Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:58

Эрон газетаси: ИШИД бошлиғи “Исроил шифохонасида” вафот этди


"Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодий жамоат намозига имомлик қилмоқда
"Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодий жамоат намозига имомлик қилмоқда

26 апрель куни Эрон инқилоб гвардиясига яқин алоқаси бўлган Fars News сайти Бағдодий ўлимидан аввал "Ироқ армияси ва оммавий кучлар" ҳужумида яраланиб, Исроил бошқарувидаги Ғўлон тепаликларида жойлашган шифохонага ётқизилганини иддао қилди.

Ўтган ҳафтада Британиянинг “Гардиан” нашри Бағдодий жиддий, ҳатто ҳаётига таҳдид солувчи жароҳат олгани ҳақида хабар тарқатиши ортидан "Исломий Давлат" гуруҳи бошлиғининг соғлиғи ва қаердалиги ҳақида миш-мишлар урчиди.

"Гардиан"га кўра, унинг манбалари, жумаладан Ироқ ҳукумати маслаҳатчиси Ҳишом ал-Ҳошимий, Бағдодий 18 март куни Ироқнинг Нинева вилоятида АҚШ етакчилигидаги ҳаво ҳужумида жароҳат олганини айтган. Бироқ, кейинроқ Пентагон ҳужумда Бағдодий жароҳатлангани ёки нишонга олинганини рад этди.

Fars News яна Ироқдаги "Исломий Давлат" "аллақачон янги етакчига – Абу Али Афри номи билан маълум бўлган Абдул Раҳмон ал-Шейжарга байъат қилганини" иддао қилди.

Newsweek нашри ўтган ҳафтада собиқ физика ўқитувчиси бўлмиш Афри Бағдодий жароҳатларини даволатаёгани учун унинг ўрнига жангари гуруҳга етакчилик қилаётгани ҳақида хабар берди.

Fars News Бағдодий шунчаки жароҳатлангани йўқ, балки "клиник ўлган" демоқда. Бундан ташқари, бу нашриёт ҳисоботи билан бошқа хабарлар ўтрасида яна икки йирик тафовут мавжуд.

Fars News "Гардиан" газетасида ёзилганидек, Бағдодий "18 март куни ғарбий Ироқда амалга оширилган ҳаво ҳужуми" натижасида жароҳат олган деса-да, ҳужумни АҚШ уюштирганини тан олмади. Унинг ўрнига Эрон газетаси ҳаво ҳужумини Ироқ армияси билан "оммавий кучлар", яъни Эрон дастаклаётган шиа жангарилари амалга оширганини даъво қилди.

Fars News шунингдек Бағдодий Сурия яқинидаги Исроил бошқарувидаги ҳудудда жойлашган шифохонада даволанаётганини иддао қилди. "Исломий Давлат" етакчиси ҳақида бунақа маълумот бошқа ҳеч бир хабарда учрамайди.

Fars News тарқатган бу маълумот айрим Эрон расмийлари иддаоларига ўхшайди. Баъзи Эрон расмийлари Исроилни ва унинг Моссад хавфсизлик хизматини "Исломой Давлат"ни келтириб чиқаришда аблайдилар. Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Амир Абдулаҳён Моссадни нафақат "Исломий Давлат"ни яратишда, балки унинг фаолиятини дастаклашда ҳам айблади.

27 апрель куни Бағдодийнинг ҳалок бўлгани ҳақида миш-мишлар урчир экан "Гардиан" мухбири Мартин Чулов бу иддаолор ҳақида ўз Twitter ҳисобида шарҳ қолдирди.

"Гардиан" газетасида 21 апрель куни чоп этилган мақола муаллифларидан бири бўлмиш Чулов Бағдодий ўлгани ҳақидаги миш-мишларни тасдиқлай олмаслиги ва, айрим манбаларга кўра, у ҳали ҳам тирик эканини ёзди. Чуловга кўра, умуртқаси жароҳатланган Бағдодий Ироқнинг Мосул шаҳрида даволанмоқда.

"Исломий Давлат"нинг "матбуот мужоҳидлари", яъни ижтимоий тармоқларда гуруҳни дастакловчи янгилик ва маълумотларни тарқатувчилар ҳам Бағдодий ҳалок бўлганини рад этдилар.

25 апрель куни рус тилида ёзувчи "Исломий Давлат" матбуот фаоли Мурод Атаев ўз Facebook саҳифасига обуна бўлганларни Бағдодийнинг ўлгани ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақирди.

"Биродарларим, Шайх Абу Бакр Бағдодийнинг ўлими ҳақидаги янгиликларга шошма-шошарлик билан ёндашмайлик. Бирорта ҳам расмий ИД манбаси бу янгиликни тасдиқлагани йўқ. Бунақа маълумотларни қаердан олаяпсизлар?!" - деб ёзди Атаев.

XS
SM
MD
LG