Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Ўшлик "жиҳодчи" президент ва халқдан кечирим сўради


Бир ярим йил аввал Сурияга бориб президент Башар Ассад режимига қарши жангларда иштирок этгани учун Ўшда март ойи охирларида қўлга олинган уч ўшликдан бири президент Атамбаев ва Қирғизистон халқидан кечирим сўради.

Бундан бир ярим йил аввал Сурияга кетган ва махсус тайёргарликдан ўтиб ватанига қайтган уч ўшлик йигит шу йилнинг 26 март куни махсус хизматлар томонидан қўлга олинган эди.

Асли ўзбек, бироқ журналистлар билан қирғиз тилида гаплашган ҳамда ҳозирча ким ва Ўшнинг қаеридан экани очиқланмаётган 3 йигитнинг бири журналистлар билан учраштирилган. У Суриядан келиб, бир ярим йил тинч яшаганини, хеч ким билан жанг қилиш нияти йўқлигини айтиб, қирғизистонликлардан кечирим сўради:

- Мен учун жиҳод ўз нафсим билан кураш бўлиб қолди. Бир кофирни ўлдиргандан кўра, унга яхши гапириб динга чақирганим яхши экан. Мен биринчи Оллоҳга тавба қилдим. Иккинчидан, президентимиз Алмазбек Атамбаевдан, судялардан ва бутун Қирғизистон халқидан кечирим сўрайман. Худо хоҳлаб чиқиб кетсам, умуминсониятга зиёним тегмайди, - дейди қўлга олинганлардан бири.

Қўлга олинган мазкур йигит 26 ёшда. У2006 йилдан бошлаб намоз ўқишни бошлаган. Маҳбуснинг айтишича, 2011 йили қишлоқ масжидига имом бўлиб келган 20 ёшдагиСирожиддин исимли шахс ташвиқотига учиб, уч таниши билан Сурияга кетган. У терговда Сурияда 19 кун бўлганини ва у қурол билан жиҳод қилиш фикридан қайтганини билдирган.

- Сурияга боргандан кейин 11 кундан сўнг машқ қила бошладик. Югурдик, автомат отдик. Кейин Башар Асад ҳарбийлари турган ердан 3 километр узоқ бўлган ерга бизни олиб боришди. Биз блок-постда турганда, соат иккиларда вертолёт билан бомбалаб, танкларда ота бошлашди. Қўрқиб кетдим ва йиғлаб ортга қочдим. "Қайтиб кетаман", деб йиғладим. Улар "Сен Қирғизистонга борсанг сени СНБ қўлга олади”, дейишди. Мен майли бу ерда ўлгандан кўра қайтаман, деб қайтдим, - дейди суҳбатдошимиз.

Сурияга борганим учун кечиринглар...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:03 0:00
Бевосита линк

Суриядаги жангларда иштирок этиб, махсус тайёргарликдан ўтиб келган уч фуқарони махсус хизматлар бир ярим йилдан сўнг қўлга олди. Қўлга олинганлардан бири қўлга олингунига қадар қарзини тўлаш учун ғишт қуйиб, ҳайдовчилик қилиб юрганини айтмоқда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулайманов уларга нисбатан ёлланмачилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

- Халқаро терор ташкилотнинг уч аъзоси қўлга олинди. Улар Ўш вилояти яшовчилари. Бунгача Суриядаги жангларда иштирок этиб келишган. Ҳозирда уларга ёлланмачилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ҳибсда сақланмоқда. Тергов кетмоқда. Уларнинг кейинги тақдирини суд ҳал қилади, - дейди Рахат Сулайманов.

Бунгача Суриядаги жангларда иштирок этганликда гумонланиб Ўшда қўлга олинганларнинг аксарияти жиҳод қилиш фикридан қайтганини айтишган. Мутахассислар Сурияга борганларни кечириш ёки кечирмаслик масаласида ҳар бирига алоҳида муносабатда бўлиш кераклигини айтишади.

Конфликтолог Расул Авазбек ўғли президент Атамбаев ва халқдан кечирим сўраш маънавий кучгагина эгалигини айтади.

- Бу ҳуқуқий масала. Бизнинг Жиноий кодексда ёлланмачилик деган модда бор. Агарда уларнинг жангда иштирок этгани исботланса, Қирғизистон Республикаси қонунлари бўйича жавоб бериши керак. Уларнинг кечириш ёки кечирмаслик масаласини эса президент ҳал қилмайди. Президентнинг суд ишларига аралашиш ҳуқуқи йўқ. Шунинг учун уларнинг кечирим сўраши фақат маънавий масала, - дейди Расул Авазбек ўғли.

Расмий маълумотларга кўра, Сурияда 300га яқин қирғизистонлик бор. Сурияга бориб келганларнинг элликка яқини қўлга олинган. Улардан 8 нафари 5 йилдан 8 йилгача озодликдан махрум қилинган. Яна уч киши Ўш шаҳар суди томонидан шартли равишда 3 йилга ҳукум қилинган.

Бундан аввал Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Ўмурбек Текебаев Сурияда 500га яқин қирғизистонлик бор эканини айтганди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси полковниги Талант Раззаков март ойи ўрталарида Озодлик радиосига берган суҳбатида Қирғизистондан Сурияга “жиҳодга” кетганларнинг ва кетаётганларнинг 80 фоизи ўзбеклар экани аниқланганини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG