмас. Лекин Абдуллаев олиб чиққан пуллар ичида Гулнора Каримованинг пуллари ҳам бўлган ва қандайдир гуруҳлар, масалан Миллий хавфсизлик хизматидаги гуруҳлар бу пулларга эга чиқмоқчи бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон МХХси мулозимларининг кўпи Латвияда кўчмас мулки, фирмалар, ҳисоб рақамлари бор. Латвия улар учун пул ювиш марказига айланган. Улар кимда қанча пул борлигини яхши билишади. Шулар ҳозир суд орқали ана шу миллионларга дахл қилишга ҳаракат қилишади. Албатта бу пулларни Ўзбекистон ғазнасига қайтариш мақсади йўқ, бу пуллар уларнинг чўнтагига тушади,- дейди журналист.

33 ёшли Акбарали Абдуллаев Ўзбекистон президентининг рафиқаси Татьяна Каримованинг туғишган синглиси Тамара Собированинг ўғлидир. Унинг отаси Ибодулла Абдуллаев Хоразм вилояти санэпидемстанцияси ходими бўлган. Айрим иддаоларга кўра, 1990 йиллар ўртасигача Абдуллаев Хоразмда яшаган, кейин холасининг панохида Фарғона водийсидаги йирик корхоналарни аста-секин ўз назоратига олган.

XS
SM
MD
LG