Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:54

Фарғонада икки яшар қизча ўғирланиб ўлдириб кетилди


Қизчанинг қотилини топиш учун туман милицияси оёққа турди
Қизчанинг қотилини топиш учун туман милицияси оёққа турди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Каримдевона қишлоғида номаълум шахс икки яшар қизчани ўғирлаб кетди. Қизалоқ ўғирлангандан сўнг эртаси куни унинг жасади қўшни маҳалладаги ариқ ичидан топилди. Суд тиббий экспертизаси қизча бўғиб ўлдирилганидан сўнг ариққа ташлангани ҳақида хулоса берган.

Ўзбекистон туманининг Каримдевона қишлоғида истиқомат қилувчи ёлғиз онанинг (она ва қизининг исм-шарифи Озодликка маълум ва маълум сабабларга кўра уни очиқламайди - таҳририят) икки яшар қизчаси 30 апрель куни кечаси ўғирланиб ўлдириб кетилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган манбага кўра, номаълум шахс қизчани ухлаб ётган жойидан ўғирлаб кетган:

“Менинг эшитишимча қизчанинг бувисини уриб уни ўғирлаб кетишган. Эртаси куни уни қўшни қишлоқдан ўлик ҳолда топишган. Эшитишимча, унинг ички органларини кесиб олган эмиш”, деди Озодлик манбаси.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган ҳуқуқ-тартибот идораси мулозимларидан бири қизчанинг ички органлари кесиб олингани ҳақидаги миш-мишларни инкор қилди:

“Қизчанинг ўлиги эртаси куни қўшни маҳалладаги ариқнинг ичидан топилган. Суд тиббий экспертизаси қизча аввал бўғиб ўлдирилгандан сўнг ариққа ташланган деган хулоса берган. Ички органлари кесиб олинган деган гап ёлғон. Энди воқеанинг ўзига қайтсак. Демак, 30 апрель куни кечаси саот 10ларга яқин номаълум шахс қизча яшайдиган уйга кириб келади ва унинг бувисининг бошига ёғоч билан уради. Буви жон ҳолатда ҳовлига чиқиб “мени уряпти” деб бақир чақир қилган. Кейин қўшнилар келиб, уйга киришса ухлаб ётган невараси йўқ экан. Гувоҳларнинг айтишича қотил машинада қочган. Қоронғи бўлгани учун номерини эслаб қолишолмаган”, деди мулозим.

Каримдевона қишлоғида истиқомат қилувчи ўқитувчининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатида айтишича, қизчанинг онаси ўша тунда тадбиркор қўшнисининг уйида ишда бўлган:

“Қизчанинг онаси ёлғиз аёл. Жуда ҳам содда ва ювош аёл. Эри билан ажрашган. Унинг қўшниси тадбиркор, уйида цех очиб, елим халта чиқаради. Қизчанинг онаси ўша ерда ишда бўлган. Ҳамма бу воқеадан ҳайрон қолаяпти. Бировга ёмонлик қилмайдиган оила бўлса. Қизчада нима гуноҳ деб", дейди ўқитувчи.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда Ўзбекистон туманининг барча милиция ходимлари оёққа турган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳар бир автомобилни тўхтатиб текширяпти. Қизчанинг ўлдирилиши воқеасини Ўзбекистон тумани прокуратураси тергов қилмоқда.

Ўзбекистонда ўтган йил давомида ёш болаларнинг номаълум шахслар томонидан ўғирлар кетилаётгани ҳақида бир қанча миш-мишлар тарқалган эди. Лекин Озодлик суриштируви натижасида бу хабарларнинг бирортаси ҳам тасдиқланмаган эди.

XS
SM
MD
LG