Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Ўзбекистонда доллар ошиб, савдо кескин сусайди


Долларнинг қимматлаши мамлакат буюм бозорларида харидорлар оқимини сийраклаштирмоқда.
Долларнинг қимматлаши мамлакат буюм бозорларида харидорлар оқимини сийраклаштирмоқда.

Ўзбекистон қора бозорларида сўнгги 3 ой ичида АҚШ долларининг қарийб 1000 сўмга қимматлаши ортидан, мамлакатнинг энг йирик улгуржи савдо маскани - "Абу Сахий" бозорида савдо қилувчи тадбиркорлар ҳам бизнесидан воз кечмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган айрим тадбиркорлар 1 ойлик даромади 60 фоизга камайгани, айни пайтда патта ва ижара нархи ошиб бораётганидан шикоят қилди.

Шу йил март ойида қора бозорларда 3 минг 700 - 3 минг 750 сўмдан сотилган 1 АҚШ доллари ҳозирда 4 минг 750 сўмга чиқди. 16 май куни, бир доллар ҳатто 4 минг 950 - 5 минг сўмдан сотилгани кузатилди.

Доллар нархининг ошиши эса, одатдагидек, мамлакатга хориждан келтириб сотилаётган халқ истеъмоли моллари, маиший ва уй-рўзғор товарлари нархининг кескин ошишига сабаб бўлди.

Хитойдан мол келтириб, "Абу Сахий" бозорида сотадиган тадбиркор ўтган ойда топган даромади 3 ой аввалги даромадидан қарийб 60 фоизга қисқарганини айтмоқда:

"Ҳар гал 15-20 минг АҚШ долларига мол олиб келамиз. Бунча молни олиб келиб бергани учун "Абу Сахий" карголарига 1 ярим минг - 2 минг доллар йўл пули берамиз. Шу билан 16 ярим - 22 минг бўладими, мол?! Шунинг устига фойдамизни қўйишга мажбурмиз, натижада молни қиммат қилиб сотамиз. Бир тарафдан мол қимматлаб, савдо ўляпти. Иккинчидан, молни сўмда сотиб, доллар қиламан, дегунизча, доллар жонивор 400-500 сўмга ошиб турибдими?! Шу билан фойдага кириш нари турсин, зарарга кириб кетяпмиз", деди исмини сир сақлаган ва мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган тадбиркор.

Унинг айтишича, "Абу Сахий" бозорида патта ва ижара пуллари ҳам қиммат. Мисол учун, 2Х3 метрлик савдо жойи учун ойига 1 ярим - 2 миллион сўмдан ижара пули, қарийб 1 миллион сўм миқдорида патта пули берилади.

"У ёқ-бу ёғи 3 миллион бир ойлик расходнинг ўзи, шу бозорда савдо қилганингиз учун. Ҳозир анча-мунча кичик савдогарлар "Абу Сахий"дан чиқиб кетаяпти. Бизникилар ўтган ой 300 долларга ишлади. Россияда ишлаётганлар бундан кўп пул топаяпти ҳозир", дейди исмини сир сақлаган тадбиркор.

Унинг айтишича, ойига 2 мартадан Хитойга бориб келадиган тадбиркорлар ҳозир хориж сафарини ҳам қисқартиришган:

"Остаткаларни (товарнинг қолдиқларини, демоқчи-таҳр.) сотолмай ётибмиз ҳозир. Оддий халқ учун қимматлаган. Бунинг устига янги келаётган товарлар доллар ошгани учун яна ошаяптими - ўзингиз тушунаверинг энди бу ёғини", дейди тадбиркор.

16 май куни тушдан кейин Тошкентдаги қора бозорларда 1 АҚШ долларининг нархи 4 минг 950, баъзи жойларда эса 5 минг сўмга қимматлади. Бу мустақил Ўзбекистон тарихида қайд этилган янги рекорд кўрсаткичдир.

Озодлик муштарийлари Тошкент шаҳридаги хорижий валюта қора бозорларининг айримларида АҚШ доллари 5 минг сўмдан сотилганини ёздилар.

17 май куни тушга бориб, нарх бироз тушди - 4 минг 750 - 4 минг 850 сўм бўлди. 18 май куни кузатилган мўътадил нарх эса 4 минг 630-650 сўм бўлди.

16 майдан бери Тошкентдаги қора бозорлар ва халқ истеъмол моллари бозорларини кузатиб келаётган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов қора бозорларда АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қимматлаши нарх-навога жиддий таъсир кўрсатганини айтади:

- Ўзбекистонга хориждан келаётган халқ истеъмоли молларининг асосий қисми Хитойдан келади. Ҳозир доллар ошиши муносабати билан энг йирик ҳисобланган "Абу Сахий" ва "Карвон бозори"да импорт товарлар нархи ошган. Мен "Абу Сахий" бозорида бўлдим ва айтишдики, агар аҳвол шу даражада кетса, импорт товарлар савдоси касодга учраши мумкин,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналист номи тилга олинган бозорларда айрим тадбиркорларнинг бозори касод бўлиб, савдони тўхтатишга мажбур бўлганини ҳам қайд этди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс билан қора қора бозор курси ўртасидаги фарқ ойдан ойга катталашиб бормоқда. Хусусан, 18 май куни АҚШ долларига белгиланган расмий курс 4 сўму 85 тийнга қимматлаб, 2527 сўму 58 тийинга чиқди.

Ўзбекистонда 2013 йилнинг 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд кўринишда хорижий валюта айирбошлаш тақиқланган. Хорижий валютани фақат банклар орқали - фуқароларнинг пластик карточкаларига ўтказиб бериш йўли ҳамда пул ўтказмалари кўринишида олиш мумкин мумкин.

Бундан ташқари, чет элга кетаётган фуқаролар паспорти ва учқич чиптасини кўрсатиб, 2000 АҚШ долларигача пулни давлат белгилаган курсда бир кварталда бир марта харид қилиши мумкин.

Бу чеклов эса мамлакатда хусусий секторни юргизиб турган асосий бўғин - савдо соҳасидаги тадбиркорларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда.

XS
SM
MD
LG