Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:26

Андижон воқеалари Тошкент, Берлин ва Стокгольмда хотирланмоқда


Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсининг икки фаоли
Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсининг икки фаоли

Андижон воқеаларининг 10 йиллиги муносабати билан Германия ва Швецияда кичик намойиш ва хотира кечалари бўлиб ўтмоқда. Тошкентда эса саноқли инсон ҳуқуқлари фаоллари Андижон қирғини қурбонлари руҳини ёд олишга ҳаракат қилди.

Андижон шаҳрида юз берган фожиали ҳодисаларнинг 10 йиллиги Ўзбекистонда расман хотирланаётгани йўқ.

2008 йил март ойида БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасида чиқиш қилган Ўзбекистон вакили Акмал Саидов Андижон воқеалари мамлакати учун “бутунлай ёпилган масала” эканини билдирган эди.

13 май куни Тошкентда саноқли инсон ҳуқуқлари фаоллари Андижон қирғини қурбонлари руҳини ёд олишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси тарқатган баёнотга кўра, ички ишлар ходимлари альянс ҳимоячиларига Андижон воқеаларини хотирлашга тўсқинлик қилганлар.

Шунга қарамасдан, Альянс хабарига кўра, Тошкентда инсон ҳуқуқлари фаолларидан икки нафари ўз уйлари ўнгида “Андижонни унутмаймиз! 13 май 2005” сўзлари битилган шиорни кўтариб суратга тушишга муваффақ бўлган.

Бугун кўплаб ҳуқуқ ҳимоячиларига тўсиқ қўйишди. Жумладан Жиззахдан Ўктам Пардаев, Аделаида Ким, Людмила Бросалина, Анатолий Волков, Юрий Конопёв, Зоя Братчикова, Елена Урлаева ва Шуҳрат Рустамов назоратга олинди,” – дея таъкидланади Альянс баёнотида.

Альянсга кўра, “ҳозирга қадар инсонларни, жумладан ёш болаларни қасддан ўлдиргани учун ҳеч ким жазоланмади ёда жавобргарликка тортилмади”.

Шунинг учун ҳуқуқ ҳимоячилари шахсан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг қўли остида бўлган ижрочилар қирғинга айбдор, дея хулоса қилди,” – дея таъкидланади Альянс баёнотида.

Альянс фаоллари баёнот сўнгида халқаро ҳамжамиятни Андижонда қирғинига алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.

“Андижон воқеаларини унутмаслик ўзбеклар зиммасида”

Андижон қирғининг ўн йиллиги муносабати билан Германия пойтахти Берлинда Андижон ҳодисалари ҳақида ҳикоя қилувчи -"Андижон қирғини: ҳақиқатнинг акси" ҳужжатли фильми намойиш этилмоқда.

Би-би-сининг Тошкентдаги собиқ мухбири Моника Уитлок томонидан олинган мазкур фильм Аmnesty International ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Берлин киноатрларидан бирида намойишга қўйилмоқда.

Фильм "Акромийлар" ноқонуний диний оқими аъзолари дея кўрилган инсонларнинг Андижон қирғинигача, 2005 йил қонли ҳодисалари пайти ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Берлиндаги тадбир ташкилотчиларидан бири, инсон ҳуқуқлари Фаоли Умида Ниёзова Озодлик билан суҳбатда фильмни қўйишдан мақсад Андижон воқеаларини унутмаслик эканини айтди.

Ўн йил ўтган бўлса ҳам, Андижон воқеаларини унутмаслик ўзбеклар зиммасида турибди. Бугун бу ҳақда Германия матбуотида ҳам бир неча мақола чиқди. Мен ўйлайманки, қанча кўп гапирсак, келажакда бундай воқеаларни олдини олишга шунча ҳисса қўшган бўламиз,” – деди Умида Ниёзова.

Пўлат Охунов
Пўлат Охунов

Швеция пойтахти Стокгольмда ҳам Андижон қирғинига бағишланган кичик бир намойиш бўлиб ўтди.

Унда ўзбек мухолифати ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда швед сиёсатчилари иштирок этди.

Намойиш иштирокчиларидан бири, ўзбек мухолифати фаоли Пўлат Охунов “бир миллат вакили сифатида” Стокгольмга келганини айтди:

Қўлимизда фақат битта шиор бор: “Мен Андижон 2013 май воқеасини эсдан чиқармадим”, деб эслатиб қўймоқчимиз. Бундан ташқари бу ердаги хотира намойишидан кейин Швеция парламентида ва Ташқи ишлар вазирлигида сиёсатчилар билан учрашувларим бор. Ҳозирдаги Ўзбекистондаги ҳолат ҳақида ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласи, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон билан муносабатлар масаласида улар билан фикр алмашиб, суҳбатлашиб кетиш ниятим бор,” – деди Пўлат Охунов.

Фожеали воқеалардан 10 йил ўтиб, Андижонда аслида нималар содир бўлгани борасида расмий ва норасмий фаразлар бир-биридан ҳамон фарқ қилади.

Вақт ўтгани сайин бу фарқ тобора каттариб, хунрезликка бевосита гувоҳ бўлганларнинг овози эса тобора пасайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG