Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:52

Ўш қирғинида жабрланганлар учун қурилган уйларнинг 42таси ноқонуний берилган


Ўшда 2010 йилда вайрон этилган кўплаб уйлар халқаро ташкилотлар ва донорлар кўмагида қайта тикланган.
Ўшда 2010 йилда вайрон этилган кўплаб уйлар халқаро ташкилотлар ва донорлар кўмагида қайта тикланган.

Ўш воқеаларида жабрланганлар учун қурилган кўп қаватли уйларни бўлиштириш бўйича Давлат комиссияси 42 хонадон ноқонуний равишда берилганини апниқлади. Ўзини жабрдийда кўрсатиб давлатдан уй олганлар орасида Ўшнинг энг бой одамлари ҳам бор.

Давлат комиссиясининг махсус ишчи гуруҳи раиси, Қирғизистон парламенти депутати Абдужапар Бекматов Ўшдаги энг бой одамлардан ҳисобланган тадбиркор Жалил Атамбаев ўзининг уйини ёниб кетганини иддао қилиб, кўп қаватли янги уйдан 4 хонадонни бепул олишга эришган.

- Берилган уйлар Жалил Атамбаев, Данияр Тоқторов, Жумабай Байназаров номига расмийлаштирилган. Гўёки бу фуқароларнинг уйи воқеалар пайтида ёқиб юборилган эмиш. Улар воқеадан кейин давлат идоралари орқали 10-15 сотихли ҳовли жойларини 3-4 сотихдан бўлиб, бир неча одам номидан янги уй берилишини талаб қилиб, ариза ёзган. Натижада битта уй ўрнига улар 3-4тадан уй олган. Бу ҳужжатлар Госрегистр ташкилотдиа махсус тайёрланган, - деди Абдужапар Бекматов.

Давлат комиссияси вакилларининг маълум қилишича, Ўш воқеаларига алоқадор бўлмаган ўндан ортиқ одамга ҳам ноқонуний равишда уй олгани аниқланган.

Ҳукумат қарори билан Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш мақсадида қурилган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан июнь воқеасида жабрланганлардан ташқари куч тизими ходимлари, болалари ОИТСга чалинган оналар ва имконияти чекланган одамларга ҳам берилиши назарда тутилган эди. Айрим одамлар ўзларини мана шу тоифаларга мансуб қилиб кўрсатиб, қалбаки ҳужжатлар билан уй олган

- Уй бўлиштиршда катта коррупция бўлгани кўриниб турибди. Масалан, менга Олой туманидан тўрт фуқаро: “Уй олаётганда, ордер олаётганда мен жуда кўп пул бердим, мен бундай қийналдим, комиссияни меҳмонга чақирдим”, деб арз қилди.Улар “биз пулимизни бериб қўйганмиз, нега уй бермаяпсизлар”, деб ноябрь ойидан шу кунгача менга босим ўтказишаяпти. “Пулни кимга бердинг”, деб сўрасак, суммаси анча катта экан. Комиссияга кириш ўзи 2 минг доллар экан, комиссиядан қарор чиқариб бериш 3 минг доллар экан, ордер олган куни яна 2 минг доллар беришар экан, - дейди ишчи гуруҳ аъзоларидан бири Авазқан Ўрмўнова.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашев давлат комиссияси аниқлаган ноқонуний уй бўлиштириш фактлари прокуратурага тақдим этилган.

- Ҳужжатлари нотўғри бўлган ёки алдаб уй олганлар бўйича барча ҳужжатларни ҳуқуқ – тартибот органларига бердик. Буларнинг барчаси улар томонидан текширилади. Ноқонуний олинган уйлар давлатга қайтарилади,- дейди комиссия раиси, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Тайирбек Сарпашев.

2010 йил июнь воқеаларида жабрланганлар учун қурилган уйларни бўлиштириш бўйича давлат комиссияси бунгача 633 одамга уй берган. Ҳозир берилмаган яна 594 хонадон бор.

Маълум бўлишича, сўнгги беш йилда Ўш воқеасида жабрландим, деб суд тиббий экспертизасидан ўтиб, ногиронлик мақомини олганлар сони кескин кўпайиб кетган.

Бундан ташқари июнь воқеасига алоқадор бўлмаган шахсларга ҳужжат тўғрилаб, уй олиб беришни ваъда қилиб. пул олган уч гуруҳ аниқланган ва қўлга олинган.

Ўтган йилнинг сўнгида уйларнинг ноқонуний тақсимланиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ички ишлар бошқармаси ўндан ортиқ, прокуротура эса 7-8 жиноий иш очгани маълум бўлганди. Уй олиш учун рўйхатга олинганларнинг 200га яқини ҳужжатлари ноқонуний деган гумон билан текширилган.

2010 йилнинг июнь ойида Ўшда рўй берган қирғин пайтида 500га яқин одам қурбон бўлган. Минглаб одамларнинг уйлари ёндирилган эди. Халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўш ва Жалолободда ёндирилган хусусий уйлар қайта тикланди.

XS
SM
MD
LG