Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Рашодхон Камолов: "Мени ўлдириш учун Ўзбекистондан киллер жўнатилган"


Рашодхон Камолов (чапда) ва унинг адвокати Ҳусанбой Солиев Ўш шаҳар судида. 6 май, 2015 йил.
Рашодхон Камолов (чапда) ва унинг адвокати Ҳусанбой Солиев Ўш шаҳар судида. 6 май, 2015 йил.

Ўш суди терговчилар Ўзбекистонга қорасувлик таниқли ўзбек имоми Рашод Камолов юзасидан сўров жўнатгани ортидан 9 февраль куни қўлга олинган имомни ҳибсда сақлаш муддатини яна 21 кунга узайтирди. Судда имом бу ишни сиёсий буюртма ўлароқ баҳолади ва уни ўлдириш учун Ўзбекистондан киллер жўнатилганини иддао қилди.

Рашодхон Камоловни ҳисбда сақлаш муддатини узайтириш юзасидан суд жараёни Ўш шаҳар судида 6 май куни кечга яқин бўлиб ўтди.

Адвокатлар судья Турсунбай Айбатиевга ишончсизлик билдиришди, бироқ судья уларнинг илтимосини инобатга олмади ва маҳкама бўлиб ўтди.

Терговчи Марат Атботоев судда адвокатларнинг экспертиза юзасидан тақдим этган ҳужжатлари билан танишгач имом иши юзасидан қайта экспертиза тайинлангани ҳамда Ўзбекистонга Камолов юзасидан сўров жўнатганини айтиб, суддан Рашодхон Камоловни ҳибсда сақлаш муддатини узайтириб беришни илтимос қилди:

- Ўзбекистон Республикасида Рашод Камолов билан алоқадор дейилган фуқаролар бор. Ўшалар юзасидан биз махсус сўров юборганмиз. Шуларнинг ҳулосасини биз кутишга мажбурмиз. Сабаби бизга жиноят ишига алоқадор қўшимча маълумотлар келиши мумкин ва ўшаларга қараб қўшимча қарор қабул қиламиз,- деди терговчи маҳкама жараёнида.

Суд мажлисида Рашод қори Камоловнинг ўзи буни сиёсий бюртма ўлароқ баҳолади:

- Ўзбекистон масаласида гапирмоқчиман. Мен 9 йилдан буён Ўзбекистонга бормаганман. Ўзбекистон билан умуман алоқам йўқ. Бироқ ўзбек тилида масала қилиб, обрўли имом бўлганим учун Ўзбекистон ҳукумати менга нисбатан сиёсий ёмон кўз билан қарайди. Бунга далил сифатида айта олишим мумкинки, Қорасув милицияси Ўзбекистондан келган китллерни қўлга олган. Киллер: “Ҳақиқатдан Рашод Камоловни отиб кетиш учун Ўзбекистон ҳукуматидан менга буюртма бўлган, шунинг учун келганман”, деб тан олган. У қурол билан ушланган. Ҳозир қамалиб Қирғизистонда ўтирибди. Шу сабабли мен Ўзбекистондан келадиган нарсаларни сиёсий буюртма деб биламан, - дейди Рашод Камолов.

Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ўтган йилнинг 18 майида Қорасув шаҳрида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонга бир одамни ўлдириш учун келганини тан олгани, унинг ёнидан ўқ отар қурол топилганини маълум қилган эди.

2014 йилнинг 24 апрель куни махсус амалиёт чоғида маст ҳолда қўлга олинган ўзбекистонликнинг қорасувлик имом Рашод қори Камолов жонига қасд қилиш ниятида бўлгани ҳақидаги норасмий маълумотларни Ўш Ички ишлар бошқармаси шу кунгача тасдиқлаган ҳам, инкор ҳам қилмаган.

Рашод Камолов Қирғизистон Республикаси Жиноят Кодексининг 299-моддаси, иккинчи бўлими, иккинчи пункти ва 299 –моддаси прим иккинчи моддаси, иккинчи ва тўртинчи бўлими билан экстремистликда айбланиб 9 февраль куни қўлга олинган эди.

Маҳкама жараёнида адвокатларнинг Ўзбекистонга жўнатилган сўров билан Рашордхон Камоловга билдирилган айблов ўртасида қандай алоқадорлик борлиги ҳақидаги саволига терговчи Камолов ишидаги бир неча кўринишлар Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан алоҳида жиноят иши сифатида бўлиб олинганини айтди. Терговчига кўра, айнан алоҳида жиноят ишига бўлиб олинган ҳолатлар бўйича Ўзбекистонга сўров юборилган. Аммо судда Ўзбекистонга юборилган сўров мазмуни очиқланмади.

-Терговчи Ўзбекистонга нега сўров жўнатилганини асослаб бериши керак эди.Аммо бу иш қилинмади. Ҳозирча биз ҳам Ўзбекистондан нима сўралганини билмаймиз, - деди Камолов адвокатларидан бири Валериан Вахитов.

Судда адвокатлар Рашодхон Камолов қочиб кетмаслигини кафолатлаб, уни ҳисбдан озод қилинишини сўрашди.Рашодхон Камолов ҳам ўзининг соғлиги ёмонлашгани, қарамоғида қари онаси ва беш фарзанди борлиги, уч ойдан бери ҳибсда сақланаётганини айтиб, ўзини ҳибсдан бўшатилишини илтимос қилди. Лекин суд бу илтимосларни инобатга олмади.

Айни пайтда суд терговчи ва прокурорнинг ҳибс муддатини яна бир ойга узайтириш илтимосини ҳам тўла қаноатлантирмади ва Рашодхон Камоловни шу йилнинг 27 майига қадар, яъни яна 21 кун ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

XS
SM
MD
LG