Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Қилвир шифокор, фарзандкуш ота ва “плагиатор” шоир


Озодбек Назарбековнинг янги қўшиғи "плагиат маҳсули" экани айтилмоқда.
Озодбек Назарбековнинг янги қўшиғи "плагиат маҳсули" экани айтилмоқда.

Қўқонлик ота асоссиз рашк туфайли қизини чавақлади. Наманганда бош шифокор қилвирликларда айбланди. Озодбек Назарбековнинг қўшиғи плагиаторлик можаросига сабаб бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Қўқонлик ота 19 яшар қизини ўлдирди”

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаб келган ота асоссиз ва беҳуда рашк туфайли 19 ёшли қизининг ҳаётига зомин бўлди (“Ҳуқуқ”, 30 апрель).

Номи ошкор этилмаган ота 2004 йилда хотинини хиёнатда айблаб, у билан ажрашган. Эр-хотин тўрт нафар фарзандни биргаликда тарбиялашга келишиб олган. Бу орада ота мастликда бир одамни пичоқлаб ўлдириб қамалган. У 2012 йили қамоқдан қайтганида икки ўғли Россияга ишлагани кетган, ўзи эса қоровул бўлиб ишлай бошлаган.

Ичкиликка муккасидан кетган отага 19 ёшли қизининг қадам олиши бежо туюлган ва шундай айблов билан уни маст ҳолатда пичоқлаб ўлдирган.

Қизнинг акаси эса судда сингли иболи бўлганини айтган. Қайд этилишича, қотил ота суд томонидан хавфли рецидивист деб топилган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Автотеххизматнинг “Кобалт” машинаси йўқлиги ҳақидаги важлари ноўрин деб топилди”

Жиззах вилояти адлия идораси “Жиззахавтотехизмат” жамиятининг шу ҳудуддаги фирмага “Кобалт” машинаси сотишни рад этиш борасидаги важларини ноўрин деб топди (“Инсон ва қонун”, 28 апрель).

Автотеххизмат ташкилоти Жиззах шаҳридаги “Омад класс сервис” фирмасига “Кобалт” русумли машина пул ўтказиш йўли билан сотилмаслиги, қолаверса, бундай автомобилларнинг фонди тугагани каби сабабларни рўкач қилиб, шартнома тузишдан бўйин товлаган.

Қайд этилишича, Жиззах адлия идорасининг аралашуви билан “Омад класс сервис” фирмаси “Жиззахавтотеххизмат” жамияти билан “Кобалт” хариди бўйича шартнома тузган.

“Наманганда бош шифокор қилвирликларда айбланди”

Наманган вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари катта миқдордаги маблағни ўмаргани фош этилди (“Диёнат”, 30 апрель).

Исми ошкор этилмаган бош шифокор қўл остидагилар билан тил бириктириб, иш ҳақи ва нафақалар ҳисоблашда қонун чегарасини бузган.

Бундан ташқари, шифохона тасарруфидаги маблағни ноқонуний йўллар билан ўзлаштирган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-модда 2-қисмида кўзда тутилган жиноятда айбланган бош шифокорни жазога тортишдан кўра тарбиялаш мақсуд мувофиқ деб топилган ва у амнистия актига кўра жавобгарликдан озод этилган.

“Озодбек Назарбековнинг суриялик гўдак ҳақидаги қўшиғи плагиаторлик можаросига сабаб бўлди”

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Сурияда ҳалок бўлган норасида бола тақдири таъсирида яратилган “Айтиб бераман” қўшиғи плагиаторлик можаросига сабаб бўлди (“Даракчи”, 30 апрель).

Гап шундаки, хонанданинг “Ардоғимдасиз” деб номланган жорий йилги концерти кульминацияси деб баҳоланган мазкур қўшиқ матни шоир Ботир Эргашевга тегишли деб кўрсатилган. Кейинроқ эса мазкур мазмундаги шеърни 2004 йил қишда бошқа бир муаллиф – Баҳриддин Асрор исмли шоир ёзгани ва Ботир Эргашев уни ўғирлагани ҳақидаги овозалар тарқалди.

Шоу бизнес нашрига интервью берган шоир Ботир Эргашев “Бу ерда ҳеч ким плагиат эмас. Бир мавзу ҳақида ўнлаб, юзлаб одам қалам тебратиши мумкин-ку!” деган.

“Суд-тиббий экспертиза мутахассиси пора учун 5,6 йилга қамалди”

Чирчиқ шаҳри суд-тиббий экспертиза бўлинмаси эксперти Р.Карабаев порахўрлик жиноятида айбланиб 5,6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор этилмаган шахс арзимаган жанжал туфайли қўшнисига енгил тан жароҳати етказади, кейинроқ икковлан ярашиб олишади.

Тан жароҳати борасида хулоса бериши керак бўлган Р.Карабаев эса айбдорга қўнғироқ қилиб, 1000 доллар пора бермаса, қамалиб кетишини айтиб қўрқитади. Маълум қилинишича, суд-тиббий экспертиза ходими кўрсатилган миқдорда порани олиб машинасига жойлаётганида қўлга олинган.

“Имтиёзсиз... имтиёзли дипломлар”

Ўрта махсус ва олий ўқув юртлари томонидан битирувчиларга берилаётган имтиёзли дипломлар асли имтиёзсиз бўлиб чиқмоқда (“Оила даврасида”, 30 апрель).

Журналист Жамшид Ниёзовнинг бу борадаги мурожаатига Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ф.Ризаев “Имтиёзли диплом бакалавриат битирувчисини маънавий рағбатлантиришга ҳамда иш берувчиларга бакалаврнинг ўқишда эришган ютуқларини қайд этишга хизмат қилади” деб жавоб берган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори ўринбосари Х.Зикриллаев эса лицей ва коллеж битирувчиларига бериладиган имтиёзли диплом учун ҳеч қандай имтиёз белгиланмаганини маълум қилган.

“Қашқадарёда темурийларга даврига оид буюмлар топилди”

Шаҳрисабздаги Тагичинор ва Гулистон маҳаллалари ҳудудидан темурийлар даврига мансуб сангтарошлик намуналари ҳамда қурилиш ашёлари топилди (“Халқ сўзи”, 28 апрель).

Топилмалар орасида Амир Темурнинг фарзанди Умаршайх Мирзонинг ўғли Саййид Аҳмад Мирзога тегишли қабртоши ҳам бор.

1996 йили Шаҳрисабздаги археологик қазишмаларда темурийлар даврига оид пишган ғиштлардан терилган йўлак ва кулолчилик буюмлари топилган эди.

XS
SM
MD
LG