Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Дмитрий Шокин - Ўзбекистоннинг тхэквандо бўйича биринчи жаҳон чемпиони


Ўзбекистоннинг тхэквандо бўйича биринчи жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.
Ўзбекистоннинг тхэквандо бўйича биринчи жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.

Дмитрий Шокин Ўзбекистон тарихида биринчи марта тхэквондо бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчи бўлди. Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтган тхэквандо бўйча жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчилари яна иккита кумуш медални ҳам қўлга киритиб, команда ҳисобида 150 давлат орасида 4-ўринни эгаллади.

Челябинскда ўтган 2015 йилги Жаҳон чемпионатининг 17 майдаги финал ўйинларида Дмитрий Шокин ўта оғир вазн тоифасида Кот-д'Ивуар спортчиси Фирмен Зокуни енгиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Мазкур беллашув тўрт раунд давом этган.

Дастлабки уч раундда жаҳон чемпионлигига даъвогарлар дуранг натижа кўрсатди. Шунинг учун ғолибни аниқлаш мақсадида қўшимча 4-раундни ўтказишга тўғри келди. Бу раундда Дмитрий Шокин ғалаба учун зарур бўлган баллни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Чемпионатда 87 килогача бўлган вазн тоифасида эса ўзбекистонлик Жасур Бойқўзиев иккинчи ўринни эгаллади. Аввалроқ яна бир ўзбекистонлик тхэквондочи Никита Рафалович 74 килогача бўлган вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган эди.

Айтиб ўтиш лозимки, Россия терма жамоасининг олтин медалга сазовор бўлиш тўғрисидаги сўнгги умидини пучга чиқарган спортчи айнан Жасур Байқўзиев бўлди. Спорт шарҳловчилари Европа чемпиони Станислав Ларин ўзбек спортчисини енгиб, олтин медалга сазовор бўлади, деган фикрда эдилар. Бироқ беллашувда Жасурнинг қўли баланд келди, унинг рақиби эса ўзбек спортчисининг маҳоратига тан берганини журналистлар билан бўлган суҳбатда айтиб ўтди.

Айни пайтда спортчилар мусобақаларнинг якуний тантаналарида иштирок этаётганлари ва телефон алоқасига чиқа олмаганлари учун улар билан суҳбатлашиш имконияти бўлмади. Бироқ Жасур Бойқўзиев Озодлик мухбири билан ижтимоий тармоқларда қилган суҳбатида Ўзбекистон жамоаси 19 май куни кечқурун Тошкентга қайтишини ва шундан сўнг жамоа мухбирларга интервью беришга тайёрлигини маълум қилди.

Челябинскда ўтган тхэквандо бўйича жаҳон чемпионати мазкур спорт йўналиши бўйича сўнгги йилларда ўтказилган энг дабдабали мусобақа бўлгани айтилмоқда.

Хабарларга қараганда, мазкур чемпионатга дунёнинг 150 мамлакатидан спортчилар келган ва мусобақалар дунёнинг 80 давлати телеканалларида жонли эфирда намойиш этилган.

Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтган тхэквандо бўйча жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спортчилари яна иккита кумуш медални ҳам қўлга киритиб, команда ҳисобида 150 давлат орасида 4-ўринни эгаллади.

Медаллар бўйича биринчи ўринни 4 олтин, 1 бронза медал билан Жанубий Корея, иккинчи ўринни 3 олтин, 2 бронза билан Эрон, учинчи ўринни 2 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза медал билан Туркия эгаллади. Ўзбекистонлик спортчилар эса 1 олтин 2 кумуш медал билан чемпионат жадвалининг 4 ўрнидан жой олди.

Чемпионат мезбони бўлган Россия эса 2 кумуш ва 5 бронза медал билан ўнинчи ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон Олимпия қўмитаси расмийси жаҳон чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаб, мамлакат байроғини кўтарган спортчиларни тантанали кутиб олиш юзасидан ҳозрча тадбирлар белгиланмаганини билдирди. Олимпия қўмитаси жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган биринчи ўззбекистонлик - Дмитрий Шокинга нисбатан қандай рағбатлантирувчи воситалар қўлланилиши ҳақида ҳам маълумотга эга эмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG