Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

Пахта-2014: “Ҳукуматнинг бойлиги¸ халқнинг мусибати”


2014 йилги мавсумда мажбуран пахтага чиқарилган катталар сони кескин даражада ошиб кетди.
2014 йилги мавсумда мажбуран пахтага чиқарилган катталар сони кескин даражада ошиб кетди.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми 2014 йилги пахта терими мавсумида инсон ҳуқуқларининг бузилишига бағишланган янги ҳисоботини шундай номлади. Ҳисобот хулосасига кўра¸ халқаро босимларга қарамай¸ 2014 йилги пахта мавсумида яна камида бир миллион ўзбекистонлик ҳукумат босими ва таҳдид остида пахта теришга мажбурланган; пахтадан келган даромад эса ҳокимият тепасида ўтирган бир ҳовуч одамни бойитган¸ холос.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми 13 апрель куни жамоатчиликка тақдим этган янги ҳисоботнинг асосий хулосасига кўра¸ 2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати тамагирлик ва пахта терими учун мажбурий меҳнатга оммавий жалб этиш кўламини янада кенгайтирган.

Мазкур ҳисобот хулосалари юзасидан Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниëзова¸ 2014 йилги пахта терими мавсумида кузатилган айрим ўзгаришларни тилга олди:

- 2014 йилги мавсумда узоқ кутилган ўзгариш содир бўлди ва 18 ëшга тўлмаган болалар оммавий тарзда пахтага чиқарилмади. Бу¸ албатта¸ позитив ўзгариш ва эрта тонгдан оқшомга қадар бола-чақа боқаман деб юрган ватандошларимиз бу ўзгаришни пайқади¸ деб умид қиламан. Бу ўзгариш ҳуқуқ ҳимоячилари болалар меҳнати муаммосини йиллар давомида кўтаргани боис содир бўлди¸- дейди ҳисобот мувофиқлаштирувчиси Умида Ниëзова.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми мажбуран далага чиққанлар билан суҳбатлар асосида тайёрлаган видео.

Ўзбекистонда ҳукумат босими остида йиллар давомида икки миллиондан ошиқ 18 га тўлмаган болаларнинг мажбуран пахтага чиқариб келингани Ғарб сиëсий ва молия тизимлари томонидан жиддий танқидларга учрагани ортидан¸ Тошкент ҳукумати 2013-2014 йилги мавсумда болаларнинг пахтага чиқарилишини тақиқловчи қарорлар қабул қилди.

Cotton Campaign каби турли ҳуқуқ гуруҳларини бирлаштирувчи жиддий лойиҳа таъсири остида бир триллион долларлик Ғарб бизнес тизимлари болалар меҳнати эвазига терилаëтган ўзбек пахтасини бойкот қилгани ҳам расмий Тошкентни ўз сиëсатига таҳрир киритишга ундади.

Аммо Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳисоботида қайд этилишича¸ болалар меҳнатидан қисман воз кечишга мажбур қолган ҳукумат¸ уларнинг бўш қолган текин иш кучи ўрнини катталар эвазига тўлдиришга ўтган:

- Ҳукумат ўзбек болаларини пахтадан озод қилиб¸ уларнинг ота-оналарини пахтага кўпроқ жалб қилишга ўтди. Оддий айтганда¸ болалар ўрнини катталар билан тўлдирди. Масалан¸ икки-уч йил олдин ҳар бир корхонадан 15-17 фоиз хизматчи пахтага чиқарилган бўлса¸ ўтган йили бу рақам 50-60 фоизга чиқди. Масалан¸ мактабларни олайлик. Пахта мавсуми давомида болалар номига ўқишди¸ чунки ўқитувчиларнинг кўпи пахтага ҳайдалди. Болаларни мактабда қолдириш билан иш битмайди¸ уларга таълим берадиган ўқитувчи ҳам синф хонасида бўлиши керак¸- дейди янги ҳисобот муаллифи Умида Ниëзова.

Ҳисобот хулосаларидан яна бирига кўра¸ 2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати тамагирлик ва пахта терими учун мажбурий меҳнатга оммавий жалб этиш кўламини кенгайтирган:

- Ҳукумат амалдорлари фермерларни пахта йиғим-терими бўйича давлат белгилаган нормани бажаришга мажбур қилди. Бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб кишиларни паха теришга ёки ҳосилни йиғишдан пора бериб озод бўлишга мажбурлади. 2014 йилда бу тизим янада кенгайди¸- дейди Умида Ниëзова.

Ҳисобот ниҳоясида Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми Ўзбекистон¸ қолаверса Ғарб ҳукуматлари ва халқаро тузилмаларга ўзбек пахта саноатидаги вазиятни тубдан ўзгартириш бўйича айрим тавсияларни ҳам тақдим этади.

Бу тавсияларнинг бажарилиши учун жуда катта дастур ва лойиҳалар эмас¸ балки Тошкентнинг сиëсий иродаси керак¸ холос¸ дейди Умида Ниëзова:

- Тошкент ҳукумати умуман қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачиликни ислоҳ қилиш зарур¸ деган тўхтамга келиши керак. Агар шундай хулосага келинса¸ бундай ислоҳотлар учун зарур маблағни топош қийин бўлмайди. Ишончим комилки¸ Ғарб молия тизимлари бундай ислоҳотларни қўллаш учун маблағ ажратишга тайëр¸- дейди Умида Ниëзова Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG