Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:25

"Биз буюк халқ эмасмиз!"


Рассом Рустам Бозоровнинг асари (фрагмент)
Рассом Рустам Бозоровнинг асари (фрагмент)

...Сизларга бир сирни очаман. Биз буюк эмасмиз. Бизнинг боболаримиз буюк эди. Сезиларли ютуқларга эриша олмай, ўтмишдан овунчоқ қидирган нотавонларга ўхшаймиз. Россиянинг шубҳали сифатга эга мусиқий шоуларида ғолиб бўлган болакайлардан “миллий ғурур” тимсолини ясаймиз. Санъаткорлар, спортчилардан кўкрак кериб фахрланамиз...

Ўқиганингиз сатрлар Ўзбекистонда иккинчи бор ўтказилган блогерлар чемпионати ғолибларидан бирининг блогидан кўчирмадир.

Якунлари куни кеча эълон қилинган чемпионат финалида беллашган ўн нафар блогер орасидан ҳакамлар ва муштарийлар овози асосида энг кучли учтаси аниқланди.

Чемпион блогерлардан бири "олимлар пойгакда қолиб, отарчилар тўрга чиқиб кетганидан" куйинса, яна бири мусулмон юртларда диний таълим устидан давлат монополиясини ўрнатишни таклиф қилади. Бошқа бирови эса “утопиянамо” хаёллари билан бўлишади.

Эътиборингизга ғолибларнинг блогларидан парчалар ҳавола этилмоқда. Ўқиб кўринг-чи, чемпионликка чиндан арзийдими улар?..

Азиз Қаршиев: “Тухум пўстлоғи ичида”

...“Биз буюк халқмиз!”, “Бизнинг урф-одатларимиз ва қадриятларимиз бор!”, “Биз ўзига хос менталитет ташувчиларимиз!”

Бу хитобларни танидингизми?

Буюклигимиз билан керилиш, ўзига хос урф-одатларимиз ва менталитетни ҳар кўчада пеш қилиш, албаттаки, барчамизга таниш ҳолат. 40-50 йил бурун Европа жамиятшунослигига киритилган, ҳанузгача мутахассислар орасида тўғри-нотўғрилиги баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “менталитет” тушунчасига ёпишиб олиб, ўзгача фикрни бўғмоқдамиз. Жамиятнинг асосий бойлиги пул эмас, фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигидир.

...Сизларга бир сирни очаман. Биз буюк эмасмиз. Бизнинг боболаримиз буюк эди. Сезиларли ютуқларга эриша олмай, ўтмишдан овунчоқ қидирган нотавонларга ўхшаймиз. Россиянинг шубҳали сифатга эга мусиқий шоуларида ғолиб бўлган болакайлардан “миллий ғурур” тимсолини ясаймиз. Санъаткорлар, спортчилардан кўкрак кериб фахрланамиз.

...Xалойиқ, тараққиётни, савияни мусиқа эмас, илм-фан, техника белгилаб беради! Фахрга арзийдиган олимлари, ёзувчилари, кашфиётчилари қолмаган одамлар тўдаси яна овунчоқ қидириб савияси ўзидан қолишмайдиган, фақатгина ширали овозга эга қўшиқчилардан нажот қидиради.

...Қўшиқчилар ва курашчилар жамияти! Қўшиқчилар фақат куйласа майли. Улар телевизордан чиқиб, бизга овқат қилишни, харид қилишни ўргатади. Концерт залларининг тўрини тўлдириб ўтирган “миллатимиз фахрлари” ўз кўнглида “халқ қаҳрамонлари” Озодбек, Ҳосилаю яна бир қанча исмлар, ҚВЗнинг бемаъни, савиясиз ҳазилларидан қаҳ-қаҳ отиб кулади.Ўз тақдирини, ёшлар онгини қўшиқчилар қўлига топшириб қўйган сўқир жамият!

...Ҳозир-чи? Темир деворни йиқитиб, кенг жаҳонга йўл оча олган, аммо тухум пўстлоғини синдириб, ёриб, том маънода эркинликка ва қайта туғилишга интилмаётган жўжалар тўпимиз. Мавҳумотлар, шаблонлар, хурофотлар пўстлоғи. Уни синдириш учун қаддимизни тиклашимиз кифоя, лекин...

Аввало ўзгача фикрни қабул қила олишни ўрганишимиз керак.

Носирхон Азизов: “Иммунитет”

...Ислом оламида, хусусан, Ироқ ва Сурияда кузатилаётган воқеалар инсонни беэътибор қолдириши мумкин эмас. Вазиятни баҳолашда, аксарият ҳолларда икки позицияни кўриш мумкин: Ислом динининг урушқоқ ва хавфли эканини айтаётганлар ва бу воқеаларнинг ва гуруҳларнинг ҳақиқий Исломга умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаётганлар.

...Нега кўп ҳолларда Ислом дини ниқоб бўлиб қолаётгани эса, бу диннинг камчилиги эмас. Ислом дини жаҳон динлари ичида энг ёш ва жонли диндир.

Бугунги христиан ёки яҳудийлик ёки бошқа динлардан фарқли равишда, исломда ҳаётнинг ўзи ибодатга тенглаштирилган. Инсоннинг Худо билан мулоқоти маълум кунларда ва соатларда, маълум соҳаларда эмас, ҳар бир нафасда экани илгари сурилади.

...Қуръонни англаш фақат арабчани билиш ёки уни таржимасини ўқиш билан бўлмайди. Қуръондаги ҳар бир калима турлича маъноларни касб этиши мумкинлигини ва ўқиган ҳар ким фарқли тарзда тушуниши, натижада турли йўналишлар ва оқимлар кўпайиб бориши эътиборга олсак – энг тўғри йўл, Қуръоннинг янгича маъноларини тортишмасдан, айнан китоб тушган вақтларда одамлар қандай тушунган, қандай маънолар касб бўлганига урғу беришдир.

…Мана шу йўл орқали эса, динни турлича талқин ёки реформа қилиш, оятларни ўз билганича шарҳлаб фатволар берувчи илмсизларнинг ҳақиқий башарасини очиш мумкин. Ҳар бир оятнинг қачон, қандай ҳолатда, қайси воқеага нисбатан тушгани, уни Пайғамбаримиз (с.а.в) қандай тушунтириб берганликлари, хадислар орқали шарҳлар ва бошқа манбалар билан қувватланган ҳолда Қуръонни ўқитиш мусулмон мамлакатларга ўзига хос иммунитет яратади.

...Мана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда диний таълимга жиддий эътибор қаратиш, керак бўлса, давлат томонидан тўлиқ назоратга олиниши энг тўғри ечим деб биламан. Мисол учун, ҳатто бир пайтлар, дин давлат миқёсида энг катта аҳамият касб этган даврларда ҳам диний таълимнинг монопол бўлиши энг муҳим нуқта бўлган.

Maqsud Salomov: “Huquqda bunday atama mavjud emas”

…Men Yaponiyaga kelganimdan beri, ya'ni 8 oydan beri Kyotodagi Ritsumeikan universtitetiga qarashli "International House 2" talabalar turar joyida yashayman. Ikki qavatli bu yotoqxonada hozirda 38 kishi istiqomat qiladi va ular turli davlat vakillari.

…Talabalar orasida vegetarianlar ikkita, xristian dinidagilar 10 kishidan ortiqroq, buddaviylik ta'limotiga amal qiluvchilar ham bir nechta, hech qaysi din yoki ta'limotga amal qilmaydiganlar 15 kishidan ko`proq. Men esa yotoqxonada islom dinidagi yagona kishiman.

…Siz yapon va xitoy millati yoki yapon va koreys millatidagi insonlarning ba'zilari bir-birini yoqtirishmasligini eshitganmisiz? Men ko`p eshitganman. Bu yoqtirmaslikning sababi shunday: ba'zi yaponlar koreys va xitoylarni koreys va xitoy bo`lgani uchun, ular esa yaponlarni yapon bo`lgani uchun yoqtirishmaydi. Bu - yoqtirmaslikning men tushuna olmaydigan darajadagi murakkab va mantig`imga zid sababi.

…Insonlarni qaysidir millatga yoki davlatga yoxud e'tiqodga mansubligi uchungina yoqtirmaslikka va ulardan nafratlanishga hech kim haqli emas. Insonlarga mansubligiga qarab emas, insoniy xislatlariga qarab baho berilishi kerak-ku, axir.

…Yotoqxona - biz uchun kichik dunyo, biz - bu dunyoning aholisi, xonalar - har bir millatga tegishli davlatlar. Biz birgalikda foydalaniladigan hududdan birga foydalanamiz, qo`shnimizga oqib boradigan suvni to`sib qo`ymaymiz, bir-birimizni qaysidir millatga tegishli bo`lganimiz uchun yomon ko`rmaymiz, dinlarimizning haq yoki nohaq ekanligi ustida tortishib, janjal chiqarmaymiz, boshqa millatning davlatiga kirib olib: "Bu mening davlatim!" deb da'vo qilmaymiz.

…Siz fikrimni tasdiqlamasligingiz va meni utopistga chiqarishingiz mumkin, lekin dunyodagi barcha millat va xalqlar xuddi shunday yashay oladilar, shunday yashashga qodir hamda haqlidirlar. Men buni ularning vakillari orqali ko`rib turibman.

Dunyo xalqlarining bunday hayotini huquq tilida qanday atash mumkinligi haqida yetarlicha o`yladim, lekin topa olmadim. Ha, huquq tilida bunday atama mavjud emas. Bunday atama, ba'zilarga ancha erish va jo`n eshitilsa-da, oddiy insonlarning tilida mavjud: buni ular baxt deb ataydilar.

Блоглардан кўчирмаларни

Озодлик муштарийи ҳозирлади

XS
SM
MD
LG