Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:49

ЕХҲТ Тошкентни яна Андижон қирғини бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди


Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси раҳбари Михаэль Георг Линк Андижон қирғинининг 10 йиллиги муносабати билан қилган баёнотида Ўзбекистон шарқида юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган 2005 йил 13 май кунги воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси раҳбари Михаэль Георг Линк Андижон қирғинининг 10 йиллиги муносабати билан қилган баёнотида Ўзбекистон шарқида юзлаб одам ўлимига сабаб бўлган 2005 йил 13 май кунги воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди.

“Бугун биз қирғиндан ҳалок бўлганлар ва уларнинг адолат қарор топишини кутаётган яқинларини нафақат ёдга олишимиз керак, балки, энг муҳими,2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган ҳодисалар юзасидан мустақил, малакали халқаро текширув ўтказиш борасидаги чақириқларни давом эттиришимиз керак”, дея баёнот берди Михаэль Георг Линк.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг гувоҳларга таяниб айтишларича, 2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг марказий Бобур майдонида ҳукумат кучлари аксарияти қуролсиз бўлган тинч намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар, жумладан аёллар ва ёш болалар ҳалок бўлган.

Тошкент ҳукумати эса, акромийлар диний оқимига мансуб қуролли гуруҳ Андижонда ҳокимиятни босиб олишга урингани ва асосан террорчилардан иборат 187 кишининг ҳалок бўлганини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги халқаро ташкилотлар чақириқларини шу кунгача рад этиб келади.

Тошкент ҳукумати 2005 йил 13 май кунги воқеалардан сўнг ЕХҲТ вакилларини ҳам Андижонга киритмаган эди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот вакили Томас Раймер Озодлик билан суҳбатда ўзбек ҳукумати келтирган рақамлар ҳодиса юзасидан йиғилган бошқа кўплаб далилий маълумотларга зид келади ва ўн йил аввал 13 май куни Андижонда ҳақиқатда нималар рўй бўлгани борасида аниқ тўхтамга келиш учун Ўзбекистон ҳукумати мустақил, халқаро терговга имкон бериши лозимлигини айтди:

- Андижонда қонли воқеалар рўй берганидан сўнг ташкилотимиз инсон ҳуқуқлари экспертларидан иборат ҳайъатни қўшни Қирғизистонга у ерга қочиб ўтган андижонлик қочқинлар билан суҳбат қилиш учун юборган эди. Ўша суҳбатлар асосида Андижонда тинч фуқароларга қарши номувофиқ ва тартибсиз равишда куч қўлланилгани ва қурбонларнинг сони ҳукумат келтираётган рақамдан кўпроқ бўлиши мумкинлигига оид жуда кучли далилий маълумотлар тўпланган эди. Шундан сўнг ташкилотимиз Андижонда нима бўлганига ойдинлик киритиш учун мустақил, халқаро текширув ўтказишга чақирди. Лекин чақириқларимизга ҳануз жавоб бўлмади. Ҳозир ҳам ўша ҳодисаларининг тўлиқ манзарасига эга эмасмиз ва ўн йил аввалги ҳодисалар бўйича мустақил тергов ўтказиш зарур, деб ҳисоблаймиз, деди Томас Раймер.

Ўзбек мулозимлари эса БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида ўтказилган йиғинларда 2005 йил 13 май воқеалари юзасидан ўзлари тергов ўтказгани ва Андижон мавзуси ёпилганини қайта-қайта айтиб келишади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот вакили Томас Раймер Андижон мавзуси ҳамон очиқ қолаётганини айтади:

- Ўзбекистон ЕХҲТга аъзо бошқа давлатлар қатори турли соҳаларда мажбуриятлар олган ва жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам мажбуриятлар олган. Шу мажбуриятлар асосида Ўзбекистон ҳукумати Андижонда ҳақиқатда нималар рўй бергани, бунинг сабаблари борасида аниқ тўхтамга келиш учун, халқаро терговга имкон бериши ва жиноятчилар, шу жумладан инсонларга қарши жиноят содир этганлар жазоланиши керак. Ҳақиқат рўёбга чиқмас экан¸ ўн йил олдинги воқеалар кўланкаси инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга соя солиб тураверади, деди Томас Раймер.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЕХҲТ Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси раҳбарининг чақириғига жавоб бўлгани йўқ.

XS
SM
MD
LG