Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Янги Уренгойда намозхонлар 10 йил ҳимоя қилган масжид бузилди


Янги Уренгой шаҳрида Россиянинг энг шимолий ва энг қадимий саналган “Нур Ислом” масжиди маҳаллий ҳукумат томонидан бузиб ташланди. Россия мусулмонлар жамоаси буни уларнинг устидан кучайтирилаётган маҳаллий ҳукумат босими натижаси ўлароқ баҳоламоқда. Шаҳар маъмурияти бузилган масжид ўрнида янги савдо маркази қурилишини маълум қилди.

“Нур Ислом” учун кураш 10 йил давом этган

Янги Уренгой шаҳри маъмурияти Ямал ярим оролида биринчи қурилган “Нур Ислом” масжидини бузиб ташлади.

Москвалик диний фаол, “Мусулмонлар ҳақлари учун” жамоатчилик ҳаракати раҳбари Али Чаринский Озодликка “Нур Ислом”нинг бузилиши ортида маҳаллий ҳукумат турганини иддао қилиб, ҳатто Россиянинг бошқа диний ташкилотлари раҳбарлари бу нохуш хабар тўғрисида лом-мим демаётганидан ғазабда эканини билдирди.

Янги Уренгойдаги масжидга 41 даражали совуқда ҳам ибодатга келиб туришган
Янги Уренгойдаги масжидга 41 даражали совуқда ҳам ибодатга келиб туришган

- Маҳаллий ҳукумат бу амалини масжид турган жой олдиндан савдо маркази қўрилиши учун мўлжаллангани билан изоҳламоқда. Мана уни марказни қуриш учун бузиб ташлашди, аммо масжид имоми Ҳамзат Черноморченко билан суҳбатдан шуни аниқладимки, ибодатхонанинг бузилиши суд орқали амалга оширилгани тўғрисида Интернетда тарқатилаётган маълумотлар ёлғон экан, зеро Черноморченко барча бўлиб ўтган суд маҳкамаларида ўзининг ҳақлигини исботлаган. Масжид 7 ой олдин ёпилган эди, апрель охирларида эса масжид бузилди. Умуман олганда, охирги йилларда Россияда, Кремлда Исломга нисбатан олиб борилаётган сиёсатни ахмақона деб аташим мумкин, дейди Али Чаринский.

Суҳбатдош маҳаллий ҳукумат ва махфий хизматлар анчадан бери 1,5 минг кишилик бу масжид жамоасини қаттиқ назорат қилиб, ҳар баҳоналар билан масжидни ёпишга уриниб келган, дейди.

Унинг фикрича, масжиднинг 9 май байрами арафасида бузилиши ҳам бежиз эмас: Россия оммавий ахборот воситаларининг бутун эътибори “Москва марказида тўхтаб қолган танк” ва “парадга қайси давлат раҳбари келиши-келмаслиги” муҳокамаси билан банд бўлган.

Айни пайтда, Россиянинг Осиё қисми муфтийси, мамлакат Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафигулла Аширов “Нур Ислом” ва шаҳар ҳоқими Иван Костогриз бошқариб келаётган Янги Уренгой маъмурияти ўртасидаги тортишув 10 йилдан ортиқроқ вақт давом этиб келаётганини Озодликка маълум қилди.

Масжид экскаваторлар ёрдамида бузилди
Масжид экскаваторлар ёрдамида бузилди

- У ерда “ҳар доимгидек”, тақиқланган диний варақаларни топишган эмиш. Бу, сўзсиз, маҳаллий маъмурият ташаббуси! Илгари қурилган Янги Уренгой қўрғони катталашиб, шаҳар четидаги масжид марказда қолиб кетди. Бу ерда ер қимматлашди, бизнесменлар кўз олайтира бошлади, ниҳоят, келишиб олиб, бузиб ташлашди. Бу масжидни йўқотиш учун йиллаб турли иғволар, бўҳтонлар уюштирилди. Ахир, махфий хизматларнинг ҳар ҳафта масжидда паспорт текшириши, чўнтак ковлаши қачонгача давом этиши мумкин эди? Қаерда Россияда синагога ёки православ черковда бундай бедодликни учратиш мумкин?! Аввал имом Акбаровни йўқотишди, кейин масжидни – бу ҳаммаси ўзаро боғлиқ. Бутун оламга бу шармандалик ҳақида хабар тарқади, ахир тинчлик вақтида бирорта мамлакатда масжидлар бузилмаган, дейди муфтий Аширов.

Нафигулла Аширов мусулмонлар йиллар давомида янги масжид қурилишига бошқа жойдан ер ажратиб беришни сўраб қилган мурожаатига мэр Иван Костогриз ҳукумати томонидан асоссиз рад жавоблари бериб келинмоқда.

У шаҳарда “Газпром” маблағларига шаҳарда маъмурияти бош-қошчилигида янги мусулмонлар масжиди қурилганини ҳам қўшимча қилди. Нафигулла Аширов “Нур Ислом” жамоаси бу масжидга ўтишдан бош тортиб, имом Акбаров ўрнига бошқа “тайинланган” имомни тан олмаслигини билдиргани тўғрисида сўзлади.

- Мусулмонлар эса шу тариқа “яхши” ва “ёмонлар”га ажратилди, улар орасида сунъий нифоқ яратилди. Ваҳоланки, бу ерга ҳам Шимолда меҳнат қилаётган россиялик, ундан-да кўпроқ марказий осиёлик мусулмонлар ибодат қилгани келиб турган, деди муфтий Нафигулла Аширов.

“Нур Ислом” диний ташкилоти раҳбариятига кўра, сўнгги пайтларда кучишлатар тизимлар айнан шу масжидга ўз диққатларини кучайтирган ва бир қатор акцияларни амалга оширган. Хусусан, маҳаллий ОМОН мусулмонларни намоз пайтида қўлга олиб, Ички Ишлар бошқармасига олиб кетилгани, улардан бармоқ излари ва фотосуратлар олингани, сўроққа тутилгани одатий ҳолга айланиб қолган эди.

Россия махфий хизматлари Россиянинг мусулмонлар диний ибодат жойларида ўз назоратини кучайтиргани тўғрисида ўтган жума кунги Буйнакс шаҳри масжидида олинган видеодан кўриш мумкин.

Шимолдаги масжид бузилишини таниқли журналист ва телебошловчи Максим Шевченко ҳам қоралади:

"Диний марказ ўрнида меҳмонхона ёки кўнгилочар марказ қурилиши – бу диндорларга нисбатан олиб борилаётган энг қабиҳ ва ёлғончи сиёсатнинг яққол кўринишидир. Бу ҳодисадан кейин Россиядан минглаб қочаётган мусулмонларга қандай даво бўлиши мумкин?!" дея ўз муносабатини билдирди журналист Максим Шевченко.

Хабарларга кўра, ҳозирда “Нур Ислом” масжиди собиқ имоми Ҳамзат-Дмитрий Черноморченко ўз ҳаётига бўлаётган хавф остида оиласи билан бирга мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Мусулмонлар жамоасининг қатор намояндалари аллақачон судлангани ҳам маълум.

“Нур Ислом” ва унинг рақиблари

Озодликнинг Янги Уренгой маъмуриятига масжид бузилиши масаласида қилган сўрови эса жавобсиз қолди.

Шаҳарнинг Мулкчилик муносабатлари масалалари бўйича департаментидаги ўзини таништирмаган ходими бу масалада бевосита раҳбариятга мурожаат қилиб, масжид бузилгани тўғрисида хабари йўқлигини айтди.

- Сиз қайси масжидни назарда тутяпсиз – Кедровийдаги масжидми? Ҳеч нарсани бузганимиз йўқ! Билмадим, қаердан бу маълумотни олдингиз, деди департамент амалдори.

Шаҳар маъмурияти расмий жавоби
Шаҳар маъмурияти расмий жавоби

Айни пайтда, Озодликка тақдим этилган Янги Уренгойнинг Мулкчилик департаменти бошлиғи А.Ф.Рочев имзоси остидаги хатдан масжид ўрнида “жамоатчилик савдо-кўнгилочар маркази жойлаштирилиши” аниқ белгилаб берилганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, “Нур Ислом” ёпилиш ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Ислом мавзусидаги турли “экспертлар ва мутахассислар” фикрлари ҳам берила бошлади.

- Бу масжид террорчилар ва экстремистлар маконига айланган эди. Унинг имоми, отиб кетилган Исомуддин Акбаров террорчилик ташкилотидаги иштироки учун халқаро қидирувда бўлган. Ямал прокурори бу ҳақда гапирган эди. Бу масжид диндорлари қатор экстремистик руҳдаги сайтларни қўллаб келган. У ерга келаётганларнинг аксари экстремистик ва террорчилик ҳаракатларига қўшилган. Шу сабабли, масжиднинг бузилиши катта йўқотиш эмас, дея Россия Православ черкови қошидаги Дин ва география маркази директори Роман Силантьевнинг ҳам муносабати эълон қилинди.

Озодлик бундан беш йил олдин – 2010 йилнинг октябрида Тюмень вилоятининг Янги Уренгойдаги масжиднинг ўша пайтдаги имоми, асли наманганлик Исомуддин Акбаров отиб кетилгани тўғрисида хабар берган эди.

Ҳанузгача автоматдан отиб кетилган имомнинг қотиллари ўшланмагани ва жиноят-қидирув ишлари тўхтаб қолгани маълум. Ўшанда маҳаллий жамоада катта обрўга эга имом Акбаров ўрнига маҳаллий мусулмонлар унинг тўнғич ўғли - Муҳаммад Акбаровни имомликка таклиф этганди.

Россиянинг энг Шимолий масжиди ҳам саналган бу ибодатгоҳ 1996 йилда қурилган бўлиб, 1999 йилдан буён Россия Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси таркибида фаолият юритиб келган.

XS
SM
MD
LG