Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

ИИВ таниқли адвокатнинг хорижга чиқишига изн бермади


Ўзбекистон "чиқиш визаси" тартибини сақлаб қолган саноқли мамлакатларидан биридир.
Ўзбекистон "чиқиш визаси" тартибини сақлаб қолган саноқли мамлакатларидан биридир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш ва чиқиш ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси таниқли адковат Полина Браунергнинг хорижга чиқишига рухсат бермади. Бу ҳақда қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси хабар тарқатди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш ва чиқиш ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси яна бир фаолнинг мамлакатдан ташқарига чиқишига рухсат бермагани тўғрисида хабар қилган Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаеванинг Озодликка маълум қилишича, биринчи гуруҳ ногирони бўлган таниқли адвокат "икки-уч ой давомида хорижда даволаниши керак эди".

67 ёшли Полина Браунерг Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, сиёсий ва диний маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлган Полина Браунергнинг икки оёғи 1999 йилда ампутация қилинган.

У Озодлик билан суҳбатда "ўзбекистонлик шифокорларнинг малакасизлиги туфайли" соғлиги ёмонлашгани ва "сифатли муолажа" олиш учун чет элга бориши зарурлигини айтади.

Ўзбекистон ИИВ Тошкент вилояти бошқармаси Полина Браунерга йўллаган мактубда хорижга чиқиш визаси нима учун берилмаганини изоҳламаслигини билдирган:

"Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.1995 йилги 8-қарори 3-пунктига асосан маълум қиламизки, Сизнинг хорижга чиқишингиз чекланган, бунинг сабаблари кенг изоҳланмайди", дейлади расмий мактубда.

"Давлат сири"

Полина Браунерг Озодлик билан суҳбатда хорижга чиқармаслигига гўёки унинг "давлат сирларидан воқиф" бўлгани важ қилиб кўрсатилганини айтади.

- Мен ҳеч қандай давлат сиридан хабардор эмасман. Аслида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунбузарликлар, инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига оид маълумотлар хорижда тарқалиб кетишидан қўрқишади,- дейди Полина Браунерг.

Таниқли адвокат Ўзбекистонда норасмий Маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасига раҳбарлик қилади.

У бугунга қадар одам савдосида айбланган ҳуқуқ фаоллари Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзов, мустақил журналист Сид Янишевнинг манфаатларини маҳкамаларда ҳимоя қилган.

Мухолифат фаолларига кўра, Полина Браунерг, шунингдек, 21 йилдан буён қамоқда бўлган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев ишига алоқадор ҳужжатларни ҳам тўплашда иштирок этган.

Чиқиш визаси

Ўзбекистон чиқиш виза тизимини сақлаб қолаётган дунёнинг саноқли мамлакатларидан биридир.

- Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилган ёки ҳукумат сиёсатини ёқламаган ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар ва яна кўплаб оддий фуқароларга четга чиқиш визасини бермаслик ҳолатлари ортиб бормоқда,- дейди Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева.

Унга кўра, чиқиш визаси мамлакат фуқаролари ҳаракатини “имкони борича изчилроқ назорат қилиш”га қаратилган.

Таҳлилчиларнинг ишонишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари хорижга бориб, эркин жамиятларни кўрган фуқароларни жорий тузум учун хавф сифатида кўриши ҳам мумкин.

- Икки йилда бир янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси фуқароларни амалда ҳуқуқ-тартибот идораларига қарам қилиб қўяди,- дейди Надежда Атаева.

Расмий Тошкент мазкур тартибдан воз кечиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият талабларини ҳозирга қадар эътиборсиз қолдириб келади.

XS
SM
MD
LG