Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:37

Петербургда боласини ташлаб кетган аёлга ҳукм чиқарилди


Гулшода Ғозиева 2014 йилнинг декабрида Санкт Петербургдаги ўзи ишлаб келган ресторан ҳожатхонасида қизалоқни туққан.
Гулшода Ғозиева 2014 йилнинг декабрида Санкт Петербургдаги ўзи ишлаб келган ресторан ҳожатхонасида қизалоқни туққан.

Санкт Петербургда ўз чақалоғини кўчага ташлаб кетганликда айбланган ўзбекистонлик Гулшода Ғозиева маҳаллий суд томонидан 8 ойлик мажбурий ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум этилди. Ўтган йилнинг декабрь ойида у болани ўзи ишлаб келган шаҳар ресторани ҳожатхонасида туққани айтилган эди. Айни пайтда, Россияда муҳожирлар томонидан болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар кўлами ошаётгани кузатилмоқда.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳри Красногвардейский туман суди боласини кўчага ташлаб кетганликда айбдор деб топилган ўзбекистонлик 25 ёшли аёлни 8 ойлик ахлоқни тузатиш ишларига жалб қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Красногвардейский туман суди расмийси Юлия Иванова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароси Гулшода Ғозиева устидан чиқарилган ҳукм тафсилотларини очиқлади.

- Красногвардейский туман суди тергов давомида хорижлик бўлгани сабабли бу аёлни бир неча бор ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарган эди. 125-модда, яъни одамни хавф-хатарда қолдириш бўйича ишлар билан бизда 82 участкамиз шуғулланади. Ўша ерда Ғозиевага 8 ойлик мажбурий меҳнатга жалб қилиш қарори чиқарилди,- деди Юлия Иванова.

Терговдан аён бўлишича, Гулшода Ғозиева 2014 йилнинг декабрида Санкт Петербургдаги ўзи ишлаб келган “PRO-SUSHI” ресторани хожатхонасида қизалоқни туққан.

Терговчилар болани туғруқхонада туғишга маблағи бўлмаган 1990 йилда туғилган бу аёл ошхонадан топган воситалар ёрдамида ўзига-ўзи доялик қилганини аниқлади.

Болани ресторандан олиб чиққан Гулшода нима қиларини билмасдан, саккиз соат давомида Петербургнинг трамвай-троллейбусларида айланиб юрган. Ниҳоят у битта адёлга ўралган чақалоғини Санкт Петербургнинг Маршал Блюхер ҳиёбонига ташлаб, яна иш жойига қайтиб келган.

-5 даража совуқда паркдаги скамейкага ташлаб кетилган гўдакни ўтиб кетаётган петербургликлардан бири топиб олган ва дарҳол тез ёрдам чақиртирган. Шифокорлар қизалоқнинг вақтида топилгани унинг ҳаётини сақлаб қолишга имкон берганини айтган эди.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошкармаси томонидан бу ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 125-моддаси (хавф-хатарда қолдирмоқ) асосида жиноий иш қўзғатилди.

Тергов натижасида ташлаб кетилган боланинг онаси Гулшода Ғозиева бир ҳафтадан кейин аниқланди. У терговчиларга боланинг отаси никоҳсиз туғилган ўз фарзандидан воз кечгани сабабли бу жиноятга қўл урганини айтган.

Шаҳарнинг Красногвардейский тумани суди Ғозиевани ҳибсда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган эди. Суднинг якуний қарори чиққунгача ўзбекистонлик муҳожир аёл тергов ҳибсхонасида сақланди. У 80 минг рубль жаримага ёки 1 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин эди.

Бироқ, қарорни эълон қилган Красногвардейский тумани судьяси йиғилганларга Гулшода Ғозиева Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган амнистияга тушгани ва суд залида озод қилинганини эълон қилди.

Яна бир болафурушлар гуруҳи судланди

Суд вакили Юлия Иванова муҳожирлар томонидан болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар камаймаётганини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатдош ўтган йилнинг 2 декабрида Красногвардейский туман судида 1992 йилда туғилган хоразмлик Азиза Давурова ва 1985 йилда туғилган тожикистонлик Сайлигул Нуралиевага нисбатан ҳам суд қарори чиққанини эслатди.

“Бу аёллар олдиндан келишиб олиб, Давурова Азизанинг энди туғилган ўғлини 25 минг рублга оператив ходимга пуллагани учун жавобгарликка тортилган”, дея давом этади Юлия Иванова:

- Суд уларни ҳам айбдор деб топди ва иккаловини 3 йилу 6 ойга қамоққа жўнатди. Улар аллақачон умумий режимдаги колонияга жўнатилиб, ўз қилмиши учун жавоб бермоқда,- деди суд вакили.

XS
SM
MD
LG