Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Оналик учун қулай мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 118-ўринга тушди


Британиядаги "Save the children" ташкилоти 4 май куни эълон қилган ҳисоботда дунёда ҳар куни беш ёшгача бўлган 17 мингдан ортиқ бола, бартараф қилиш мумкин бўлган муаммолар боис, ҳаётдан кўз юммаётганидан ташвиш билдирди. 179 мамлакатдаги болалар ўлими ҳолати тадқиқ этилган бу ҳисоботда Ўзбекистон 118-ўринга тушди.

“Save The Children” ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг тўрт-бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтади.

Дунёга келганидан сўнгги 30 кун мобайнида рўй берадиган болалар ўлими ҳоллари эса Ўзбекистонда ҳар минг болага 15тани ташкил этади. Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда, айниқса қишлоқ жойларида аёллар саломатлиги заиф, камқонлик ҳамда экология бузилиши билан боғлиқ хасталиклар кўп.

Янги ҳисоботга кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиондан ошиқ бола туғилиши билан ўлади.

“Save The Children” тадқиқотчилари бола туғиш ва оналик учун дунёдаги энг яхши мамлакат сифатида Норвегияни танлади. Бу мамлакатда болалар ўлими деярли йўқ.

Финляндия, Исландия, Дания, Швеция, Нидерландия, Испания, Германия, Австралия ва Белгия ҳам оналар учун энг қулай мамлакатдир.

Сомали, Конго, Эфиопия, Покистон, Танзания каби мамлакатлар эса аксинча, она бўлиш учун энг ёмон мамлакатлардир.

Дунёдаги болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг учдан икки қисми шу мамалакатларга тўғри келмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон “Save The Children” рўйхатида 58-ўриндадир ва минтақадаги оналар учун энг қулай мамлакат сифатида эътироф этилган.

Рўйхатда Туркманистон – 99, Қирғизистон – 107, Тожикистон – 127-ўриндадир.

Ҳисобот муаллифларига кўра, МДҲ мамлакатлари орасида оналик учун энг қулай мамлакат Беларусдир. Бу давлатга рўйхатда 25-ўрин берилган.

Тожикистон эса собиқ совет ўлкалари орасида болалар ўлими энг кўп бўлган мамлакат сифатида тилга олинган. Бу мамлакатда ҳар минг боланинг тўққизтаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтади.

Туркманистонда бу рақам биттага кам. Қирғизистонда ҳар минг боладан 7таси, Қозоғистонда эса 4таси туғилиши билан ўлади.

XS
SM
MD
LG