Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ўзбекистонда жинси шимда ўқишга келган қизлар дарсга қўйилмаяпти


Ўзбекистоннинг кўпгина олийгоҳларида талаба қизларнинг жинси шим ва ғарбона либосларда ўқишга келишлари бутунлай тақиқланмоқда. Тақиқни бузганлар дарсга қўйилмаяпти.

Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университетининг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири Озодлик билан суҳбатда талаба қизларнинг ғарбона либослар, жинси шим ҳамда ажнабий ёзувлар ёзилган кўйлаклар кийиб келиши тақиқлангани, тартибни бузганлар аудиторияга киритилмаётганини айтади.

– Фақат кўйлак, юбкага рухсат бор. Жинси шим у ёқда турсин, бошқача шимда келганларни ҳам дарсга киритмаяпти. Биринчи марта қоидани бузганлардан 5 минг сўм штраф олаяпти, яна бузса дарсга киритмаяпти, - дейди Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университети талабаси.

Озодлик мухбири бундай тақиқ нима сабабдан жорий этилганини сўраб, Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университетининг ректоратига мурожаат этди. Ректорат масъулларидан бири бундай тартиб анчадан бери борлигини айтди.

- Ўғил болалар оқ кўлак қора шим ва галстукда, қизлар эса оқ кўлак ва қора юбкада келишлари шарт. Бизга тепадан шундай буйруқ келган. Қизларимиз жуда тор шимларни, йиртиғи бор шимларни, ажнабий ёзувлар ёзилган футболкаларни кийиб келишга одатланишганди. Бу мумкин эмас, аслида. Университетни қатъий талаби бор ва талабалар шу талабга амал қилишлари шарт, - деди Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университети ректоратининг Озодлик боғланган масъули.

Ўзбекистон олийгоҳларида талабаларнинг кийинишига оид низом аслида бир неча йил олдин қабул қилинган. Лекин ўзбекистонлик талаба қизларнинг кўпчилиги бу талабни ўзларига маъқул кўришмаган ва ўқишга шимда келаверишган.

- Жинсида юриш, шимда юриш бизга удобний-да. Олдин ҳам шим кийманглар деб айтишган, лекин кўпчилик барибир кийиб келаверар эди. Ўқитувчилар индамас эди. Ҳозир булар шу шимни бутунлай тақиқлаяпти, калта юбка мумкин экан. Евро группадагиларни ҳаммаси калта юбкада оёғини кўрсатиб юрибди. Қайтанга шимда оёқ кўринмайдику.Бемаъни тақиқ, - дейди тошкентлик талабалардан бири.

Ўзбекистон университетларида талабаларга қўйилган талаблар фақат шулар эмас.

Тепадан берилган буйруққа кўра, ўғил болалар соқол қўйиши, қизлари юзларига замонавий макияж қилиши ҳам тақиқланди.

Ўзбекистон олийгоҳларидаги бундай ўзгаришлар боис талабалар ўз гардеробларини тубдан ўзгартиришларига тўғри келаяпти.

Бу эса кам таъминланган талабалар учун қимматга тушиши тайин. Лекин тошкентлик кўпгина ота-оналар университетларда жорий этилган тартибни маъқуллашмоқда.

-Жуда тўғри қилаяпти. Қизларимиз одоб доирасида кийинишлари керак. Сўнгги пайтларда қизларимизни кийиниши алмойи-жалмойи бўлиб кетувди. Тартибга солиб тўғри қилишаяпти, - дейди тошкентлик Неъматжон ака.

Ўзбекистонда 2012 йилдан ўрта ва олий ўқув юртларида талабалар ҳатти-ҳаракати ва кийинишига оид ягона низом кучга кирган.

Ана шу низомга мувофиқ талабаларнинг ўқишга рўмол ўраб боришлари мумкин эмас. Инсон ҳуқуқлари фаоллари рўмол ўраган бир неча муслима талаба ўқишдан ҳайдалган ҳоллари ҳам бўлганини айтишган.

XS
SM
MD
LG