Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ўзбек банклари хориждан юборилган долларларни эгасига бермаëтир


Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар хориждаги яқинлари долларда юборган пул жўнатмаларини ололмаëтганидан шикоят қилмоқда. Шундай муаммо борлигини эътироф этган банк мулозимлари уни мамлакатда юзага келган валюта тақчиллиги билан изоҳлашмоқда.

“Ипотекабанк”нинг Урганч шаҳри филиалидаги “Пул ўтказмаси” ойначаси олдида ҳар куни ўнлаб одам хориждан яқинлари жўнатган пулни олиш учун эртадан кечгача навбат кутмоқда.

Ўзини Матрасул деб таништирган отахон Россияда ишлайдиган ўғлининг “Western Union” пул ўтказмаси орқали юборган омонатини банкдан ололмай беш кундан буён сарсон бўлаётганини айтади:

- Валюта йўқ, эртага келинг, индинга келинг, дейди. Ҳафта бошидан бери шу ҳол. Ҳозир энди душанба бўлиб қолар, деяпти. Ўзи арзимаган 400 доллар бўлса, банк учун шу ҳам катта муаммо бўлиб қолдими шу? Олдин шу бугун юборилган пулни шу бугун берар эди, - дейди Матрасул ота.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам шу аҳвол. Москвада фаррош бўлиб ишлайдиган жиззахлик Шокир ўтган ҳафта жўнатган пулни ҳалигача оиласи ололмай сарсон бўлаётганини айтади:

– Ўзбекистонга жўнатилган пулларни банк ходимлари турли баҳоналар билан эгаларига бермаяпти. Бизнинг пулларни айлантиришяптими, дейман-да. Сўнгги вақтда жўнатиш анча қийин бўлиб қолди, - дейди Шокир.

Озодлик муаммо сабабларига ойдинлик киритиш учун “Ипотекабанк”нинг бош идораси билан боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган банк мулозими пул жўнатмаларини эгаларига бериш кечикаётганини валютанинг йўқлиги билан изоҳлади:

- Ҳозир валюта йўқ. Ҳамма банкларда ҳозир шундай вазият. Валюта йўқ ҳозир. Келиши билан тарқатамиз, - деди Озодлик боғланган банк мулозими.

Aйни пайтда¸ Тошкентдаги "Халқ банки" ҳамда "Капиталбанк" нинг Озодлик мухбири боғланган мулозимлари пул жўнатмалари вақтида эгаларига берилаётганини билдирди.

Юборилган пулнинг қабул қилиб олувчига зудликда етказилиши кафолатини зиммасига олган “Western Union” ширкати икки орада юзага келаëтган муаммога ўзининг дахли йўқлигини айтмоқда.

Россиядаги “Western Union” тизимининг МДҲ билан ишлаш бўлими ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Россиядан юборилган пул сонияларда Ўзбекистонга бориб тушишини айтади:

- Қабул қилиб олувчига пул юборилиши биланоқ етказилади. Ўзимиз томондан пулнинг етказилишини кафолатлаймиз. Лекин ҳар ерда вазият ҳар хил бўлиши мумкин. Банкларда пул йўқ бўлса ёки етишмовчилик бўлса¸ биз пулни вақтида эгасига етказилишини кафолатлай олмаймиз. Аммо биз орқали юборилган пулни қабул қилиб олувчи ололмаса жўнатма ортга қайтарилиши мумкин, - деди “Western Union” ширкатининг Москвадаги бўлими ходимларидан бири.

Ўзбекистонда валюта тушумининг кескин камайиб кетгани сабаб Ўзбекистон Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валютани расмий курс бўйича айирбошлаш операцияларини ҳам вақтинча тўхтатиб қўйгани ҳақда аввал хабар қилинган эди.

Айни пайтда пул ўтказиш тизимлари орқали юборилаётган пуллар эгаларига вақтида етиб бормаётганидан хабар топган Россияда ишловчи меҳнат муҳожирлари¸ Озодликка маълум бўлишича¸ пулни энди яна эски усулда - таниш-билишлари орқали жўнатишга ҳаракат қилаяпти.

Санкт Петербург шаҳрида ишловчи ўзбекистонлик Азамат гапиради:

- Пул жўнатиш анча қийинлашиб қолди ҳозир. Етиб бориши қийин бўлаяпти. Шунинг учун ҳозир ҳеч ким “Western Union” дан пул жўнатмаяпти. Таниш-билишлар орқали ёки афғон банки бор шу орқали жўнатаяпмиз. Ўзи бу ерда ҳозир олаётганимизни долларга алиштирсак арзимаган пул бўлиб қолаяпти. “Western Union” орқали жўнатадиган бўлсак¸ чўғи яна пасайиб, бунинг устига у ёқда олиш ҳам қийинлашяпти. Шунинг учун энг яхшиси¸ ҳаммасини йиғиб, таниш-билишлар орқали бериб юбориши бўлсяпти, - дейди Азамат.

Сўнгги бир йил ичида Россиядан Ўзбекистонга жўнатилаëтган пул оқими кескин камайди.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга қарийб 6 миллард АҚШ доллари жўнатилган. Бу ундан олдинги йилдагига қараганда 12 фоизга камдир.

Пул жўнатмаларининг озайишига Россиядаги иқтисодий инқироз, кўплаб муҳожирлар ўз иш ўринларини йўқотиши ва рубл курсининг долларга нисбатан қиймати тушиб кетиши сабаб сифатида келтирилади.

XS
SM
MD
LG